Ўзбекистон | 18:08 / 18.01.2019
16330
4 дақиқада ўқилади

«Навоий КМК» қайта ташкил этилади

Фото: Навоий КМК

Ўзбекистон Республикаси президенти “Кон-металлургия тармоғи корхоналари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан кон-металлургия тармоғини ислоҳ қилиш бўйича Республика комиссияси ташкил этилмоқда.

Қуйидагилар Республика комиссиясининг (А.Н.Арипов) асосий вазифалари этиб белгиланди:

а) 2019 йил 1 мартга қадар “Навоий КМК” ДКни қайта ташкил этиш ва корпоратив бошқаришнинг замонавий усулларини татбиқ этиш, шунингдек мазкур қарорда назарда тутилган талабларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш;

б) кон-металлургия тармоғининг йирик корхоналарини ривожлантириш, модернизация қилиш ва ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтиришнинг узоқ муддатли дастурларини жадал амалга ошириш бўйича вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

в) 2019 йил 1 майга қадар кон-металлургия тармоғининг йирик корхоналарига берилган солиқ ва божхона имтиёзларини қайта кўриб чиқиш ва унификация қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

г) 2019 йил 1 июлга қадар халқаро молия институтлари ва консалтинг ташкилотларини жалб этган ҳолда қуйидагиларнинг акцияларини маҳаллий ва халқаро фонд бозорларида оммавий равишда бирламчи ва иккиламчи жойлаштириш орқали инвесторларни жалб этишни назарда тутувчи Кон-металлургия тармоғининг йирик корхоналарини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш:

“Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ - 2022 йилда;

“Олмалиқ КМК” АЖ - 2023 йилда;

акциядорлик жамияти этиб қайта ташкил этиладиган “Навоий КМК” ДК - 2023 йилда;

д) 2019 йил 1 декабрга қадар “Навоий КМК” ДКни қайта ташкил этиш билан боғлиқ жараёнларни якунлаш ҳамда янги ташкил этиладиган акциядорлик жамиятидаги давлат улушини профессионал бошқарув компанияларига танлов асосида ишончли бошқарувга бериш бўйича таклиф киритиш.

Республика комиссияси аъзоларига мазкур қарорда белгиланган тадбирларнинг самарали бажарилиши учун шахсий жавобгарлик юкланади.

“Навоий КМК” ДК Кузатув кенгаши:

а) Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда:

бир ой муддатда халқаро маслаҳатчи ва экспертларни жалб этган ҳолда “Навоий КМК” ДК мулкларини инвентаризация қилиш бўйича комиссия ва “Навоий КМК” ДК тизимига кирувчи алоҳида таркибий бўлинмалар бўйича ишчи гуруҳларни шакллантирсин, уларнинг вазифалари сифатида “Навоий КМК” ДКнинг барча актив ва мажбуриятларини инвентаризациядан ўтказиш, шунингдек “Навоий КМК” ДК Кузатув кенгашига ва Агентликка 2019 йил 1 майга қадар муддатда ишчи гуруҳларнинг оралиқ ҳисоботларини ҳамда 2019 йил 1 июлга қадар ишчи гуруҳлар ва комиссиянинг якуний ҳисоботини тақдим этишни белгилайди;

инвентаризация якунлари бўйича икки ой муддатда халқаро амалиётда умумэътироф этилган услублар асосида “Навоий КМК” ДКнинг ишлаб чиқариш ва бошқа активлари қийматини баҳолаш, шунингдек “Навоий КМК” ДК меҳнат жамоаси яшаши учун зарур шароитлар яратилишини ва уларга хизмат кўрсатилишини таъминлаган ҳолда ишлаб чиқариш жараёнларида иштирок этмайдиган инфратузилма, ижтимоий ва бошқа ихтисослашмаган объектларни хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш ва ихтисослашган давлат ташкилотларига топшириш орқали улардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар киритади;

б) Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда 2019 йил 1 мартга қадар халқаро маслаҳатчи ва экспертларни жалб қилган ҳолда “Навоий КМК” ДКнинг балансида бўлган ва захиралари Қидирув натижалари, минерал ресурслар ва руда захиралари ҳисоботи Австралия кодекси (JORC Code) стандартларига мувофиқ қайта баҳоланадиган конлар рўйхатини тасдиқлайди;

в) 2019 йил 1 майга қадар “Навоий КМК” ДКнинг Кузатув кенгаши таркибига етарли тажриба ва малакага эга бўлган мутахассисларни жалб этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид