Жаҳон | 18:00 / 11.03.2018
61911
3 дақиқада ўқилади

Путин Сочидаги Олимпиада очилиши куни йўловчи самолётни уриб тушириш қарорини қабул қилганини эслади

Фото: Алексей Никольский / РИА Новости

Россия президенти Владимир Путин 2014 йили Сочидаги қишки Олимпия ўйинлари очилиши куни самолётни уриб тушириш тўғрисида қарор қабул қилгани ҳақида эслади. У бу ҳақда Андрей Кондрашовнинг «Путин» фильмида гапирган.

Россия президентининг сўзларига кўра, у Халқаро олимпия қўмитаси раҳбарлари билан бирга «Фишт» стадионига йўл олганида, Олимпиада хавфсизлигини таъминлаш бўйича оператив штаб томонидан Харьковдан Истанбулга учган турклар самолёти гаровга олингани ва у Сочи томон йўналтирилиши мумкинлиги тўғрисида хабар келиб тушган. Хабарда самолёт террорчилар томонидан гаровга олингани ва унда бомба борлиги айтилганди.

«Бизда Олимпия ўйинларидан олдин қабул бор эди. Биз Миллий олимпия қўмитаси вакиллари билан автобусда стадион томон кетаётгандик. Йўл ярмига етганимизда оператив штаб раҳбарларидан бири қўнғироқ қилди. У Украинадан Истанбулга учган самолёт гаровга олингани, гаровга олувчилар самолётни Сочига қўндиришни талаб қилишаётганини айтди», дейди Путин.

ФСБ директори Александр Бортников фильмда айтишича, туркларнинг Pegasus авиакомпанияси лайнери учувчилари йўловчилардан бирида бомба борлиги, у самолётни Сочига қўндиришни талаб қилаётгани ҳақида хабардор қилган. Шундан сўнг, ҳавога ҳарбий авиация чиқарилган.

«Мен улардан нима таклиф қилишларини сўрадим. Улар кутилган жавобни қайтаришди. Улар режага кўра, бундай вазиятларда самолётни уриб тушириш белгиланганини айтишди. Мен унда режа бўйича ҳаракат қилинглар дедим. Автобусдагиларга эса ҳаммаси жойида эканини айтдим. Биз стадионга етиб қолгандик», — деган Россия президенти.

Кейинроқ самолётда маст киши ваҳима кўтаргани маълум бўлган.

«Мен уларга кейин ҳам ҳеч нарса демаганман. 5 дақиқа, балки, 7 дақиқа ўтиб иккинчи қўнғироқ бўлди. Оператив штаб вакили бу маст йўловчи бўлгани, ҳозирда самолёт Туркияга учишда давом этаётганини маълум қилди», — дея қўшимча қилган Путин.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид