Жамият | 08:20 / 27.05.2021
33834
11 дақиқада ўқилади

«Канадада ўзимни эркин, имкониятлари чекланмаган, кучли ва керакли сезаман» — канадалик ўзбек олима билан суҳбат

Дилсора Комил (Фозилова) – олима, шоира, фан номзоди, Канаданинг British Columbia университети ўқитувчиси. 16 йилдан бери Канадада истиқомат қилаётган Дилсора Фозилова хориждаги фаолияти, ҳаёт тарзи, таълим сифати, ижтимоий муаммолар ҳақида сўзлаб берди.

“Ўзбекистондан чиқиб кетишимнинг сиёсий сабаблари бор”

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида уста дурадгор оиласида таваллуд топганман. Етти фарзанднинг олтинчисиман. Оилалиман, 3 фарзандим бор. Икки ўғлим университетни тугатиш арафасида. Кенжа қизим 7 ёшда, француз тили мактабида ўқийди.

Канадага келгач, тил ўргандим. Олдин коллежда, кейин университетда ўқидим. Алберта университетида бакалаврни (социология ва сиёсатшунослик бўйича мутахассислик олдим) тугатгач, магистратурага таклиф қилишди. Магистратурани ҳам Алберта университетида сиёсий фанлар департаментининг “Халқаро қонун ва дипломатия” бўлимида ўқидим. Магистратурани тугатиб, бир муддат коллежда IELTS ва CELPIP имтиҳонларига тайёрлаш курсларида дарс бердим.

2016 йил British Columbia университетида докторантурада ўқишни бошладим. 2018 йилда фан номзоди бўлдим. Ҳозирги кунда шу университетда дарс бераман. Илмий тадқиқотимнинг охирги босқичидаман. Тадқиқотим Ўзбекистонда исломнинг қайта жонланиши, диннинг парадоксал бошқаруви, секуляр давлат ва ислом ўртасидаги муносабатларни анализ қилади. Тадқиқотим натижаларини Ўзбекистонда ўзбек тилида нашр эттириш ниятим бор.

16 йилдан бери Канадада яшайман. Ўзбекистондан чиқиб, Россияга кетишимизнинг сиёсий сабаблари бор: бу турмуш ўртоғим оиласи вакилларининг 90-йиллар бошидаги сиёсий ўзгаришлар жараёнидаги фаоллигига бориб тақалади.

Мен шахсан у пайтларда ёш келинчак эдим ва фарзандларим дадаси Россиядан Ўзбекистонга қайтмагани учун оиламни сақлаб қолиш мақсадида болаларим билан 2003 йил ёзида Россияга кетишга мажбур бўлганман. Аёл, она сифатида 2 ва 4 ёшли гўдакларим билан мусофирчиликда жуда оғир йилларни бошимдан ўтказдим.

Ўша замон сиёсати бирмунча радикал ва диалектив эди. Турмуш ўртоғим ва акалари Ўзбекистонга қайтишимиз хавфли, деб уқтирардилар ўшанда. Шунинг учун ҳам чет давлатга иммиграция учун ҳужжат топширишга рози бўлганман. Лекин буни тақдир тақозоси, деб қараган вақтларим жуда кўп бўлган. Чунки биз билан ҳужжат топширган, чет давлатга чиқиб кетишни қаттиқ хоҳлаганларнинг кўпига иммиграция имконияти бўлмаганини эслайман.

“Давлат бойликларининг талон-торож қилинаётгани минглаб бошқа муаммоларнинг асосий сабабидир”

Давлат бойликларининг талон-торож қилинаётгани минглаб бошқа муаммоларнинг асосий сабабидир. Таниш-билишчилик имкониятли гуруҳга қонунларни айланиб ўтиш имконини беради ва натижада қонун фақат халқ учун яратилган бўлиб чиқади. Бу оддий халқнинг азият чекишига сабаб бўлмоқда.

Қонун устуворлигини таъминлаш учун кадрлар масаласига эътибор қаратилиши керак. Бу осон ечиладиган муаммо эмас. Шифокорнинг ўзи оғир касал бўлгандаги ҳолат бу. Хўш, шифокорнинг ўзи оғир касалликка чалинган бўлса ва ўз билимини ўргатмоқчи бўлган шифокорларга унинг касаллиги юқиб қолаверса, нима қилиш керак? Ўша шифокорнинг ёрдамисиз етишиб келаётган шифокорларни қаттиқ тайёрловдан ўтказиш керак, ишлаш тартиби жорий қилиниши керак, бошқа давлатлар тажрибасини ўрганиш керак.

Янги кадрларда яна ўша касаллик белгилари кўриндими, уларни сафдан чиқариш керак. Демак, кўп нарса кадрлар масаласига, уларни ишга тайёрлаш ва иш жараёнидаги қаттиққўлликка бориб тақалади. Давлат ичида адолат устуворлигини ўрнатиш жуда кўплаб кичик муаммоларни ўз-ўзидан ҳал қилади.

Юқоридаги муаммонинг асосий сабаби, таълим тизими ўта ачинарли аҳволда эканлигидир. Билимли кадрлар маошини кўтариш, соғлом рақобатни йўлга қўйиш, тажриба, билим алмашув дастурларини ташкил қилиш, университетлар мавқейини кўтариш ва халқаро талабаларни жалб қилиш, иқтидорли профессорларни ишга таклиф қилиш таълим тизимини ўнглашга ёрдам беради. Айниқса, илмий тадқиқотлар сифати ва уларни молиялаштиришга эътибор қаратилиши керак.

Ўзбекистонда диний бағрикенглик жадаллик билан давом этяпти. Исломнинг жонланиши тарихда кўп кузатилган ва унинг жамият учун турли томонлари бор. Дунёвий билимларга эътибор камайиши ҳам мумкин. Бу муҳим тарихий жараёнда таълим соҳаси алоҳида ўрин тутади.

Фақат ислом дини эмас, динлар тарихини ўргатишнинг ўқувчи тушунчаларини шакллантириш ва толерантликни оширишда аҳамияти чуқур. Шу билан бирга, аниқ фанларга ва дунёвий билимларга эътибор кучайтирилиши балансни сақлаб қолишга хизмат қилади. Бу муаммоларнинг ечими мураккаб, узоқ муддатни ва минглаб жонкуярларнинг биргаликда ҳаракатини талаб қилади.

“Диний экстремизм тушунчаси”

Дин ва давлат ўртасидаги муносабат Ўзбекистон учун долзарб деб ҳисоблайман. Унда бир-бирига қарама-қарши турадиган бир неча манфаатлар бор. Инсон ҳуқуқлари ва давлат хавфсизлиги, секуляр давлат ва демократик стандартлар, экстремизм хавфи ва илм олиш ҳуқуқи.

Бу элементларнинг ҳар бири муҳим ва оддий халқ бу мураккабликни тушунмасдан давлатдан норози бўлиш ҳолатлари жуда кўп учрайди. Ислом Каримов давридан аҳолининг асосий қисми мусулмон бўлган давлатда исломий озчилик яратилди ва тазйиққа учради. Диний экстремизм тушунчаси ва унинг ижтимоий-сиёсий талқини Ўзбекистонда жуда ачинарли аҳволда эди. Шу сабабли сиёсий жиҳатдан активлиги давлат барқарорлигига таъсир қилиш эҳтимоли бўлмаган гуруҳлар тазйиққа учради.

Давлат дин муаммосини изчиллик билан ўрганиши, аҳолининг диний эҳтиёжини қондирган ҳолда баъзи ҳолатларга қарши эффектив дастурлар ишлаб чиқиши керак. Социологлар, сиёсатшунослар, теологлар учун тадқиқот эшикларини очиб бермоқ лозим. Энг асосийси, динда аёл ўрни, унинг ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида ўрганиш ва тушунтириш ишлари олиб бориш лозим.

“Ўзбек аёллари олдида турган жуда катта муаммолардан бири мизогинияни нормаллаштириш ва аёлларни ҳуқуқсизлантириш кампаниясидир”

Бугунги ижтимоий муҳит аёлни ўз ҳақ-ҳуқуқи учун курашишга эмас, пассив бўлишга, сабр қилишга, тазйиқ ўтказаётганларга индамай хизмат қилишга чорламоқда. Ўзбек аёллари олдида турган жуда катта муаммолардан бири мизогиния (аёлларни таҳқирлаш, хўрлаш) нормаллаштириш ва аёлларни ҳуқуқсизлантиришдир.

Бу иллатларнинг илдизи юқори лавозимларда аёлларнинг етишмаслиги, муҳим қарорлар устида мулоҳаза юритиладиган стол атрофида аёлларнинг етишмаслиги, жинсий ва иқтисодий тенгсизликка, имкониятлар тенгсизлигига, аёл парвариш қилувчи бўлиб қолаётганига ва унинг вазифалари ҳурмат-эътиборга лойиқ, деб топилмаётганига бориб тақалади.

Қонунлар Ўзбекистонда ёмон ишлаши тўғрисида юқорида гапирдик. Қонунлар устувор бўлмаган жамиятда энг хўрланадиган қатлам –  бу ҳақ-ҳуқуқи топталган, имконият эшиклари ёпиб қўйилган, узлуксиз тазйиқ остида қолаётган қатламдир ва унинг асосий қисмини аёллар эгаллайди.

Аёлга қарши қилинаётган жиноятлар нега жазосиз қолмоқда? Чунки бу жиноятни қилаётганлар қонундан қўрқмайдиганлар, қонун соҳасида ишлайдиганларда ҳам нафс борлигини ва уларни пул билан фалажлаш йўлини биладиганлардир. Агар бу ҳолат давом этаверса, ўзбек аёллари ўзига ишончни янада йўқотиб боради ва бу жуда катта йўқотиш.

“Канадада ўзимни жуда эркин, имкониятлари чекланмаган, кучли ва керакли сезаман”

Канадада аёл ва эркак қонун олдида тенг ва ҳатто кўп ҳолларда унинг оналиги, аёллиги, фарзандлари олдидаги масъулияти сабаб қонуннинг “муқобил ўлчамлар” программаси қонун аёл томонга ён босишига қонуний имконият яратади. Жамиятда аёл эркинлиги ва ҳақ-ҳуқуқлари таъминланган. Ҳар бир обрўли ташкилотда жинсий зўравонликка қарши қатъий чоралар кўрилган. Профессионал муҳитда тегажоғлик каби майда жиноятлар ҳам ходим ўз лавозимини йўқотишига сабаб бўлиши мумкин. Шундай қонунлардан хабардорлик, аёлларга ўз ҳуқуқини танишни ўргатса, эркакларга қонун билан ҳазиллашмасликни ўргатади. Умуман олганда, мен Канадада ўзимни жуда эркин, имкониятлари чекланмаган, кучли ва керакли сезаман.

“Муаммосиз жамият йўқ, Канадада ҳам ҳал қилиниши керак бўлган масалалар бор, аммо..”

Канадаликларнинг аксарияти хушмуомала, одамдўст, кулиб турадиган инсонлар. Канадага биринчи келган пайтларим буни кўп сезардим. Болаларимни сайрга олиб чиққанимда, рўпарамда келаётган аёлми-эркакми, ёшми-қарими саломлашиб ўтарди. Орқадан шошиб келаётган пиёдалар биздан ўтиб кетаётганда узр сўраганларига кўп гувоҳ бўлганман.

Ишда ҳар бир инсон ўз вазифасига жиддий қараши жуда муҳим, акс ҳолда у профессионал муваффақиятга эришиши қийин бўлади. Муаммолари йўқ жамиятнинг ўзи йўқ. Баъзи ҳолларда муаммолар кўтарилганда, беихтиёр Ўзбекистондаги шу ўлчам билан таққослай бошлайман ва сезаманки, катта муаммолар ечилгандан кейингина кичкина муаммолар сув юзига чиқишни бошлайди ҳамда уларга жавоб изланади. Канада ҳозир шундай сув юзига чиқиб келаётган муаммоларни ечиш йўлида қаттиқ меҳнат қилаётган жамият.

“Таълим барча учун тенг”

Таълимнинг энг муҳим ютуғи шуки, билим олиш имконияти ҳамма учун тенг. Ҳатто талаба билан қаҳва устида нимадир тўғрисида гаплашмоқчи бўлган профессор талабасининг қаҳвасига пул тўлаганини ва талабадан ўзига ҳеч нима ўтказмасликка ҳаракат қилишини кўп кузатдим. Демак, таълим соҳасида адолат бор ва фақат кучлилар юзага чиқади.

Грантлар ва лавозимлар учун рақобат жуда кучли, сифатли журналларда академик мақолалар чоп этилишининг аҳамияти ошиб бормоқда. Аммо бу илмий мақолаларни ёзиш ҳам жуда кучли билим талаб қилади. Ўзбекистоннинг Канададан ўрганса бўладиган томонлари кўп ва бу масалада Ўзбекистон билан бирга ишлашга ҳар доим тайёр бўламан.

Ўзбекистон мени доим ўзига тортади. Айниқса, кейинги йилларда шу эҳтиёж, шу хоҳиш кучайиб бораётганини сезаман. Канада мени ўзимга, жамиятда ўрним борлигига, истаган мақсадимга эришишимга имконият борлигига ишонтирди. Мақсадингизга яраша меҳнат ва ҳаракат қилсангиз, бас. Ўзбекистон ҳам ҳар бир ватандош учун ана шундай давлат бўлишини истайман ва шу ишга менинг ҳам ҳиссам қўшилишини ўзимга тилайман. Мен ўзимни Ўзбекистондан кетгандай эмас, аксинча Ўзбекистонни қалбимда кўтариб юргандай ҳис қиламан.

Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди.

Мавзуга оид