Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғазода бошланган вақтинчалик тинчлик режими, Европа билан келишиб олган Трамп ва Малайзиядаги музокаралар – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Ғазонинг айрим ҳудудларида ҳарбий ҳаракатлар ҳар куни 10 соатга тўхтатилади
Исроилга халқаро босим ва танқидлар кучайиб бораётгани фонида расмий Тел-Авив Ғазонинг айрим ҳудудларида ҳарбий ҳаракатларни ҳар куни соат 10:00 дан 20:00 гача тўхтатишини ва янги гуманитар йўлаклар очилишини эълон қилди.
Reuters нашрининг ёзишича, бу вақтинчалик тинчлик режими Ал-Маваси (Ғазо соҳилларидаги инсонпарварлик ҳудуди), Деир ал-Балаҳнинг марказий қисми ҳамда Ғазонинг шимолий қисми ҳудудини қамраб олади.
Шунингдек, ҳарбийлар якшанбадан бошлаб ҳар куни соат 06:00 дан 23:00 гача озиқ-овқат ва дори-дармон ташувчи карвонлар учун хавфсиз йўналишлар очилишини маълум қилди.
БМТнинг озиқ-овқат ёрдами агентлиги (WФП) якшанба куни берган баёнотида, Исроилнинг жанговар ҳаракатлардаги паузаларидан самарали фойдаланиш учун юк машиналарининг Ғазога киришига тезкор рухсатлар кераклигини билдирди. БМТ гуманитар масалалар бўйича координатори Том Флетчернинг айтишича, якшанба куни Исроил ёрдам ҳажмини бир ҳафта давомида оширишга рози бўлганидан сўнг айрим ҳаракат чекловлари юмшатилган кўринади. Дастлабки хабарларга кўра, 100 дан ортиқ юк машиналари чегаралардан ёрдам ортиб Ғазога йўл олган.
«Бу — бир қадам олдинга, аммо очарчилик ва соғлиқни сақлаш инқирозининг олдини олиш учун жуда катта миқдорда ёрдам керак», — деди Флетчер.
Шундан сўнг, яқин ойларда илк маротаба Иордания ва БАА Ғазога 25 тонналик ёрдамни парашют орқали етказди. Бироқ бу ҳаво ташувларини ер орқали етказиб беришга муқобил деб бўлмайди. Ғазо шаҳридаги фаластинлик соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, ёрдам қутиларининг тушиши натижасида камида 10 киши жароҳат олган.
Исроил армиясининг маълумот беришича, БАА томонидан қўшни Мисрда қурилган туздан тозаланган сув иншоотидан соҳил бўйлаб 600 мингга яқин ғазоликларни таъминлайдиган қувурни тортиш бўйича лойиҳа яқин кунларда бошланади.
Ҳамас назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги ҳафталарда ўнлаб фаластинликлар очликдан ҳалок бўлган. Фақат сўнгги 24 соат ичида очлик ва етарли овқат йўқлиги сабабли яна 6 киши вафот этган.
Ёрдам ташкилотлари ўтган ҳафта Ғазодаги 2,2 миллион аҳоли орасида оммавий очлик мавжудлигини эълон қилган эди. Халқаро ҳамжамиятда гуманитар вазият борасида хавотир кучаймоқда. Ўтган ҳафта Британия, Франция ва Канада жумладан 25 та давлат Исроилнинг ёрдамни рад этишини «қабул қилиб бўлмас ҳолат» деб баҳолади.
Нашрнинг ёзишича, кўплаб ғазоликлар якшанба кунги эълонга нисбатан бир оз енгиллик ҳис қилган, аммо асосий талаб — урушнинг якунланиши. «Кўп миқдорда озиқ-овқат ёрдами Ғазога кираётгани одамларни хурсанд қилмоқда. Умид қиламизки, бу кун бу урушни тўхтатиш йўлида биринчи қадам», деган Reuters суҳбатдошларидан бири.
АҚШ ва Евроиттифоқ савдо келишуви имзолади
АҚШ президенти Доналд Трамп якшанба куни Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан Шотландияда ўтказилган учрашувдан сўнг АҚШ ва Евроиттифоқ ўртасида савдо келишуви тузилганини эълон қилди. Бу билан бир неча ойлик ноаниқликларга якун ясалди.
