Ўзбекистон | 14:50 / 18.12.2024
3840
2 дақиқада ўқилади

Сенат 2025 йилга мўлжалланган давлат бюджетини маъқуллади

Сенаторлар давлат бюджети тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Бюджет даромадлари 431 трлн сўм миқдорида, харажатлари эса 480,5 трлн сўм миқдорида режалаштирилган ҳолда консолидациялашган бюджет 49,5 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз миқдоридаги тақчиллик билан шакллантирилди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, 2025 йилда иқтисодий шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда инфляция даражаси 7 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Хусусан, қонунда ўрта муддатда консолидациялашган бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик вазифасидан келиб чиқиб, 2025 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 431 трлн сўм, харажатлар эса 480,5 трлн сўм миқдорида шакллантирилган.

Давлат бюджети даромадлари 308,5 трлн сўмни, харажатлари эса 344,8 трлн сўмни ташкил этмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари ва харажатлари (бюджетлараро трансфертлар ҳисобга олинмаган ҳолда) тегишинча 66,4 трлн сўм ва 62,8 трлн сўм миқдорида режалаштирилмоқда.

Қонунда кейинги йилда ҳам харажатларнинг ижтимоий йўналтирилгани сақлаб қолинган бўлиб, давлат бюджети харажатларининг 52 фоизи ёки 177,7 трлн сўми ижтимоий соҳага йўналтирилади.

2025 йил учун давлат бюджети харажатларида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирлари учун 3,6 трлн сўм ажратилиши кўзда тутилган. Соғлиқни сақлаш соҳасига эса 41,3 трлн сўм ёки 2024 йилги кутилаётган ижрога нисбатан 19,8 фоизга кўп маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Муҳокама якунида мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид