Жаҳон | 10:11 / 28.06.2023
16255
7 дақиқада ўқилади

Германия меҳнат миграциясини радикал енгиллаштирмоқда: хорижликлар учун қандай плюслар бор?

Германияга туристик визалар олиш амалда қийинлигига қарамасдан, меҳнат визаларини бериш ҳамон давом этмоқда. Чунки туб аҳолиси тобора қариб бораётган немислар миллионлаб янги «қўллар» ва «миялар»га катта эҳтиёж сезмоқда.

Aldi дискаунтерида маҳсулотларини юклаш. Фото: Global Look Press

23 июн куни Германия парламенти Бундестаг 2020 йили қабул қилинган қонунга ўзгартиришлар киритди ва мамлакатга янги ишчилар кириб келиши учун кенг имкониятлар яратди.

Биринчи ва асосий ўзгариш Германияда иш излаш ва топиш имконияти нафақат Европа Иттифоқи давлатларига, бошқа мамлакатлар фуқароларига ҳам тақдим этилади. Иккинчиси — гап фақат юқори малакали мутахассислар ҳақида эмас, бошқа кўплаб касб эгалари ҳақида бормоқда. Учинчиси — янги қонунга кўра, ишлаш учун легаллаштиришга шу пайтгача кўплаб мамлакатларда бу ҳуқуқдан маҳрум этилганлар: туристлар, қочқинлар, малакаси ёки дипломи тасдиқланмаган мутахассислар ҳам даъвогарлик қилиши мумкин.

Бошпана сўраганлар учун ишчи виза бериш масаласи энг катта баҳсларга сабаб бўлди. Тўғри, бу ерда бир қатор шартлар бор: бошпана сўраш учун ариза 2023 йилнинг 29 мартидан (ўзгартиришлар муҳокама қилина бошланган кундан) кеч топширилган бўлмаслиги керак, мамлакатда ўз статусини ўзгартиришга қарор қилган даъвогарлар Германияга кириб келиши мумкин бўлган потенциал меҳнат мигрантларига хос барча мезонларга жавоб беришлари керак.

Бу мезонлар у қадар қатъий эмас ва бу ўта аҳамиятли ўзгаришдир.

Хусусан, энди меҳнат мигранти ўз ватанида олган у ёки бу малакага эгалиги тўғрисидаги гувоҳномани тасдиқлаш талаб этилмайди (Германияда бу жуда узоқ ва мураккаб жараён эди). Ўз мутахассислиги бўйича икки йил иш стажига эга бўлса бас. Боз устига, агар дипломда бир мутахассислик ёзилган бўлиб, одам бошқа мутахассислик билан шуғулланган бўлса, айнан қайси мутахассислик бўйича қанча муддат ишлагани инобатга олинади.

Ай-тичилар умуман диплом ҳақида қайғурмаса ҳам бўлади — малакали мутахасслар учун Blue Card олий маълумотсиз, шунчаки IT-соҳада қанча иш стажига эгалигига қараб ҳам берилади.

Мезонлар шунчалик юмшатилганига қарамасдан Blue Card’га дъво қилолмайдиган барча мутахасслар ҳам кўп қайғурмаса бўлади. Улар учун Австралия, Канада ва Янги Зеландиядаги каби баллик тизимга асосланган «Имкониятлар картаси» ишлаб чиқилган. Тизим инсоннинг ёши, мутахассислиги, оила аъзоларининг салоҳияти, немис ва инглиз тилларини билиши, Германия билан алоқаларини инобатга олади. «Имкониятлар картаси»га эга бўлиш учун камида 12 балл тўплаш кифоя.

На Blue Card, на «Имкониятлар картаси» олиш учун потенциал иш берувчи мавжуд бўлиши шарт қилиб белгиланмаган — асосийси бир йил ичида ишга жойлашиш. Дарвоқе, «Имкониятлар картаси» билан бу муддат ичида ҳафтасига 20 соат ёлланма ишчи бўлиб ишлаш ва уни икки йилга узайтириш мумкин.

Blue Card учун даъвогарларга бошқа енгилликлар ҳам берилган. Уни қўлга киритиш учун маош миқдори ойига 3500 еврогача пасайтирилган, ишлаш учун дипломларни тан олиш жараёни зарур бўлса, уни кейин ҳам ўтказишга рухсат берилмоқда. Германияда олинган биринчи статус буйича олинган дастлабки мутахассислик бўйича эмас, бошқа мутахассислик бўйича ишлашга ҳам рухсат этилмоқда. Blue Card соҳибларига ўзлари билан нафақат фарзандлари, агар юқори малакали хорижий мутахассиснинг маоши боқишга етса, қария ота-онасини олиб келишга ҳам рухсат берилмоқда.

Хорижий талабалар учун молиявий талабларни пасайтиришган, асосийси — немис талабалари билан бир қаторда ўқиш вақтида қўшимча иш билан шуғулланишга рухсат берилмоқда.

Мутахассислар мамлакатга кириб келиши учун бошқа кўплаб давлатлар ҳам қулай шарт-шароитлар ҳозирламоқда. Сабаби умумий — жаҳонда технологик пойга бошланган, ушбу пойгада ғолиб чиққанлар ушбу асрда дунёда етакчилик қилишади. Пойгада ютиш учун мамлакатга «мия»ларни жалб қилиш заруриятга айланган — ўзининг иқтидорлари ҳеч қачон ҳеч қаерда етмайди.

Бироқ кўплаб давлатларда, айниқса Европа давлатларида «олтин мия»лардан ташқари «олтин қўллар» ҳам керак.

Гап мамлакат аҳолисининг қариб бораётгани (европаликлар узоқ яшаб кам фарзанд кўришади), туб аҳолининг (асосан ёш ва малакали инсонларнинг) эмиграцияси билан ҳам боғлиқ.

Германияда ўтган йил охирига келиб 1,98 млн вакансия тўлмасдан қолиб кетган. Айниқса соғлиқни сақлаш соҳасида (аввало ўрта ва кичик персоналда), қарияларни парваришлаш соҳасида, болалар боғчасида, хизматлар ва ҳунармандчилик, транспорт ва қурилишда кадрлар етишмовчилиги кузатилмоқда. Бу соҳага маҳаллий аҳоли оғир иш ва кам маош, кариера истиқболи йўқлиги туфайли истамайгина боришади. 2021 йилда Германиянинг 65 ёшдан ошган аҳолиси сони 22 фоизга етган ва мамлакат аҳолисининг қартайиб бориш тенденцияси давом этмоқда. Бу инсонлар нафақат меҳнат қилиш соҳасидан чиқиб кетишмоқда, уларнинг кўпчилигига парвариш ва тиббий ёрдам керак, яъни бу соҳага қўшимча ишчи кучлари керак.

Бир вақтнинг ўзида 2022 йилда Германия аҳолиси рекорд даражада ўсган — 1,3 фоиз ёки 1,1 миллион кишига. Албатта, бунга асосан Украинадан келган қочқинлар сабаб бўлган. Қонунга кўра қочқинлар ишлаши мумкин эмас (украиналиклардан ташқари). Парадокс вазият юзага келган: мамлакат улкан миқдорда ёш ва соғлом инсонларни қабул қилиб, уларга нафақа тўламоқда, ишлаётган меҳнат мигрантларининг улуши эса бор-йўғи 4 фоизни ташкил этади. Янги қонун бу дилеммани ечишга қаратилган.

Қайд этиш жоизки, Германия бутунжаҳон ишчи кучини жалб қилиш томон йўл солган. Ўтган жума куни ўзгартиришлар киритилган 2020 йилги қонун ўз навбатида Европа Иттифоқидан ташқаридан Германияга юқори малакали мутахассислар кириб келишини сезиларли даражада енгиллаштирган. 2022 йилнинг 31 декабридан бошлаб депортация қилиниш муддати сурилганлар ҳам Германияда жойлашишига изн берувчи қонун кучга кирган.

Худди шундан тенденциялар бошқа давлатларда ҳам кузатилмоқда. Бу асло хайрия, тантиқлик ёки хато эмас. Юқорида зкир этилганидан бу қўллар ва мияларни забт этиш учун олиб борилаётган «жанг»нинг бир қисми.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид