Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Гўшт нархи рекорд даражада ошди. Сабаб нима?
Глобал миқёсда мол гўштининг бир килограмми учун ўртача нарх 6,9 долларгача қимматлашди. Бу мутлақ рекорд кўрсаткичдир. Ўзбекистонда ҳам гўшт нархининг ошиши йиллик инфляциядан 3 баробар юқори бўлиб қоляпти. Хўш, бунга нималар сабаб бўляпти?
2025 йилнинг сентябр ойида дунё бўйлаб мол гўштининг бир килограмми учун ўртача нарх 6,9 долларгача қимматлашди. Бу 1960 йилдан кейинги даврда қайд этилган рекорд кўрсаткич, дея хабар берди Жаҳон банки.
Гўшт нархи кетма-кет 4 ойдан бери ошиб боряпти. Йиллик ҳисобда нарх ўсиши 10 фоизга яқинлашди. Бунга асосий сабаб сифатида ишлаб чиқариш ҳажмининг қисқариши келтириляпти. Чунки қорамолни етиштириш узоқ вақт талаб этади: битта буқа сўйиладиган оғирликка етиши учун тахминан икки йил керак.
TRT нашрининг ёзишича, қорамол гўшти нафақат чўчқа ва парранда гўштидан секин тайёр бўлади, балки уни боқиш ҳам анча қимматга тушади. Айниқса ем-хашакка кўп маблағ кетади. Масалан, бир килограмм мол гўшти ишлаб чиқариш учун 15 минг литр сув сарфланади.
Фермерлар учун яна бир муаммо — иқлим ўзгариши. Қурғоқчилик сабаб яйловлар ва озуқа ҳосили қисқариб боряпти. Натижада ҳайвонларни эрта сўйиш бошланган.
Мол гўшти нархини ошираётган яна бир омил — Трампнинг бож уруши. АҚШнинг бошқа давлатлар билан савдо зиддиятлари ноаниқликни кучайтириб, савдо занжирларини бузяпти. Бундан ташқари, ёқилғи нархининг ошиши фонида логистика ва қайта ишлаш харажатлари ҳам қимматлашган.
Шунингдек, Европанинг айрим мамлакатларида касаллик сабаб қорамолларнинг қирилиб кетиши ҳам таъминот қисқаришига олиб келган.
Шу билан бирга, гўшт истеъмоли ҳам ортиб боряпти. Коронавирус пандемияси ва чекловлардан сўнг аҳоли яна фаол тарзда гўшт ейишни бошлаган.
АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, дунёда истеъмол қилинадиган гўшт турлари ичида мол гўштининг улуши 24 фоизни ташкил этади. Бу борада чўчқа гўштининг улуши 36 фоиз, парранда гўштининг улуши 33 фоиз, қўй гўштининг улуши эса атиги 5 фоиз. Дунёдаги энг йирик гўшт етказиб берувчи мамлакатлар – АҚШ, Бразилия ва Хитой ҳисобланади.
Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, таклиф қисқариб, талаб ошиб бораётгани сабабли нархлар доимий тарзда қимматлашиб боради. Натижада 10-15 йилдан кейин мол гўшти фақат бадавлат одамлар сотиб олишга қурби етадиган ҳашаматли таомга айланиши мумкин.
Яқин келажакда истеъмолчилар лабораторияда етиштирилган сунъий гўштга ўтиши эҳтимоли ҳам бор. Голландия, АҚШ ва Исроил компаниялари аллақачон ҳайвон сўймасдан мол гўшти ишлаб чиқариш билан шуғулланяпти.
Ўзбекистонда гўшт нархининг қимматлашиши
Статистика қўмитасининг расмий рақамларига қарайдиган бўлсак, сентябр ойи якунларига кўра Ўзбекистонда суяксиз мол гўштининг йиллик нисбатда қимматлашиши 25,2 фоиз, суякли мол гўшти нархининг ошиши эса 23,2 фоиз бўлган. Охирги йилларда гўшт нархининг қимматлашишига бир нечта омиллар мажмуаси таъсир қилаётган бўлиши мумкин.
Биринчидан, чорва молларини озиқлантириш учун ажратилган ер майдонлари қорамоллар сонига мутаносиб эмас. Олдин мавжуд бўлган яйловлар ўрни экинзорга айланиши билан номутаносиблик кенгайиб боряпти. Яъни фермер чорвачиликни кенгайтиришни истаса ҳам, бунинг учун унда етарли ер майдони мавжуд эмас.
Яйлов чорвачилигида гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қилинадиган харажатлар қорамолчиликдагига нисбатан анча кам бўлиб, маҳсулот ишлаб чиқариш таннархнинг пастлиги туфайли гўшт нархини мувозанатловчи асосий омил ҳисобланади. Иқлим ўзгариши ва сув танқислиги сабабли яйловларнинг қисқариши табиий равишда кучайиб боряпти. Шунингдек, бута ва ярим бута ўсимликларини ўтин ва бошқа хўжалик эҳтиёжлари учун чопиб олиш ҳам яйловлар инқирози ва чўлланиш жараёнини тезлаштирган.
Ўз навбатида, яйловларнинг қисқариши мавжуд захиралардан кўпроқ фойдаланишни тақозо этади. Бунинг оқибатида ўсимликларнинг нормал ўсиб ривожланиши ва уруғ ҳосил қилиши, тупроққа уруғларнинг тўкилиши каби муҳим табиий жараёнлар секинлашади.
Яъни ҳозирги нархлар ошишини барқарорлаштириш, бозордаги таклифни ошириш учун биринчи навбатда мазкур кўп йиллик тизимли муаммони ҳал қилиш керак бўлади. Чўл яйловларининг ҳажми ва ҳосилдорлигини оширмай туриб, уларда боқилаётган чорва ҳайвонлари бош сонини кўпайтиришнинг иложи йўқ. Масалан, айрим мамлакатларда яйловлар ҳолатини яхшилаш учун ҳар йили бир йиллик ўсимлик уруғларини сепиш йўлга қўйилган.
Иккинчидан, гўштнинг катта қисми одамлар томонидан хонадонларда етиштирилади. Бунда қўшимча даромад олиш мақсадида ёш қорамол чорвадордан сотиб олинади ва семиртириб сотилади. Шрот ва кунжара каби маҳсулотлар нархининг тез ўзгарувчанлиги, ем-хашак учун ер майдонларининг етарли эмаслиги, маккажўхори каби экинларни экишга қўйилган норасмий чекловлар чорва учун озиқ-овқат нархларини қимматлаштиряпти.
Нархларнинг кўтарилиши фонида импорт ҳажми ҳам ошиб боряпти. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг сентябр ойида 62 млн долларлик 14,1 минг тонна мол гўшти импорт қилинган. Бу ойлик нисбатда олинганда мутлақ рекорд кўрсаткичдир. 1 кг импорт гўштнинг ўртача баҳоси 4,38 долларни ташкил этган. Таққослаш учун, ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 3,73 долларга тенг бўлган.
Достон Аҳроров тайёрлади.
Мавзуга оид
20:58 / 13.12.2025
Жаҳон банки Ўзбекистонда талабаларни молиявий қўллаб-қувватлашга 250 млн доллар ажратади
15:36 / 11.12.2025
Автомобил ювиш хизматлари нархи бир йилда қарийб 10 фоизга ўсди
15:05 / 19.10.2025
Гўшт — ўзбекнинг ҳаёт тарзини белгилайдиган маҳсулот
10:01 / 17.10.2025