Light | 15:23 / 29.04.2019
21266
5 дақиқада ўқилади

Болани мулоқот қилишга ўргатадиган 10 та китоб

Ҳар бир бола дунёни ўзича англайди, шунинг учун бу айрим ҳолларда болалар ўртасидаги ўзаро тушунмовчилик ва можароларга сабаб бўлади. Агар бу муаммолар улғайгач ўтиб кетганида эди, ҳаёт осонроқ бўларди, бироқ кўпчилик ўсмирлик вақтида ҳам мулоқотда мураккабликларга дуч келади.

Шунинг учун ҳам бугунги тўпламда мактабгача таълим ёшидаги болаларни ҳам, ўн биринчи синф ўқувчиларини ҳам мулоқот қилишга ўргатадиган китоблар ҳақида маълумот берамиз.

«Саша ва миттивой»

Оилада фарзанднинг дунёга келиши кутилаётганида тўнғич фарзанд зўриқиш ҳолатини ҳис этиши мумкин. У ота-онаси эндиликда уни яхши кўрмай қолиши, барча ўйинчоқларни ука ёки сингилга беришларидан чўчийди. Анна-Карен Гархман томонидан ёзилган китоб эса болаларча қўрқув ва қизғаниш ҳиссини енгишда ёрдам беради.

«Болалар алдаганида нима қилиш керак?»

Пол Экман ўз китобида бола алдаганида у билан қандай суҳбатлашиш ҳақида ёзади. Муаллиф ёлғон сўзлашнинг сабаблари ва турлари (ҳимояланиш, мақтаниш ёки маълумотни бўлишишни рад этиш мақсадидаги ёлғон) ҳақида сўзлаб,  болалар нима учун эрта ёшда ёлғон гапиришни бошлашлари ҳақида тушунтиради ва ота-оналарга ҳаракатлар режасини ҳам тақдим этади.

«Тилла бола»

Лаверн Энтробас бола ўзини ота-онаси истаганидек тутмаганида катталар нима қилиши кераклиги ҳақида ҳикоя қилади. Спойлер: Шўхлик ва эркалик бу – нормал ҳолат.

«Монсики» 

Виктория ва Глеб Шиманскийлар болалар учун сеҳрли мавжудот – Монсикилар оламини яратишди. Улар болага ўз ҳисларини назорат қилишни ўргатади: ғазабни тийиш, хурсандчиликни одоб билан ифода этиш, қайғуни енгиш. Бу китоб болага ўз ҳисларини бошқаришда кўмакчи бўла олади.

«Болаларга муҳим нарса ҳақида»

Наталья Ремиш ўз китобида жуда муҳим мавзуга қўл урган. Болалар кўпинча «ноқулай» саволлар беришади: «Нима учун мен билан дўст бўлишни исташмайди?», «Нимага анави бола юрмайди?», «Нима учун бу нарсани сотиб ололмаймиз?». Муаллиф болаларга уларни қизиқтирган саволларга ўйин тарзида жавоб бериш ҳақида ҳикоя қилади.

«Тарбиядан озод бўлиш»

Дима Зицер ҳар дақиқада сергак бўлиб, тарбия қилиш зарур эмас деб ҳисоблайди. У «катталарга хос» жиддий панд-насиҳатларни кўпроқ фойда келтирадиган енгил мулоқотга алмаштириш керак деб ҳисоблайди. Ана шунда ота-она ва фарзандлар узоқлашмайди, аксинча бир-бирини қадрлашни бошлайди.

«Кел, дўст бўламиз! Болани дўст орттиришга қандай ўргатиш мумкин?»

Хилари Перейра бу китобни нафақат дўстлаша олмаётган фарзандларнинг ота-оналари, балки дўстлари кўп бўлганларга ҳам атаб ёзган. Бола ўзганинг таъсирига тушиб қолмаслиги учун нима қилиш керак? Ўз-ўзини енгиб, мулоқот қилишни қандай бошлаш мумкин? Барча жавоблар – ана шу китобда.

«Қизларнинг катта ҳаётга етти қадами»

Биринчи навбатда бу ота-оналар учун ёзилган қўлланма. Лиза Дамур ўз китобида катта одамларга «деярли катта одам»ни тушунишда ёрдам беришга ҳаракат қилишган. Кўпчилик ота-оналар қизларининг улғайиши – олдиндан айтиб бўлмайдиган ва бошқарилмайдиган жараён деб ҳисоблашади. Бироқ бундай эмас. Аслида эса ўсмир қизларнинг ғалати хатти-ҳаракатлари мантиқий мақсадларга бўйсунади.

«Коммуникациялар»

Рита Картернинг китоби ўсмирларга «катталарга хос» мулоқот қилишда ёрдам беради: суҳбатдошни тушуниш, яширин имо-ишораларни тушуниш, шахсий фикрларни яшириш. Бундан ташқари, муаллиф илк ижобий таассурот қолдириш ва унга кутилмаган гап билан путур етказмасликни ўргатади.

«Аҳамиятга эгасан»

Кортни Макавинта ва Андреа Вандер Плайм бу китобни ўсмир қизларга атаб ёзишган. У ёш қизларни ўз-ўзини ҳурмат қилиш, атрофдагиларнинг фикрига қарамай мустақил қарорлар қабул қилишга ўргатади. Муаллифлар шахсий чегараларни болалик даврида ўрнатиш ва ҳимоя қилишни билиш келажакдаги умидсизликларнинг олдини олиши мумкин деб ҳисоблашади.

 

Тайёрлаган:  Дилшод Аскаров

Мавзуга оид