Ўзбекистон | 16:15 / 10.04.2018
5764
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон илк маротаба Тадбиркорлик глобал конгрессида иштирок этади

Ўзбекистон вакиллари илк маротаба «Тадбиркорликнинг глобал конгресси – GEC»да иштирок этишади. Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирлигининг Тадқиқотлар ва давлат ва жамиятга инновацияларни жорий этиш бошқармаси бошлиғи Бекзод Хамзаев ҳамда Инновацион лойиҳалар натижаларини тижоратлаштириш бўлими бошлиғи Беҳруз Хамзаевлар мана шу йирик саммитда спикер сифатида қатнашишади. 

Бекзод Хамзаевнинг маълумот беришича, давлат раҳбари томонидан Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этилгани ва билан Ўзбекистон қандай имкониятларга эга бўлиши, шунингдек Ўзбекистонга инновациялар ва инновацион ғояларни жалб этиш, инновацион ташкилотларнинг юртимизда фаолият олиб боришдаги устунликлари хусусида чиқиш қилинади. 

Фото: Бекзод Хамзаев

Тадбиркорликнинг глобал конгресси (Global Entrepreneurship Congress-GEC) бу ҳар йили бўлиб ўтадиган йирик тадбир бўлиб унда жаҳоннинг йирик тадбиркорлари, инвесторлар, тадқиқотчилар, сиёсатчилар ва бошқа қатор етакчилар жам бўлишади. Улар мавжуд ғояларни ҳаётга татбиқ этиш, иқтисодий ўсиш учун туртки бериш, инсоният фаровонлигини ошириш масалаларини тилга олинади. 

Бу йил Тадбиркорликнинг глобал конгресси 10-бор ўтказилмоқда. Ўзига хос юбилей анжуманда иштирок этадиган Ўзбекистон вакиллари БМТнинг савдо ва тараққиёт бўлимининг бир қисми бўлган  Empretec ташкилоти раҳбарияти билан учрашиб, Ўзбекистонда тадбиркорликка ўқитиш масалаларини муҳокама қилишади. Шунингдек Европадаги энг йирик лоукостерларидан бири Pegasus Airlines авиакомпанияси раҳбари Али Сабанчи, йирик туристик онлайн компания Booking.com нинг раҳбари Жефф Хоффман билан, Инновация ва фан учун платформа ҳамда биотехнология лабораторияларини беғараз тақдим этиш билан шуғулланувчи GEN Space ташкилоти раҳбари Дэниел Грушкин билан, Эстониянинг тадбиркорлик ва информацион технологиялар вазири Урве Пало билан учрашиб музокаралар олиб боришади. Суҳбатлар давомида рақамли иқтисодиёт, интеграция, Инновацион тадбиркорлик, Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, фазони ўрганиш бўйича тадқиқотлар масалалари тилга олинади. 

Умумий тарзда йирик компания ва ташкилот вакиллари билан 15та учрашув ўтказиш режалаштирилган. Конгресс 15-18 апрель кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтади. 

 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид