Ўзбекистон | 17:47 / 16.12.2020
5737
2 дақиқада ўқилади

Маданий мерос департаменти «Тош ҳовли иши» бўйича буюртмачи ва пудратчи ташкилотни судга берди

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти бўлим бошлиғи Ҳасан Холмуродов Хива шаҳридаги Тош ҳовли саройининг девори бузилиши юзасидан департаментнинг ўрганишлари бўйича маълумот берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Биз ўрганишлар натижасида 2020 йилнинг 14 декабрида буюртмачи ва пудратчи корхона устидан судга мурожаат қилганмиз.

Қайтараман, маданий мерос объектлари, айниқса жаҳон маданий мерос объектлари рўйхатига кирган тўртта ҳудуддаги барча қурилиш ва таъмирлаш ишлари илмий экспертлар кенгаши томонидан берилган хулоса асосида қилиниши керак эди», – деди Ҳасан Холмуродов 15 декабрь кунги матбуот анжуманида.

«Ҳолат шундай бўлганки, 2020 йил август ойида Ичан-қалъа музей қўриқхонаси томонидан смета ҳужжатлари тайёрланиб, илмий-эксперт кенгашига тақдим этилган. Илмий-эксперт кенгаши эса бу сметани кўриб чиқиб, лойиҳа ҳужжатларини тақдим этиш бўйича Ичан-қалъа музей қўриқхонасига мурожаат қилган. Лекин шу кунга қадар ҳам лойиҳа ҳужжатлари илмий-эксперт кенгашига тақдим қилинмаган.

Шунингдек, биз ўрганиш давомида пудратчи корхонадан бузиб олинган девор ҳақида сўраганимизда, улар ҳозир сайёҳлар камлиги ва девор ўзи қулаб тушганлигини билдирди.

Улар ҳатто маданий мерос объектларига шикаст етказганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс бўйича жавобгарликдан ҳам бехабарлигини билдиришди», – деди департамент расмийси.

Бўлим бошлиғининг қўшимча қилишича, 2019 йилда маданий мерос объектларига зарар етказилгани учун жавобгарлик кучайтирилган.

«Жиноят кодексининг 132-моддаси ва маъмурий кодекснинг 64-моддасига биноан, маданий мерос объектларига етказилган зарар учун жавобгарлик кучайтирилган. Афсуски, фуқаролар, жумладан мансабдорларнинг кўпчилиги бундан хабардор эмас», – деди Ҳасан Холмуродов.

Мавзуга оид