Интерпол қидирувида бўлган ўзбекистонлик Туркияда қўлга олинди
Мамлакатда Kafes-31 операцияси доирасида кўплаб хорижлик гумондорлар ушланди.
Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари 12 давлатда Интерпол хабарномаси асосида қидирувда бўлган жами 42 нафар шахсни қўлга олди. Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазири Али Ерлиқоя ижтимоий тармоқда маълум қилди.
Унга кўра, Туркиянинг 13 вилоятида ўтказилган «Kafes-31» (Қафас-31) операцияси доирасида гумондорлар ушланган. Операция Разведка ва хавфсизлик бош бошқармаси, Контрабанда ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ҳамда Туркия Ички ишлар вазирлигининг Интерпол-Европол департаменти ҳамкорлигида ўтказилган.
Гумонланувчилар Германия, Озарбойжон, Босния ва Герцеговина, Эрон, Швеция, Финляндия, Қозоғистон, Қирғизистон, Миср, Россия, Туркманистон ва Ўзбекистон сўровига кўра қидирувга берилган. Қўлга олинган ўзбекистонликларнинг сони ва исми-шарифи хабарда келтирилмаган.
Ерлиқоя қўлга олинганларнинг уюшган жиноий гуруҳга аъзолик, ноқонуний қурол савдоси, гиёҳванд моддалар савдоси, қасддан одам ўлдириш, ноқонуний миграция, молиявий фирибгарлик, талончилик ва ўғирлик, расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш каби жиноятлар билан боғлиқлигини айтди.
Вазирнинг таъкидлашича, 2024 йил бошидан буён «Kafes-31» операцияси доирасида Интерполнинг «қизил хабарномаси» билан қидирувда бўлган 114 киши қўлга олинган.
Мавзуга оид
17:38 / 24.12.2024
Туркияда портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи заводда портлаш содир бўлди
00:45 / 23.12.2024
Туркия ТИВ раҳбари Сурияга қарши санкцияларни тезроқ бекор қилишга чақирди
16:28 / 20.12.2024
Ўзбекистон Интерпол орқали Расаев ва Темирхановни халқаро қидирувга берди
17:52 / 17.12.2024