Жамият | 15:40 / 03.04.2024
12126
8 дақиқада ўқилади

“Ҳаммасига орзу сабаб” — Японияда қурилишда ишлаб 1500 доллардан кўпроқ топаётган ўзбекистонлик йигит

Асли самарқандлик Самандар Раббимов 10 ойки Японияда ҳавоза (леса) териш билан шуғулланади. У архитектура-қурилиш соҳасида олий маълумотли, бир неча йил хусусий фирмада лойиҳачи бўлиб ҳам ишлаган. Маоши ва ишлаш шароити яхши бўлишига қарамай, қаҳрамонимиз кунчиқар мамлакатга кетишга аҳд қилган. У Kun.uzʼга берган интервюсида буни “Япония орзуси” ҳақида гапириб берди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Самандар Раббимов Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида туғилган, 26 ёшда. Қурилиш-архитектура соҳаси бўйича олий маълумотли, 2023 йил июн ойида Япониянинг Токио шаҳрига кетган. Ҳозирда у ерда қурилиш соҳасида ҳавоза териш билан шуғулланади. Самандар Kun.uz билан суҳбатда нима учун Ўзбекистондаги яхши ишини ташлаб Японияга кетгани, у ердаги меҳнат шароитлари, япон маданияти ҳамда келгуси режалари ҳақида сўзлаб берди.

Япония орзуси сабаб Ўзбекистондаги яхши ишимни ҳам ташлаб, шу ерга келдим”

Японияга бориш орзуси болалигимдан бўлган, у вақтларда японларнинг “Ошин” сериали бўларди, шуни кўриб Японияга қизиқиш уйғонган.

2021 йилда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтини тугатганман, олий маълумотлиман. 2-босқичда ўқиб юрган пайтимда япон тилини ўрганишни бошлаганман. Талаба вақтларим карантиндан олдин Самарқандда меҳмонлар кўп бўлар эди, шу ерда япониялик сайёҳларга гид бўлиб ҳам ишлаганман. Бу ҳам тилни яхшироқ ўрганишимга ёрдам берган. Ўқишни тугатгач, 2 йил давомида архитектура ва лойиҳалаш хусусий фирмаларида соҳам бўйича ишладим. Миграция агентлигида Японияга қурилиш соҳасига вакансия эълон қилингач, ўзимнинг соҳам бўлгани учун рўйхатдан ўтиб, суҳбатда қатнашдим. Суҳбатдан ўтганимдан кейин Японияга келиб, ишимни бошладим.

Ўзи Японияга ўқишга ё бошқа мақсадда келиш жуда қиммат, қачондир бепул бораман, деб юрардим. Эркин одам бўлганим учун Япония орзуси сабаб Ўзбекистондаги яхши ишимни ҳам ташлаб, шу ерга келдим.

Тил билиш – Япония учун ҳам энг минимал ва керакли талаб”

Вакансия бўйича рўйхатдан ўтганимдан сўнг, қўнғироқ қилиб чақиришди. Мен ўша вақтда Тошкентда эдим, кейин Миграция агентлигига бордим, суҳбат кунини айтишди. Ҳозир мен ишлаётган фирманинг бошлиғи суҳбатни олиш учун Тошкентга келган эди. Ўша вақтда менда япон тили бўйича сертификатим бор эди, JPLT (япон тилини билиш даражасини аниқлаш тести). JPLTʼда 5 та даража бўлади. Даражанинг энг қуйиси N5, энг юқориси эса N1. IELTS билан таққосласа, N1 шунинг энг юқори даражаси ҳисобланади. N5 эса шунинг 5,5 ёки 5 балли даражасидир. Меники 4-даражали эди, N3ʼга яқинлиги учун тахминан IELTS 6 даражасига тўғри келади.

Ҳужжатларни олиб бордим, оғзаки суҳбат бўлди. Кейин расмийлаштириш ишлари бошланди, шу ҳужжат ишларига 4 ойча вақт кетди. Шу вақт давомида япон тили бўйича тайёрландим, соҳага оид тил билимларини ҳам ўргандим. Тил билиш – Япония учун ҳам энг минимал ва керакли талаб. Японлар ўз тилини билган, ўрганаётган кишиларни ҳурмат қилади ва ёрдам беради. Японияда иш шароитлари оғир эмас, ўзимиздаги каби билан бир хил, фақат муаммо тил билишдан бўлиши мумкин. Тил яхши ўрганиб келинса, муаммо бўлмайди.

Виза беришда энг “мулойими” – Япония элчихоналари”

Япония виза тизимида ҳам кучли текширувлар бўлади. Лекин дунё бўйича виза беришда энг “мулойими” Япония элчихоналари, дейишади. Умумий жараён ҳақида гапирсам, биринчи Ўзбекистонда керакли ҳужжатлар йиғилади, почта орқали Японияга юборилади. Бу ердаги ташкилот кўриб чиқиб, Япония иммиграция тизимига киритади ва бу тизим виза бериш-бермасликни ҳал қилади. Бу жараёнда аввал Японияга келганми, қонун-қоидани бузганми ёки йўқ – шулар текширилади. Узоғи билан 4 ой ўтади, шундан сўнг Ўзбекистондаги Япония элчихонасига виза бериш мумкинлиги ҳақида билдириш юборилади. Элчихона номзодни чақиради ва бир ҳафтача муддатда виза чиқариб беришади. Ўтган йили феврал ойида рўйхатдан ўтган бўлсам, июн ойида Японияга келганман. Келганимизга 7-8 ой бўлиб қолди.

Қурилишдаги шароит жуда яхши ташкил қилинган”

Бошида бир партия бўлиб 20 га яқин киши бўлиб келдик. Ҳамма ҳар хил ишга тақсимланди. Мен ўзим бинолар қуришда, фасадига ишлашда фойдаланиладиган ҳавоза (леса) териш билан шуғулланаман. Ишимиз бошида қийин бўлди, бунинг устига бу ернинг об-ҳавоси ҳам дим эди. Қолаверса, тилнинг ҳам жойига тушиб кетишида вақт кетди. Ҳозир ҳаммаси жойига тушиб кетган.

Кунлик режимим эрталаб соат 08:00 да бошланади, 07:30 да иш жойида бўлиш керак. Ҳамма шерикларим, бошлиқлар, усталарнинг ҳам ҳаммаси боради. Соат 17:00 гача иш бўлади, орада 2 соат вақтимизнинг 1 соати тушликка, яна бир соати эса дам олишга кетади. Қурилишдаги шароит жуда яхши ташкил қилинган. Тартиб-қоидаларга қатъий амал қилинади. Хавфсизлик биринчи ўринда туради. Энг қизиғи, эрталаб 15-20 дақиқа кунлик иш жараёни режалаштирилиб, ҳамманинг иши бўлиб чиқилади, мен Ўзбекистонда бундай нарсани кўрмаганман. Босим билан ишланмайди, кунлик режа қўйилган, шу бўйича иш олиб борилади.

Даромадга келсак, шартнома бўйича 245 минг иена (1600 доллар) белгиланган, бунинг ичида солиқлар, ижтимоий-маиший харажатларимиз бор. Токиога қараганда, мисол учун, Осака, Нагоя вилоятларида яшаш арзон дейишади, ўзим ҳам Нагояда бир ой яшаганман, Токио билан фарқи бор. Ўзи Токио дунёнинг энг қиммат шаҳарларидан ҳисобланади, озиқ-овқат, ижара масалалари бўйича айниқса. Шартномамизга кўра, иш берувчимиз асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайди, шунинг ҳисобига кўп харажат қилмаймиз. Ўзим ойига 150-200 доллар атрофида сарфлайман. Ижара учун ҳам 200 доллар атрофида тўлайман, 4 хонали уйда 3 киши турамиз, ҳар биримизга биттадан хона.

Иш берувчи компания ишчиларнинг ҳуқуқини таъминламаса, ёпилади”

Суғурта масаласида биздан аввалроқ келган акаларимиз “Японияда энг адолатли ва сифатли суғурта компаниялари бор”, деб айтишади, шунинг учун қўрқмай 10-15 доллар атрофида пул тўлаймиз. Шароитга келсак, жуда яхши. Бу ерда Япониянинг иш берувчига талаб қўядиган махсус ташкилоти бор. Ижарага қўйилаётган уй янги таъмирланган бўлиши, яшаш шароити яхши бўлиши керак. Агар талаб бажарилмай, иш берувчи томонидан қонун-қоида бажарилмаса, ишловчи одам компания устидан арз қилса, компания ёпилиб кетади. Шунинг учун иш берувчи шароитларни тўғрилашга ҳаракат қилади.

P.S. Таҳририятимиз хорижда яшаб, ишлаётган ўзбекистонликлар билан суҳбат, интервьюларни доимий равишда бериб боришни ўз олдига мақсад қилган. Чет элдаги юртдошларимиз билан ҳар ҳафталик интервьюларни ташкил қилиш ҳамда мулоқотни осонлаштириш учун Kun.uz Telegram’да махсус алоқа ботини ишга туширди. Ўзбекистондан ташқари қайси давлатда бўлишингиздан қатъи назар, шу ботга (@MusofirXati_bot) мурожаат қилишингиз мумкин. Сўралган маълумотларни қолдиринг ва бизнинг қаҳрамонимизга айланинг!

Интервюнинг тўлиқ шаклини эса юқоридаги видео орқали томоша қилиш мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.

Тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов,

Монтаж устаси Нуриддин Нурсаидов.

 

 

Мавзуга оид