Жаҳон | 09:09 / 09.08.2025
9053
3 дақиқада ўқилади

Трамп 15 август куни Аляскада Путин билан учрашишини эълон қилди

Бундан бироз олдин Трамп Оқ уйда журналистлар саволларига жавоб берар экан, Россия ва Украина ўртасидаги потенциал тинчлик келишуви қандайдир «ҳудуд алмашинуви»ни ўз ичига олишини айтди.

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп 15 август куни Аляскада Россия етакчиси Владимир Путин билан учрашишини маълум қилди. Тегишли хабар 8 август, жума куни Truth Social ижтимоий тармоғида эълон қилинди.

«Мен, Америка Қўшма Штатлари президенти ва Россия президенти Владимир Путин ўртасидаги узоқ кутилган учрашув келаси жума, 2025 йил 15 август, Аляска буюк штатида бўлиб ўтади. Қўшимча тафсилотлар кейинроқ эълон қилинади», деб ёзган у. Бундан бироз олдин Трамп Оқ уйда журналистлар саволларига жавоб берар экан, Россия ва Украина ўртасидаги потенциал тинчлик келишуви қандайдир «ҳудуд алмашинуви»ни ўз ичига олишини айтди. «Ўзаро манфаат учун қандайдир ҳудудлар алмашинуви бўлади... Нимадир қайтарамиз, нимадир алмаштирамиз», — деди у ва яқин орада бу борада аниқ суҳбат бўлишини қўшимча қилди.

Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Доналд Трамп ва Владимир Путин учрашуви 15 август куни Американинг Аляска штатида бўлиб ўтишини тасдиқлади. Россия ва АҚШ яқин қўшнилар, шунинг учун Путин ва Трамп ўртасидаги учрашув Аляскада бўлиб ўтиши мантиқан тўғри келади, деб ёзади РИА "Новости" Россия давлат ахборот агентлиги Ушаков сўзларига асосланиб. Учрашувга тайёргарлик осон жараён бўлмайди, лекин томонлар бу борада фаол ишлайди, деди Ушаков.

«Москва ва Вашингтон, албатта, яқин бир неча кунни Аляскадаги саммитнинг амалий ва сиёсий параметрларини энг фаол ва жадал ривожлантиришга бағишлайди. Ва бу, афтидан, осон жараён бўлмайди, лекин биз бу борада фаол ва жадал ишлаймиз», — дея Ушаков сўзларидан иқтибос келтиради "Интерфакс" агентлиги.

Ушаковнинг сўзларига кўра, президентлар асосий эътиборни Украинадаги урушни узоқ муддатли тартибга солишга қаратади. Аляскадаги музокаралардан сўнг Путин ва Трампнинг навбатдаги учрашуви Россия ҳудудида бўлиб ўтиши мумкин – «тегишли таклиф аллақачон АҚШ президентига етказилган», дея қўшимча қилди Россия давлати раҳбарининг ёрдамчиси.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид