Жаҳон | 09:10 / 18.07.2018
13899
2 дақиқада ўқилади

Олимлар сайёрамизда квадриллион тонна олмос бор бўлиши мумкинлигини маълум қилишди  

Фото: РИА Новости / Александр Уткин

Халқаро олимлар гуруҳи ер қобиғида квадриллион тонна олмос бўлиши мумкинлигини аниқлади. Бу ҳақда Массачусетс технологик институти сайтида маълум қилинди.

Олимлар товуш тўлқинларининг ер қобиғида тарқалиши ҳақидаги маълумотларни ўрганиб бундай хулосага келишган. Товуш ҳарорат, зичлик ва жинслар тузилишига боғлиқ ҳолда турли тезлик билан ҳаракат қилгани сабабли олимлар литосфера таркиби моделини ярата олишган.

Аниқланишича, бундай улкан миқдордаги олмослар захираси қадимий платформалар ёки бошқача айтганда, ер қобиғининг қитъалар негизини ташкил қилувчи қисмлари – кратонларда жойлашган бўлиши мумкин. Олмоснинг улардаги миқдори 1-2 фоизни ташкил қилади, бу эса квадриллион (минг триллион) тоннани ташкил қилади. Бироқ бу олмосларни қазиб олиш даргумон, чунки улар ер сиртидан 140-240 км чуқурликда жойлашган. Бундай чуқурликкача бурғилашнинг имкони йўқ.    

“Бу ҳолат олмос шунчалик ноёб минерал эмаслигини, аксинча геологик кўламда кенг тарқалганини кўрсатади. Албатта, биз бу олмосларга ета олмаймиз, бироқ улар биз аввал тахмин қилгандан анча кўпроқ экан”, деб айтган тадқиқот муаллифларидан бири Ульрих Фаул.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид