Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Бу ерга ким нима мақсадда келса, қидирганини топади» – Америкада 8 йилдан буён такси ҳайдаётган Ҳабибуллонинг ҳикояси
Асли ўзбекистонлик Ҳабибулло Саъдуллаев 11 йилдан буён АҚШнинг Нью-Йорк штатида меҳнат қилиб, яшаб келмоқда. Дастлаб Манхэттенда велосипедлар ижарага бериш билан шуғулланган қаҳрамонимиз бугун Uber'да ҳайдовчилик қилади. Ҳабибулло Kun.uz мухбири билан суҳбатда Америкада ҳайдовчилик қилиш, унинг қийинчиликлари ва шароитлари, Нью-Йорк ҳаёти ҳақида гапириб берди.
— Биринчи бу ерга қандай қилиб келганингиз ҳақида гапириб берсангиз.
— Америкага келишим тарихи жуда қизиқ бўлган. Ҳеч қандай тайёргарлик кўрмаганман. Омадимни синаб кўрай деб ҳаракат қилганман. Инглиз тилини мукаммаллаштириш дастури бўйича топшириб, талаба визаси билан келганман. Ўша пайтда жуда кўп Америкадаги танишларим Нью-Йоркка топширма, виза олиш имкониятларинг чекланган бўлади, дейишган. Лекин барибир ҳаракат қилиб кўрганман. Бошида визангиз тасдиқланди, олиб кетинг, дейишганида ишонмаганман, чунки доим қийин деб эшитиб келганман. Икки дақиқалик интервью ва визани олганман. Бу ерга келгунимча Тошкентда кўп жойда ишлаганман, охирги иш жойим Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг “Ўзмарказ импекс” компаниясида ишлаганман. Америкага биринчи келганимда, яъни 2011 йилда тўфондан кейин сув босиб товарларнинг бир қисми оқиб кетган омборда ҳисоб-китоб бўйича ишлаганман. У ерда бир ой ишлаб, Манхэттендаги – Central park’да туркманистонликларнинг велосипед ижарага берадиган ширкатига ёрдамчи бўлиб ишга кирганман ва бир ойдан кейин менежер лавозимига кўтарилганман. 3 йил ишладим у ерда ҳам. Асосан «Work and travel” дастури бўйича келган ўрта осиёлик йигитларга ижарага велосипед берардик.
У ерда кўтарилишим мумкин бўлган юқори даража шу иш бошқарувчилик эди, унга эришдим. Шунинг учун ҳам бошқа жойда ишлашга ҳаракат қилиб, Uber taxi'га ишга кирганман. Мен ишга кирган пайтларда ойлик маош жуда яхши эди. Кечки соат 17⁰⁰ да ишга чиқиб, соат 01⁰⁰ гача умумий харажатлар билан 450-500 доллар топардим, соф фойда ҳам яхши бўларди.
Тошкентда пайтим яхши бўлган топиш-тутишим. Чунки у пайтда энг яхши маош тўлайдиган вазирлик эди Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги. Аммо соғлиғим кўтармади, кўзимни даволатиш учун ҳам топшириб кўрганман визага.
— Ўзбекистондан келиб Uber taxi'да ишлаш учун нима қилиш керак? Ишга кириш қандай бўлади, талаблари қандай?
— Нью-Йоркнинг ўз қонун-қоидалари бор. Имконият яратиб беради, лекин қоидаларга бўйсуниш керак. Ҳозирги кунда биринчи навбатда АҚШнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш керак. Биринчи олган пайтда «D» тоифа беради, 6 ойдан кейин эса ёлланиб ишлашга рухсат берувчи «Е» тоифа берилади. Кейин 24 соатлик курс ўқилади, тест топширилади. Кейин эса тиббий маълумотнома берилади. Ҳар йили мажбурий тарзда наркотик моддаларга текширилади. Сўнг 6 соатлик ҳайдовчилик хавфсизлиги бўйича курс ўқилади. Яна Нью-Йоркда ногирон инсонларга хизмат кўрсатиш бўйича 2-3 соатлик курс ўқилади. Буларнинг барчаси пулли, тахминан 800-900 доллар пул ва 6 ойча вақт кетади.
Лицензия олгандан кейин ҳам автомобиль топиш муаммоси бор. Ҳар қандай машинани олиб бўлмайди, махсус рақамланиб бириктирилади. Лекин сўнгги йилларда такси хизматига янги автомобиллар жалб қилиш тўхтатилган, яъни таксилар сони ошмайди.
Умуман, Uber taxi'да ишлаш учун нималар керак: биринчи навбатда ҳамма нарса қонуний бўлиши керак; солиқ тўловчи рақами; Нью-Йорк шаҳри ҳайдовчилик гувоҳномаси олинганига 6 ой ўтган бўлиши ва «Е» тоифа керак; 24 соатлик курс олинади; тиббий маълумотнома; наркотик ва алкоголь тести; 6 соатлик хавфсизлик курси ва 2 соатлик ногиронларга хизмат кўрсатиш курси олинади.
Машина олиш учун ижарага берувчи ширкатлар билан келишилади. 3 хил машина тури бор, хизмат нархлари ҳам шунга яраша бўлади. 4-5 олдин Uber taxi компанияси 30-35 фоиз олар эди, ҳозир 50 фоизгача ҳам олади.
Дейлик, ойига 10 минг доллар пул топилади. Шундан 6-7 минг доллари ўзингизга қолади. Бунинг ичидан тахминан 900 доллар бензин учун ишлатилади, ҳар ҳафта машинанинг мойи алмаштирилади, машина ҳолатига қараб таъмирлашлар бўлади. Олдинги машинамда бир марта автосервисга киришим ўртача минг доллар бўларди. Ҳозирги машинам (Toyota) 2 йил ичида бир марта бузилди. Нью-Йоркда 90 фоиз таксилар Toyota машиналари. Бундан ташқари, ҳар йили 10 апрелгача давлатга даромад солиғи тўланади. Солиқлар ҳам ҳар хил: оилали одамга бошқача, ёлғиз одамга бошқача, Нью-Йорк штати солиғи ва федерал солиқ. Тахминан 30 фоиз солиққа кетади. Яна ҳар ой 200-300 доллар машина суғуртаси тўланади. Ҳаммасини ҳисобласак, 10 минг доллардан 4 минг доллари ўзимга қолади. 4 минг доллар ёлғиз инсон учун етади, лекин оилали одамга етиши жуда қийин.
— Одатий сариқ таксилар билан Uber taxi'нинг қандай фарқи бор?
— Сариқ таксилар кўчалардан одам олади. Қўл кўтарган одамга тўхташга мажбур улар. Фақатгина бир кунда 3 марта тўхтамай ўтиши мумкин қандайдир ҳолатда, аниқ билмайман. Uber taxi эса онлайн чақиртирилади. Сариқ таксиларда ҳам, Uber taxi'да ҳам км ва соатга қараб пул ҳисобланади махсус дастурда.
— Uber taxi'да ишламоқчи бўлганларга қандай маслаҳат берасиз?
— Биринчи ўринда инглиз тилини билиши керак. Ўзбекистоннинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам керак бўлади. Нимагаки, юқорида айтган суғурта пули миқдори ҳайдовчининг тажрибасига ҳам боғлиқ. Ҳайдовчилик гувоҳномаси қанчалик эски бўлса, суғурта пули ҳам шунча камайиб боради, чунки хавфсизликка боғлиқ, тажриба ҳисобга олинади.
Келмоқчи бўлганлар келаверсин, лекин оила билан келишни маслаҳат бермайман. Чунки бир киши ишласа, жуда қийналиб қолади. Катта босим билан кўп ишлашга тўғри келади. Лекин бемалол пул топса бўлади, қидирган нарсасини топади келган одам.
— Бу ерда эканингиздан афсусланиш бўладими?
— Баъзида афсусланиш бўлади. Айниқса, 2016 йилдан кейин ҳукумат ўзгаргач, менинг ҳам қандайдир фойдам тегарди Ўзбекистонда бўлганимда, деган фикрлар ўтиб туради. Биринчи 3 йил жуда қийналганман, ўзбеклар билан гаплашишга зор бўлганман. Кечқурун Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасига телефон қилардим, у вақтда ишламайди, лекин авто жавоб берувчи ўзбекча талаффузда «Ассалому алайкум» дейиши юрагимни эзиб юборарди. Ҳалигача йиғлагим келади эсласам. Лекин ҳозир инглизча қўйилган. Ватанни соғинмай бўларканми?
Бошида ўзбекча овқатлар топиш қийин эди. Ҳозир бир нечта ресторанлар очилди, яхши ўзбек ошпазлари келди. Лекин ҳалигача Чорсу хонимини ҳеч ким тайёрлай олмаяпти. Ва гумма ҳам йўқ. Бошқа овқатларни жуда яхши қилишади. Ўзбек ресторанига кирганимда худди уйга киргандай ҳис қиламан, онам тайёрлайдиган овқатлар ҳиди келиб туради.
— Фарзандларингиз келажагини АҚШда кўрасизми ёки Ўзбекистонда?
— Хоҳлайман Ўзбекистонга боришини. Лекин улар аллақачон АҚШ фуқароси. Билмадим, кўрамиз ҳали... Аммо Нью-Йоркнинг ўзидан кетиш ниятим бор, бир нечта штатлар вариантини кўриб чиқяпман.
Яхши томони шуки, ўзингиз қандай шароитни истасангиз, шундай штатлар бор. Масалан, қорли, иссиқ, шаҳарсозлик ривожланган штатлар ёки яшил манзарали. Нью-Йоркдан бошқа штатларда даромадингиз кам, лекин яшаш учун кетадиган маблағ ҳам мутаносиб шунга. Нью-Йоркда яхши яшашингиз мумкин, лекин ортиқча пул сақлаб қўёлмайсиз орттириб.
Нью-Йоркда бир йиллик ўртача ойлик 90-100 минг доллар, Флоридада эса 24 минг доллар. Уйлар ҳам, бошқа нарсалар ҳам арзон шунга мутаносиб тарзда. Нью-Йоркда Uber taxi хизматида иккинчи иш сифатида ишласангиз яхши. Талабалар учун, ёлғиз яшайдиганлар учун Нью-Йоркдан яхши штат йўқ. Нью-Йоркдан бошқа штатларда ҳаёт унчалик қайнамайди, кўчада одамлар кам, кечқурун кўчага чиқишмайди, гавжум эмас. Олдинги мэр пайти анча хавфсиз эди Нью-Йорк, янги мэр бўлгач эса хавфли бўлиб қолди. Олдин уйсизларга туристлар садақа берарди, уларнинг даромади бўларди. Карантин даврида эса туристлар келмади, уларга даромад йўқолди. Бир нечта одамларни метро тагига итариб юборишди ҳеч қандай сабабсиз. Полиция назорат қиляпти, лекин барибир бошқариб бўлмаяпти. Карантин пайтида осиёликларга ёмон кўз билан қараш ҳам бўлди Хитойдан кириб келди вирус дейилгани учун. Манхэттен, Бруклин тарафлар хавфсиз, лекин бошқа жойларда хавф бор. Ҳатто полиция бормайдиган жойлар ҳам бор.
— Ёмон томонлари қандай ишингизнинг?
— Биринчи навбатда фақат машинада ўтириш. Яхши одамлар ҳам, ёмон одамлар ҳам ўтиради машинага. Хавфсизлик жиҳатдан таваккал бўлади, чунки ёмон одам ўтирган бўлиши мумкин. Кейин такси хизматлари жамиятининг полиция назорати бор, жарималарга тортади, суд бўлади.
Нью-Йорк полицияси зарарсиз кичик қонунбузарликларга кўз юмиб юборади. Нью-Йорк рақамидаги таксиларга унчалик тегишмайди, чунки қийин эканини билишади. Бошқа штат машинаси шундай қоида бузса, бирдан тўхтатишади. Энг кам жарима 50 доллар бўлади. Агар камерага тушиб қолса, жарима тўланади ва муаммо ҳал. Лекин полиция тўхтатса, унинг суди бўлади, муаммо бўлади. Қоида бузарлик бўйича ҳам балл бериб борилади, агар 10 баллга чиқиб кетса, бир йилгача ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйиши мумкин. Лекин бир нарса ёқади менга: полицияга қоидабузарликка мажбур бўлганингиз сабабини тушунтириб берсангиз, тушунишади. Тушунмайдиган полициячилар ҳам бор.
— Вашингтон ва Нью-Йоркдаги Ўзбекистон ваколатхоналари ўзбекистонликларга ёрдам берадими? Алоқалар қандай?
— 2016 йилдан кейин катта ўзгариш бўлди бу борада. 2012 йилда консулликдан рўйхатда туриш масаласида ёрдам сўраганимда, биз фақат Ўзбекистонга фойдаси тегадиганларга ёрдам берамиз, дейишган. 2016 йилдан бошлаб турли учрашувлар қилишади, байрамлар нишонланади. Лекин фақат телефон қилганда тушиб бўлмайди ваколатхонага. Ваколатхонанинг ўзига борилса, қўлдан келганча ёрдам беришади, бу томони яхши ташкиллаштирилган. Барибир телефон масаласида ишлаши керак, ҳар хил вазият бўлиши мумкин фуқароларда. Вашингтондаги ваколатхонада гўшакни кўтаришади.
Фарзандларимиз ўзбек тилида ҳам дарслар ўтишини хоҳлаймиз. Элчихона буни ташкиллаштирса бўлади, йўли бор. Масалан, рус тили дарслари ўтиладиган мактаблар бор. Худди шу нарсани биз ҳам хоҳлаймиз. Болаларнинг ўзбекча талаффузи бузилиб кетган. Ўзбек жамияти борган сари кенгайиб боряпти, эҳтиёж ҳам ортяпти ўзбек тили дарсларига. Фақатгина ўзбек жамияти қошида тўгарак бор. Барибир мактабда ўргангани бошқача.
Фаррух Абсаттаров
Монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов
Мавзуга оид
22:32 / 13.01.2026
АҚШ Конгрессига Гренландияни қўшиб олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси киритилди
17:05 / 13.01.2026
АҚШда Федерал захира тизими раиси Жером Пауэллга нисбатан тергов бошланди
13:02 / 13.01.2026
Украина литий қазиб олиш ҳуқуқларини америкалик инвесторларга берди
20:24 / 12.01.2026