Жаҳон | 22:45 / 12.09.2025
8272
2 дақиқада ўқилади

БМТ Бош Ассамблеяси Фаластин давлатининг тан олинишини қўллаб-қувватлади

Бош Ассамблея аъзоларининг аксарияти икки давлат тўғрисидаги қарорни амалга оширишни назарда тутувчи декларацияни ёқлаб овоз берди.

Фото: Reuters

БМТ Бош Ассамблеяси 12 сентябр куни кўпчилик овоз билан икки давлат - Исроил ва Фаластин тўғрисидаги қарорни амалга ошириш бўйича қадамларни назарда тутувчи декларацияни маъқуллади. Бу ҳақда Туркиянинг TRT нашри хабар берди.

Қайд қилинишича, 7 саҳифадан иборат ҳужжат июл ойида БМТ бош қароргоҳида Саудия Арабистони ва Франция томонидан ташкил этилган халқаро конференцияда тайёрланган эди.

Декларацияда «Ғазодаги урушни тўхтатиш бўйича жамоавий ҳаракатларга, икки давлат тўғрисидаги қарорни самарали амалга ошириш асосида можарони адолатли, тинч ва барқарор ҳал қилишга эришиш» чақириғи мавжуд.

Ҳужжат матнида барча гаровга олинганларни озод қилиш талаби, шунингдек, ҲАМАСни қуролсизланишга ва секторни назорат қилишдан воз кечишга чақирилган.

«Ғазодаги урушни тўхтатиш контекстида ҲАМАС сектордаги ҳукмронлигини тўхтатиши ва суверен ва мустақил Фаластин давлатини яратиш мақсадига эришиш учун халқаро қўллаб-қувватлаш ва иштирокда Фаластин маъмуриятига қурол топшириши керак», дейилади ҳужжатда.

Декларацияни қўллаб-қувватловчи резолюцияни 142 давлат ёқлади, 10 давлат қарши чиқди, яна 12 давлат бетараф қолди. АҚШ ва Исроил тадбирни бойкот қилди.

Овоз бериш жараёни 22 сентябр куни БМТ Бош Ассамблеясининг юқори даражадаги сегменти доирасида ўтказилиши режалаштирилган жаҳон етакчиларининг учрашуви арафасида бўлиб ўтди. Унда Франция президенти Эммануэл Макрон Фаластин давлатини расман тан олишга ваъда берган. Унинг чақириғига аллақачон Британия, Белгия, Канада, Австралия ва бошқа Ғарб давлатлари қўшилган.

Шу билан бирга, Исроил Фаластиннинг яратилишига қарши риторикасини кундан-кунга кучайтирмоқда. Бош вазир Бинямин Нетаняҳу 11 сентябр куни «Фаластин давлати ташкил этилишига йўл қўймаслик» учун қўлидан келган барча ишни қилишга ваъда берди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид