Ўзбекистон | 20:44 / 18.03.2019
12527
2 дақиқада ўқилади

Фанлар Академияси: Усмон Юсупов ҳақида китоб нашр этилади

2020 йилда давлат арбоби Усмон Юсупов таваллудининг 120 йиллиги муносабати билан унинг фаолиятини акс эттирувчи китоб нашр этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар Академияси раҳбарияти 18 март куни бўлиб ўтган «Ўзбекистон тарихи: ютуқлар, муаммолар ва истиқболли режалар»​ мавзусидаги матбуот анжуманида маълум қилди.

Фанлар Академияси тарих институти директори Равшан Абдуллаевнинг маълум қилишича, Усмон Юсуповнинг биографияси ва сиёсий фаолияти ҳақида батафсил маълумот берувчи китоб арбобнинг 120 йиллик юбилейи арафасида чоп этилиши кутилмоқда.

«Яқинда Усмон Юсуповнинг Канадада истиқомат қилаётган қизи —​ Иннеса Усмоновадан хат олдик. Унга кўра, Юсуповнинг ҳаёт йўли ҳақида китоб нашр қилиш сўралганди. Биз буни инобатга олдик. Илгари ҳам бу борада қатор ишлар қилинаётганди, энди улар янада жадаллаштирилди», —​ дейди у.

Тадбирда маълум қилинишича, Академиянинг махсус гранти доирасида ўтган асрнинг 20-,40-йилларида фаолият юритган сиёсий раҳбарлар ҳақида китоблар чоп этиш устида ишлар олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Усмон Юсупович Юсупов (1901 –1966) совет давлат арбоби ва коммунистик партия вакили. 1937 –1950 йилларда Ўзбекистон коммунистик партияси Марказий қўмитасининг биринчи секретари лавозимида ишлаган.

Тайёрлаган:  Алишер Рузиохунов

Мавзуга оид