«Ўйин ўйнаш ўрнига келишувга эришганимиз жуда яхши бўлди», деди Трамп фон дер Ляйен билан бирга журналистларга мурожаат қилиб.
Трамп бу келишув ҳар икки томон учун ҳам «зўр бўлишини» айтди. Келишувга кўра, АҚШ Евроиттифоқ маҳсулотларига 15 фоизлик бож ставкасини белгилайди. Аввалроқ Вашингтон бу ставкани 30 фоизгача ошириш билан таҳдид қилган эди.
У бу битимни «ҳозиргача тузилган энг йирик келишув» деб атади ва АҚШ ҳозирда «яна уч-тўрт мамлакат билан» шунга ўхшаш битимларни кўриб чиқаётганини маълум қилди.
Битим доирасида Евроиттифоқ АҚШга 600 миллиард доллар инвестиция киритади, шунингдек, АҚШнинг 750 миллиард долларлик энергетика ва ҳарбий техникасини харид қилади.
Ўз навбатида, Еврокомиссия президенти ҳам ушбу битимни олқишлаб, уни «улкан келишув» деб атади.
«Бизда келишув бор: дунёдаги икки энг йирик иқтисодиёт ўртасида савдо битими тузилди — бу жуда муҳим воқеа. Бу оғир музокаралардан сўнг эришилган натижадир», деди Урсула фон дер Ляйен.
Путин ташрифига дронлар ҳужуми
27 июль — якшанба куни Украина дронлари Санкт-Петербургга ҳужум қилди. Ҳужум Путиннинг ушбу шаҳар бўйича ташрифига тўғри келди ва бу сабабли аэропорт беш соатга ёпилди. Одатда Ҳарбий-денгиз кучлари куни муносабати билан ҳар йили Санкт-Петербургдаги Нева дарёсида ҳарбий кемалар қатнашадиган йирик парад бўлиб ўтган ва унга Путин шахсан ташриф буюради.
Якшанба куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков бу йилги парад хавфсизлик сабаблари туфайли ҳақиқатан ҳам бекор қилинганини тасдиқлади. Путин якшанба куни шаҳар ҳарбий-денгиз бош қароргоҳига патруль катерида етиб келди. Фақат Путин бу сафар парад эмас, балки Тинч ва Арктика океанлари, шунингдек, Болтиқ ва Каспий денгизларидаги ҳарбий машғулотларни кузатди.
«Бугун биз ушбу байрамни иш тартибида ўтказяпмиз — флотнинг жанговар тайёргарлигини текширмоқдамиз», — деди Путин видеомурожаатида.
Россия Мудофаа вазирлиги хабар беришича, якшанба куни ҳаво мудофаа кучлари жами 291 дона Украина қанотли дронини уриб туширган. Пулково аэропорти ҳужум чоғида вақтинча ёпилди — 57 та рейс кечиктирилди, 22 таси бошқа аэропортларга йўналтирилди. Песков ўзи ҳам Москвадан Санкт-Петербургга бўлган рейси дрон ҳужуми туфайли икки соатга кечиктирилганини билдирган.
Таиланд ва Камбоджа музокаралар столига ўтирмоқда
Таиланд ва Камбоджа етакчилари бугун, 28 июль куни Малайзияда ҳалокатли чегара можаросини тўхтатиш бўйича сулҳ музокараларини ўтказиш учун йиғилади. АҚШ расмийлари эса бу тинчлик жараёнида иштирок этишини маълум қилди.
Таиланд ҳукумати музокараларда иштирок этишини тасдиқлади — улар АСEАН минтақавий ташкилоти раиси сифатида Малайзия томонидан ташкиллаштирилган. Камбоджа Бош вазири Хун Манет эса музокаралар АҚШ ҳамкорлигида ва Хитой иштирокида ташкил этилганини билдирди.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио «бу можаронинг имкон қадар тезроқ тугашини истаймиз», деганди. Унинг айтишича, давлат департаменти вакиллари айни дамда Малайзияда ва тинчлик музокараларида ёрдам кўрсатмоқда.
Май охирида камбоджалик бир аскар чегара тўқнашуви чоғида ўлдирилгач, Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги зиддият кескинлашган эди. Можаро кучайгани сайин ҳар икки томон чегара ҳудудларига қўшимча қўшинлар юборди. Бу эса Таиланддаги заиф коалицион ҳукуматни инқироз ёқасига олиб келди.
Сўнгги пайшанба куни бошланган ҳарбий ҳаракатлар кейинги ўн йилликдаги энг ёмон даражадаги тўқнашувларга айланиб борди. Қурбонлар сони 30 кишидан ошди, шулардан 20 нафардан ортиғи тинч аҳоли экани айтилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 200 000 дан ортиқ одам чегара ҳудудларидан эвакуация қилинган.
Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим чегара можароси жиддий тўқнашувга айланганидан сўнг, дарҳол сулҳ музокараларини таклиф қилган эди. АҚШ ва Хитой ҳам музокараларга кўмак беришни таклиф қилган.
Таиланд бошиданоқ сулҳ чақирувларини «тамойил жиҳатидан» қўллаб-қувватлашини билдирган, бироқ музокараларни икки томонлама тарзда олиб боришни истаган эди. Камбоджа эса халқаро воситачиликни талаб қилиб чиққан.
"Handala" ҳам қўлга олинди
Исроил кучлари Ғазо секторига қамални ёриб ўтишга уринаётган «Handala» ёрдам кемасини қўлга олиб, жанубий Исроилдаги Ашдод портига олиб борди.
«Handala» кемаси чақалоқлар учун озиқ-овқат, умумий егулик ва дориларни олиб кетаётган эди. У шанба кечаси Ғазо соҳиллари яқинида Исроил кучлари томонидан қўлга олинган. Исроил давлат телерадиокомпаниясининг хабар беришича, кемадаги фаоллар Ашдод портида сўроқ қилинди ва кейинчалик Исроил полициясига топширилади.
Бу кема «Озодлик Флотилияси Коалицияси» (Freedom Flotilla Coalition — FFC) томонидан йўлга чиқарилган бўлиб, узоқ давом этаётган Исроил қамалини ёриб ўтиш мақсадида Италиядан йўлга чиққан эди. Ғазодаги 2,4 миллион аҳолининг очарчилик ёқасида эканини инобатга олиб, бу флотилия ёрдам етказишни режалаштирган.
«Ғазо қамалини бузиш бўйича халқаро қўмита»нинг тасдиқлашича, «Handala» экипажи халқаро сувларда Исроил кучлари томонидан «ноқонуний тарзда қўлга олиниб», Ашдод портига олиб кетилган.
Қўмита маълум қилишича, ҳозирда Исроил ҳукумати томонидан рухсат кутаётган Исроилдаги ҳуқуқий марказ — қўлга олинган экипаж билан учрашишга тайёр турибди. Сўнгги ойларда Исроил халқаро сувда Ғазога йўл олган бир нечта ёрдам кемаларини тўхтатди.
Жумладан, июнь ойида «Мадлеэн» кемаси қўлга олиниб, ундаги 12 нафар халқаро фаол, жумладан швед фаоли Грета Тунберг ва Европа парламенти аъзоси, француз сиёсатчиси Рима Ҳассан ҳибсга олинган эди. Ундан аввал, май ойида «MV Conssiense» кемаси Малта яқинида дронлар орқали ҳужумга учраган.
Исроил Ғазога 18 йилдан бери блокада ўрнатган. 2024 йил 2 мартдан эса барча чегара пунктларини бутунлай ёпиб, инсонпарварлик ёрдамини киритишга тўсқинлик қилиб келмоқда — халқаро чақириқларга қарамасдан бу позициясидан чекинмаган.
Жорий сешанба куни БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) огоҳлантириш бериб, Ғазо аҳолисининг учдан бир қисми кетма-кет бир неча кун давомида овқатсиз қолганини билдирган эди. Сабаб — Исроилнинг давом этаётган блокадаси.
Мавзуга оид
17:00 / 30.12.2025
Путин қароргоҳига «дронлар ҳужуми», Трампнинг Эрон ва Ҳамасга таҳдиди ва Ямандаги портни бомбардимон қилган Саудия – кун дайжести
16:06 / 29.12.2025
Трампга ваъда берган Путин, Тайван атрофида машғулот бошлаган Хитой ва яна ракеталар учирган Ким – кун дайжести
13:59 / 27.12.2025
Ғарбий соҳилдаги зўравонлик, Хитойнинг АҚШ компанияларига санкцияси ва Беларусга жойлаштирилган «Орешник»лар – кун дайжести
14:35 / 26.12.2025