Ўзбекистон | 23:49 / 04.08.2025
9237
10 дақиқада ўқилади

Ҳукумат “Sea Breeze Uzbekistan” қурилишини тасдиқлади

Ҳужжатга кўра, Чорвоқдаги йирик қурилиш ишлари лойиҳалаш билан параллел олиб борилади. Инвесторга инфратузилма объектларини қуриш учун ҳукумат кредит ажратади. Қарор билан кам қимматли дарахтларни кўчириш ёки кесилган дарахт учун компенсация тўланмай, ўрнини 5−7 йиллик 10 туп кўчат билан тўлдиришга рухсат берилган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Чорвоқ атрофидаги 577 гектар ер майдони озарбoйжонлик тадбиркор Эмин Агаларовнинг “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси учун ажратиб берилди.

Ҳужжат билан инвестор олдига бир қанча шартлар қўйилган. Kun.uz қарордаги муҳим бандларни шарҳлайди.

Вазирлар Маҳкамасининг Чорвоқ сув омбори бўйида “Sea Breeze Uzbekistan” умуммавсумий курорт мажмуасини барпо этиш ва бу бўйича йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирларини ўз ичига олган 490-сонли қарори қабул қилинди.

577 гектар ер майдонини эгаллайдиган лойиҳанинг қиймати 5 млрд АҚШ доллари этиб белгиланган. Уни қуришда “Sea Breeze Uzbekistan” МЧЖнинг таклифлари энг яхши таклиф сифатида танланган. Агаларов лойиҳани 2025-2035 йилларда амалга ошириши белгиланган.

Маълумот учун, “Sea Breeze Uzbekistan” МЧЖнинг 50 фоиз улушига AGALAROV DEVELOPMENT, қолган 50 фоизига фуқаро Маҳмудов Улуғбек Абдурасулович эгалик қилади.

577 гектар ер участкаси Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги тасарруфига қайтарилиб, бўш турган ер участкаси сифатида “Sea Breeze Uzbekistan” МЧЖга 25 йилга тўғридан-тўғри ижара ҳуқуқи билан берилади.

Ижара қиймати 1,7 трлн сўмга баҳоланган. Инвестор ижара учун 5 йил давомида 17 млрд сўмни бўлиб-бўлиб тўлаш мажбуриятини олган. Бу сумма ижаранинг бозор баҳосини 0,01 коэффициентда камайтирган ҳолда аниқланган.

Қарорга кўра, тадбиркор ер участкаларини тасдиқланган мастер-режа асосида лотларга бўлиб, бошқа шахсга ўтказиши, яъни қайта ижарага бериши мумкин.

Ҳукумат қўйган талаблар

Агаларов 2 ой ичида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги,

Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда “Чорвоқ” туристик-рекреацион зонаси дирекцияси билан қарорда белгиланган шартлар асосида инвестиция битими тузиши керак.

Бунда лойиҳани экологик талабларга риоя қилган ҳолда амалга ошириш, жумладан, реализация даврида ва лойиҳа ишга тушганидан кейин чиқинди, оқова сувларнинг Чорвоқ сув омбори ва Чирчиқ дарёсига ташланишига йўл қўймаслик, оқова сувларни Чирчиқ шаҳри сув тозалаш иншоотига йўналтириш асосий мажбуриятлардан бири этиб белгиланган.

Бу талабга риоя этмаслик лойиҳани тўхтатишга ва ерга бўлган ижара ҳуқуқининг бекор қилинишига асос бўлади.

Инвестор ҳуқуқлари ва вазифалари

“Sea Breeze Uzbekistan” МЧЖ лойиҳа доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

  • тармоқ режалари ва манзилли дастурларни ишлаб чиқиш;
  • истисно тариқасида, лойиҳани амалга ошириш доирасида 2029 йил 31 декабрга қадар қурилиш-монтаж ишларини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда амалга ошириш;
  • ҳудудий режалаштириш ва қурилиш лойиҳаларига қўйиладиган талабларни мустақил равишда белгилаши ва тасдиқлаш;
  • коммунал бошқариш, инвестиция фаолияти, маркетинг, баҳолаш, геология-қидирув, топографик суратга олиш, бино ва иншоотларнинг техник ҳолатини текшириш хизматларини кўрсатиш;
  • Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда курорт ҳудудидаги коммунал хизматлар тарифларини белгилаш;
  • курортни қуриш жараёнида инвесторларга шартнома асосида хизмат кўрсатиш, санитария-гигиена, муҳандислик-коммуникация хизматлари кўрсатиш, шунингдек, уларни транспорт инфратузилмаси ва ёрдамчи иншоотлар билан таъминлаш;
  • ер участкаларини бош режа асосида ва ҳар бир лот бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларни Ер кодекси талаблари доирасида нотариал тасдиқланган ҳолда ўтказиш (қайта ижарага бериш).

Тадбиркор вазифалари:

  • етакчи лойиҳа ташкилотлари билан биргаликда халқаро тажриба ва экологик талаблардан келиб чиққан ҳолда бош режа ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқади;
  • инвесторларни саралаш ва улар билан музокаралар олиб бориш, шартномалар тузиш ҳамда инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилади;
  • курорт ҳудудида лойиҳа-қидирув, қурилиш-монтаж ишларини олиб боришда индивидуал техник шартларга риоя қилиш тўғрисида шартномалар тузади ва уларнинг бажарилишини назорат қилади;
  • замонавий турар жой мажмуалари қурилишига катта тажрибага эга маҳаллий ва хорижий компанияларни жалб этади, уларга замонавий усуллар, энергия тежамкор технологиялар ва қурилиш материалларини қўллаш бўйича мажбурий кўрсатмалар беради;
  • Ўзбекистонда ва хорижда кенг кўламли реклама кампаниясини ташкил этади;
  • муҳандислик ва транспорт тармоқларини ривожлантириш учун инфратузилма тўловларини тўлайди.

19 та ер участкаси ажратилади

Тошкент вилояти ҳокимияти ҳукумат қарорининг иловасида кўрсатилган 19 та ер участка эгасининг ерга бўлган ҳуқуқларини бекор қилиши ва бўш ерлар сифатида рўйхатга олиши керак. Ҳудуд жами 527 гектарни ташкил этади.

Улар учун умумий 17,7 млрд сўм компенсация пули ҳисобланган. Ер эгалари ва ижарачиларнинг зарарлари инвестор томонидан ҳокимликнинг маҳаллий бюджетига ажратилган 5 млн доллар, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланиши айтилган.

Жадвалда келтирилган ерларнинг аксарияти (13 таси) фермер хўжаликларига тегишли. Бунга қўшимча равишда 50 гектар ҳудуднинг ҳам тоифаси ўзгартирилади, ижтимоий аҳамиятга эга объектлар ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва транспорт инфратузилмасини қуриш учун ажратилади.

Лойиҳа ҳудудида жойлашган ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектлари (қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ҳудудлари бундан мустасно) “Sea Breeze Uzbekistan” МЧЖ томонидан уларнинг эгалари билан келишилган ҳолда сотиб олинади.

Қурилиш лойиҳа объектларини барпо этиш учун қўшимча инвесторларни жалб қилишга ҳам рухсат берилади.

Тасдиқланган бош режа ва тармоқ жадвалида назарда тутилган қурилиш муддатлари бузилган тақдирда ҳамда аниқланган қоидабузарликлар расмий билдиришнома юборилган кундан бошлаб 12 ой ичида бартараф этилмаса, ер участкаларини ижарага бериш (ёки қайта ижарага бериш) шартномалари бекор қилинади.

Инфратузилмага тўлов ундирилади

Ижарачилар қурилаётган майдоннинг ҳар квадрат метри учун қурилиш ҳажмига мос равишда 50 доллар миқдорида инфратузилма тўловини тўлашлари керак. Бош режада кўрсатилган ерости автотураргоҳлар, техник бинолар ва давлат ижтимоий объектлари бундан мустасно. Пуллар объектлар ишга туширилгунга қадар “Чорвоқ” туристик-рекреацион зонаси дирекциясининг шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказиб борилади.

Дирекция бу маблағлар билан беш йил давомида қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаши керак. Қолаверса, бу суммалар тоғли ва олис ҳудудларда туристик инфратузилмани ривожлантириш жамғармаси маблағлари ижтимоий соҳа объектларини, коммунал тармоқларни, йўлларни лойиҳалаш ва қуриш, суғориш ва малакали мутахассисларни жалб қилиш учун ишлатилиши мумкин.

Қарор билан компания мурожаатидан келиб чиқиб, яшил майсаларни кесиш ва яшил майдонларни қайта тиклаш Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги тизимидаги ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Экология вазирлиги ва “Sea Breeze Uzbekistan” бир ой муддатда лойиҳа ҳудудидаги дарахтларни хатловдан ўтказиши, сўнг уларни қимматбаҳо, кам қимматли ва нобуд бўлган тоифаларга ажратиши керак.

Дарахтларга оид энг қизиқ банд шу ерда янграган, яъни қарор билан тадбиркорга қимматбаҳо дарахтларни умуммавсумий курорт барпо этиш лойиҳасига асосан ташкил этилаётган яшил зоналарга ёки ўрмон фондининг бошқа ерларига кўчиришга;

кам қимматли дарахтларни бошқа ҳудудга кўчириш ёки дарахт кесганлик учун тўловни амалга оширмасдан бир туп кесилган дарахт ўрнига компенсация сифатида тупроқ-иқлим шароитига мос 5−7 йиллик 10 туп кўчат экишга;

нобуд бўлган дарахтларни белгиланган тартибда кесишга рухсат берилган.

Экология вазирлиги ва Бош прокуратура:

  • Чорвоқ сув омбори ва унинг муҳофаза зонаси сувларига маиший, ишлаб чиқариш чиқиндилари ва оқова сувлар оқизилишининг олдини олиш устидан доимий ва комплекс назоратни таъминлаши;
  • атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, санитария ва экологик меъёрларга риоя қилиш ва соғлом экологик муҳитни сақлаш бўйича “қатъий чоралар” кўриши;
  • барча биноларни, шу жумладан, янгиларини хатловдан ўтказиш, экологик меъёрларни бузган объектларни бартараф этиш ва айбдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўриши керак бўлади.

Бош прокурор ўринбосари Салом Самадовга лойиҳанинг шаҳарсозлик ва экологик талаблар нуқтаи назаридан амалга оширилиши устидан қаттиқ прокурор назоратини ўрнатиш тавсия этилган. Агар “Sea Breeze Uzbekistan” компанияси ёки бошқа инвесторлар инвестиция мажбуриятларини бажармаса, ижара шартларини бузса ёки Ер кодексининг 36−37 моддаларида назарда тутилган асослар юзага келса, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилинади.

Инфратузилма объектлари учун кредит ҳам олинади

Инфратузилма объектлари учун қурувчилардан ундириладиган тўловдан ташқари, автомобил йўллари, ичимлик ва оқова сув таъминоти, электр тармоқлари, газ таъминоти ва алоқа, Чорвоқ сув омбори ҳудудида кўприк қуриш учун давлат томонидан ташқи қарз жалб қилиш ҳам режалаштирилган.

“Sea Breeze Uzbekistan” умуммавсумий курорт мажмуасини барпо этиш бўйича республика ишчи гуруҳи ташкил қилиниб, унга лойиҳани амалга оширишда юзага келадиган ташкилий масалаларни тезкорлик билан ҳал қилиш вазифаси юклатилган. 13 кишилик ишчи гуруҳга раҳбар этиб бош вазир ўринбосари Жамашид Хўжаев тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, 23 июл куни Тошкентда ўтган матбуот анжуманида экология вазири Азиз Абдуҳакимов инвестор томонидан ҳали лойиҳа кўриб чиқиш учун расман киритилмагани, тегишли ҳужжатлар тақдим этилгач, вазирлик лойиҳани жамоатчилик муҳокамасига қўйишини айтганди.

Дилшода Шомирзаева, Kun.uz

Мавзуга оид