Жаҳон | 20:51 / 21.09.2025
14047
9 дақиқада ўқилади

Путин Трампга «панд берди», Доҳада «қуруқ гап саммити» – ҳафта дайжести

Ассалому алайкум, азизлар. Бугун 21 сентябр, якшанба. Ортда қолаётган ҳафтада дунёмизда катта ўзгаришлар бўлмади, урушлар тинчигани йўқ. Трамп Британияга бориб, «Путин унга панд берганини» айтди. Украина НАТО давлатларига дрон ҳужумларига қарши курашишни ўргатадиган бўлди, Россияда шов-шувли истеъфо юз берди. Бир неча дақиқа вақтингизни аямасангиз, ҳафтанинг муҳим воқеаларини биргаликда эслаймиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Путин менга панд берди»

Ҳафта иқтибоси АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан айтилди. Британияга сафар уюштирган Трампни инглизлар тантана билан кутиб олди. Қирол Чарлз III ва бош вазир Кир Стармер билан учрашган Трамп Украинадаги уруш ҳақида ҳам гапирди. Америка президентига кўра, у қайтганидан кейин Вашингтон еттита урушни тугатибди. Трамп Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги урушни ҳам у тугатганини айтди. Қизиғи, Америка президенти бу икки давлат номини ҳам [ўз услубида] хато айтди.

Трампга кўра, Россия ва Украина ўртасидаги урушни тўхтата олмаганининг сабаби Путин ҳақида нотўғри ўйлаганида экан. «Биз еттита урушни тўхтатдик, Россия ва Украина ўртасидаги урушни тугатиш энг осони бўлади деб ўйлагандим. Чунки Путин билан муносабатларимга ишонгандим. Афсуски, Путин менга панд берди, ёмон панд берди», деди Трамп.

Жаноб президент, сиз ҳадеб дом қуриб бой бўлган миллиардер дўстингиз Стивен Уиткоффни эмас, минтақа ҳақида тасаввурга эга профессионал дипломатларни ҳам эшитганингизда, бу хулосага анча олдин келган бўлардингиз.

Green Card энди пулли бўлади

Доналд Трамп доно дипломатлиги билан мақтана олмаслиги мумкин, лекин у жуда зўр эплайдиган иш ҳам бор. Масалан, пул топиш! Эндиликда АҚШда қонуний ишлаш ва яшаш ҳуқуқини берадиган Green Card лотереясида иштирок этиш пулли бўлди. Ҳар бир азирачи ўйинда иштирок этиш учун 1 доллар пул тўлаши керак бўлади. Ҳар йили дунё бўйлаб 20-25 миллион ариза топширилиши ҳисобга олинса, лотерея ташкилотчилари харажатларини қоплаб олишади.

Одамлар «1 доллар экан, ўйнамайман», демаслиги табиий, лекин ҳамма ҳам VISA картани улаб пул тўлашга қунт қилмаслиги инобатга олинса, бу йил аризалар сони камайиши мумкин. Дарвоқе, ғолиблар виза суҳбатига кириш учун 330 доллар тўлаш тартиби ҳам бекор қилинмаган. Пул тўлаб ўйнаш иштирокчи учун ҳеч қандай устунлик ҳам бермайди.

Козак истеъфога чиқди

Ҳафта давомида Россияда шов-шувли истеъфо юз берди. Владимир Путиннинг эски сафдоши, президент девони раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаб келган Дмитрий Козак ўз аризасига кўра ишдан кетди. 66 ёшли Козак 90-йилларда Путин билан Петербург мэриясида ишлаган, худди Медведев, Миллер каби унинг эски жамоасидан.

Козак одатда сояда юрадиган, лекин Путиннинг энг муҳим лойиҳаларини бошқарадиган одамлардан бири. Масалан, у Сочида олимпиада шаҳарчаси қуришга бош-қош бўлган, амалда Россия регионларидаги бошқарув тизимини яратганлардан бири экани айтилади.

Козакда ҳеч қачон Путин билан муаммо бўлмаган, улар жуда қалин дўст. Лекин 2022 йил уруш бошланганидан кейин кичик муаммо пайдо бўлди. Козак Путин атрофидагилар орасида урушни қўлламайдиган ягона одамга айланади. Уруш бошланишидан уч кун олдин ўтказилган машҳур хавфсизлик кенгаши йиғилишида ҳам Козак бу борада қарашларини қайсидир маънода билдириб қўйганди.

Россия ҳукуматида одатда истеъфо юз бермайди. Кимдир бир лавозимдан бошқасига олиниши мумкин. Козак каби йирик мулозим гўёки ўз аризасига кўра ишдан кетиши, бу ҳақда Кремл расмий изоҳ бериши чиндан Путиннинг Россияси учун уникал ҳодиса бўлди.

Ғазода босқин бошланди

Исроил босқинчи армияси Фаластиннинг Ғазо бўлгасида очиқчасига шаҳарни босиб олиш операцияси бошлади. Бош вазир Нетаняҳу жорий амалиёт Ғазони босиб олишга қаратилгани ҳақида суд мажлисида очиқ гапирган. ЦАҲАЛ бўлгада яна танклар билан ҳужум бошлаганига қараганда, бу чиндан босиб олиш операцияси.

Исроил учун асосий муаммо ғазоликларни кўчириш бўлиб турибди. Ҳозиргача босқинчилик уруши сабаб ўн минглаб тинч аҳоли вакиллари ўлди, камида 300 минг ғазолик ўз ватанини ташлаб бошқа давлатларга қочиб кетди. Бу катта эҳтимол пули, имконияти бор ғазоликлар. Пули йўқлар Исроил босқини остида яшашга, вайронага айланган шаҳарнинг у четидан бу четига қўчишга мажбур. Олдинда ғазоликларни уруш бошланганидан буён учинчи қиш кутмоқда, лекин улар қаерда қишлаши ҳамон аниқ эмас.

Қуруқ гап саммити

Ғазода оналар оч болаларига нима едиришни билмаётган бир вақтда Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб Лигаси давлатлари Доҳада Исроилнинг Қатарга ҳужумини қоралаб йиғилиш ўтказди. Йиғилишда Исроил роса қораланди, узундан-узоқ қораловчи баёнот ҳам қабул қилинди, лекин ҳеч қандай чора-тадбир бўйича келишувга эришилмади. Исроил ўша баёнотдан кейин ҳам Ғазода билганини қилиб ётибди. Қайтага ислом давлатлари фақат конференция доирасидагина бирлаша олишини билгани Исролга қўшимча ишонч бағишлаган бўлса керак.

Покистон ва Саудия келишуви

Ҳафта давомида энг бой араб давлати Саудия Арабистони ядро қуролига эга Покистон билан ҳарбий келишув имзолади. Унга кўра, эндиликда ҳар икки давлат бир-бирига қилинган ҳужумни ўзига нисбатан тажоввуз деб қабул қиладиган бўлди.

Бу келишув табиийки, Ар Риёз ташаббуси билан имзоланди. Чунки саудлар Доналд Трамп бошчилик Америкага ҳам, унинг хавфсизлик кафолатига ҳам, иттифоқчилигига ҳам ишониб бўлмайди деган хулосага келиб, бошқа ядровий паноҳ излашга тушишди. Бу борада иқтисодий донорга муҳтож, кучли мудофаага ва энг муҳими атом бомбасига эга Покистондан яхшисини топиб бўлармиди?

Ҳужжат Саудия пойтахтида қироллик валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф томонидан имзоланди. Ар Риёзга бош вазир билан бирга Покистон армияси қўмондони фелдмаршал Асим Мунир ҳам борди. Катта эҳтимол, энди бу келишув доирасида Саудия Покистонга катта-катта инвестициялар киритса, ажаб эмас.

Кўрдингизми, инженерликнинг фойдасини. Доим Ҳиндистонга қарши урушга тайёрланиб армиясини кучайтирган Покистонга энди давлатлар бизга қалқон бўлинг, деб бориб катта-катта пуллар бермоқда. Яшасин, илм-фанни ривожлантирган давлатлар!

Зеленский Донецкка борди

Украина президенти Володимир Зеленский пайшанба куни Донецк областидаги фронт чизиғи яқинига борди. Маълумот учун, Путин бир ярим ой аввал Трампнинг дўсти Уиткоффга Россия бутун Донбассни 2-3 ойда эгаллаб олишини айтганди. Зеленский Донецк областида қарши ҳужумга ўтган мамлакат армияси 160 км. квадрат ҳудудни озод қилгани, Покровск ва Доброполе йўналишида ишлар чакки эмаслигини айтди.

Шу ўринда Украина армияси ҳақида яна бир янгиликни айтиб ўтмасак бўлмайди. Маълум бўлишича, Украина яқиндагина Россия дронлари учиб кирган Полшага дрон ҳужумига қарши курашда ёрдам берадиган бўлибди. Бу тўрт йилдан буён қўшнисига қарши урушаётган Украина энди бошқа давлат армиясига муҳтож эмас, қайтага қўшниларини урушишга ўргатишни бошлаганидан далолат. Уруш ана шунақа нарса, инсонни ҳар қандай шароитга мослашишга ўргатади.

Полша Россиянинг пластикдан ясалган иммитатор дронларини қиммат ракеталар билан уриб уятга қолди. Киев эса бунақа арзон-гаров чалғитувчи дронларга қарши арзон-гаров курашиш усулларини билади. Чунки украин аскарлари НАТО ҳарбийлари каби фақат машғулотда эмас, чинакам жанг майдонида пишган. Зеленскийнинг айтишича, энди Украина НАТО давлатларига ўз ҳарбийларини тайёргарлик учун юбормаяпти. Қайтага бошқа давлатлар пул тўлаб, ўз ҳарбийларини урушишни ўрганиш учун Украинага юбормоқда.

Трамп илк ҳарбий пакетни тасдиқлади

Энг охирги хабаримиз ҳам Украинадаги уруш ҳақида. Ҳафта давомида АҚШ президенти Доналд Трамп Украинага юбориладиган унинг давридаги илк ҳарбий ёрдам пакетини тасдиқлади. 1 миллиард доллар миқдоридаги Америка қуролларидан иборат ёрдам пакети учун АҚШ эмас, НАТОдаги бошқа давлатлар пул тўлайди. Шу сабаб буни Американинг ёрдами деб бўлмайди. Бироқ Трамп ҳозир Украинага қурол юборилишига рухсат берганининг ўзи ёрдам бўлиб қолди.

Бизда ҳозирча шулар, азизлар. Бу сизларга етказмоқчи бўлган хабарларимизнинг охиргиси эди. Бизни сентябрнинг охирги якшанбасида кутинг.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид