Ўзбекистон | 08:46 / 21.07.2020
9675
5 дақиқада ўқилади

Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби тасдиқланади

Солиқ кодекси қабул қилиниши муносабати билан солиқ текширувига оид низомлар тасдиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси қабул қилиниши муносабати билан солиқ текширувига оид низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

Солиқларни тўламаслик хавфини баҳолаш ва солиқ тўловчиларни инсофлилик мезонлари асосида сегментлаш тизими тўғрисида низом;

Камерал солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги низом;

Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом;

Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, у Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ солиқ тўловчиларни ва солиқ агентларни сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартибини белгилайди.

Солиқ органлари сайёр солиқ текшируви доирасида қуйидагиларни амалга оширишга ҳақли:

  • солиқ солиш объектларини аниқлаш;
  • хронометраж кузатувларни ўтказиш;
  • назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилишини текшириш;
  • солиқ тўловчи ходимларининг солиқ ҳисоботдаги кўрсатилган ва ҳақиқий сони мувофиқлиги юзасидан мониторингни амалга ошириш;
  • бозорлар, савдо комплекслари, уларга туташ бўлган автомобиль воситаларининг тўхташ жойлари фаолиятини солиқ қонунчилигига риоя этилишини текшириш;
  • савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини текшириш;
  • асосий воситалар, товар-моддий бойликлар, пул маблағлари ва ҳисоб-китобларни хатловдан ўтказиш.

Сайёр солиқ текширувида ҳисобга олиш ҳужжатларининг, товар-моддий бойликлар ва пул маблағлари ҳаракатининг, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотнинг таҳлили ўтказилади.

Сайёр солиқ текширувини ўтказишда солиқ тўловчилардан сайёр солиқ текшируви предметига алоқадор бўлмаган ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Сайёр солиқ текширувини ўтказиш чоғида солиқ органлари профилактика тадбирларини ўтказишга ҳақли.

Профилактика тадбирлари жумласига солиқ тўловчилар томонидан солиқ қонунчилиги бузилиши ҳолатларини аниқлаш, уларга барҳам бериш ва олдини олиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш мақсадида амалга ошириладиган хатти-ҳаракатлар йиғиндиси киради.

Сайёр солиқ текшируви ўн иш кунигача бўлган муддатда ўтказилади.

Сайёр солиқ текшируви натижаларига кўра солиқ органлари томонидан солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаш амалга оширилмайди.

Сайёр солиқ текшируви қуйидаги асослар бўлганда ўтказилади:

  • солиқ органида “Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш” автоматлаштирилган дастурий маҳсулоти орқали аниқланган, солиқ тўловчилар фаолиятидаги солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлганда;
  • жисмоний ва юридик шахслардан солиқ тўловчилар фаолиятида солиқ ва валюта қонунчилиги бузилиши ҳолатлари тўғрисида мурожаатлар келиб тушганда, бундан аноним мурожаатлар мустасно;
  • оммавий ахборот воситаларида солиққа ва валютага оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ахборотлар эълон қилинганда;
  • камерал солиқ текшируви жараёнида аниқланган тафовут ва хатоларни солиқ органи жойлашган жойдан ташқарида ўрганиш зарурати юзага келганда;
  • суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда давлат органлари томонидан солиққа ва валютага оид ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва бартараф этиш бўйича киритилган хабарлари асосида.

Сайёр солиқ текшируви солиқ органи раҳбарининг (ўринбосарининг) буйруғи асосида ўтказилади. Буйруқда солиқ тўловчининг номи, текширувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда лавозими, текширувларни ўтказиш муддатлари ва мақсади кўрсатилади.

Сайёр солиқ текшируви ўтказиш учун солиқ органининг икки ёки ундан ортиқ мансабдор шахслари жалб этилган тақдирда, буйруқда бир нафар ходим текширишда вазифаларни тақсимлаш бўйича гуруҳ раҳбари этиб белгиланади.

Ўтказиладиган сайёр солиқ текширувлари Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил хабардор қилинган ҳолда ўтказилади, бундан давлат рўйхатидан ўтмасдан, ноқонуний равишда тадбиркорлик фаолиятини юритаётган жисмоний шахслар мустасно.

Бунда, ўтказилган текширувларнинг натижалари солиқ органлари томонидан текширув тамомлангандан кейин уч кун ичида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади.

Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган сана ушбу текширувни ўтказиш муддатининг бошланиши деб ҳисобланади.

Сайёр солиқ текшируви жараёнида солиқ органи Солиқ кодексининг 145- ва 148-моддаларида белгиланган тартибда солиқ тўловчининг биноларни ва ҳудудларни кўздан кечиришга ҳамда ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйишга ҳақли. Бунда, ушбу тадбирлар холислар иштирокида амалга оширилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид