Ўзбекистон | 21:00 / 27.10.2023
44667
3 дақиқада ўқилади

Мадинадан ортга қайтарилган самолёт: унга нима бўлгани ҳамон маълум қилинмади

Бугун Тошкент – Мадина йўналишида учган «Panorama Аirways» авиакомпаниясига тегишли Airbus A-330-300 самолёти Тошкентга қайтиб қўнишга мажбур бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Маълум қилинишича, узилган рейс эртага эрталаб амалга оширилади.

«Panorama Аirways»нинг техник носозликка учраган 9H-SMG рақамли Airbus A-330-300 самолёти. Фото: airfleets.net

Маълумотларга кўра, 5Р361 рейси билан Мадинага учаётган «Panorama Аirways» авиакомпанияси самолёти бортидаги 377 нафар йўловчилар асосан Саудия Арабистонига умра зиёратига кетаётган қариялардан иборат.

Самолёт техник сабабларга кўра учиш аэропортига қайтишга мажбур бўлган. Бунинг учун учоқ икки соатдан кўпроқ вақт давомида Тошкент атрофида айланиб учиб, ёнилғисини сарфлаб тугатган.

Аввалроқ «Uzbekistan Airports» АЖ матбуот хизмати Аҳмаджон Орифжонов Kun.uz сўровига кўра самолёт айнан қандай техник сабабларга кўра ортга қайтарилгани маълум эмаслиги, кун якунига қадар аниқ маълумотлар эълон қилиниши айтган бўлса-да, бу ҳақда аниқ маълумот тақдим этилмади.

Воқеа гувоҳларининг ҳикоя қилишича, «Panorama Airways» авиакомпаниясига хизмат кўрсатаётган, бортида 377 нафар йўловчи ва экипаж аъзолари бўлган самолёт бугун, 27 октябрь куни соат 10:40 ларда Мадина шаҳри томон парвоз қилиб, 13:36 ларда Тошкентга қайтиб қўнган.

 Самолёт йўловчилари асосан зиёратга отланган қариялардан иборат. Фото: Ижтимоий тармоқлардан скриншот

Самолёт қўнганидан сўнг йўловчиларга cув тарқатилган. Йўловчилардан бири учун чақирилган «тез ёрдам» бир соатда етиб келган.

«Uzbekistan Airports» АЖнинг маълум қилишича, «Panorama Airways» авиакомпаниясининг Тошкент – Мадина йўналиши бўйича UZP-361 рейси 28 октябрга кўчирилган. Кўчирилган рейснинг Тошкентдан парвоз вақти эрталаб соат 07:00 га белгиланган.

«Қалампир.уз» нашри манбасига кўра, ҳозир Тошкент халқаро аэропортида бўлиб турган йўловчилар Умра зиёратини ташкил қилган ўндан ортиқ турфирмалар томонидан меҳмонхоналарга жойлаштирилган. «Йўловчиларнинг Мадина шаҳрига етиб олгунига қадар юзага келаётган ҳар қандай муаммолари ва талаблари аэропорт эмас, балки сайёҳлик агентликларининг зиммасига юклатилади», дейилади хабарда.

Ўша самолёт Канаданинг «Air Transat» авиакомпанияси рангларида. Фото: airfleets.net

Қайд этиб ўтиш керак, парвозни амалга оширган 9H-SMG қайд этиш рақамига эга Airbus A-330-300 самолёти Малтанинг «SmartLynx Airlines Malta» авиакомпанияси номига расмийлаштирилган. У 12 та бизнес ва 365 та эконом класс ўриндиқларига эга. Учоқнинг ёши ҳам у қадар катта эмас — 9,5 йил.

Ўша самолёт Малайзиянинг «Air Asia» авиакомпанияси рангларида. Фото: airfleets.net

Бундан аввал ушбу учоқдан Малайзиянинг «Air Asia», Саудиянинг «Saudi Arabian Airlines», Германиянинг «Condor», Канаданинг «Air Transat» авиакомпаниялари ҳам фойдаланган.

«Panorama Airways» авиакомпанияси 2021 йилда ташкил этилган. Компания ёши 21,5 йил бўлган битта Airbus A320-232 самолётини (UK32050) рўйхатдан ўтказган

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид