Ўзбекистон | 01:15 / 13.03.2021
8019
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда меҳмонхоналар тизими қай даражада тиклана олди?

Фото: KUN.UZ

Пандемиядан энг кўп зарар кўрган соҳалардан бири (балки биринчи ўриндагиси) туризм бўлди. Айниқса меҳмонхоналар буткул бўшаб қолди ва бу соҳада ишловчи кўпчилик даромадини йўқотди. Ўзбекистонда сўнгги йилларда барқ уриб ривожланаётган соҳа ўзини қай даражада тиклай олди? Тизим зарардан чиқа олдими? Мана шу саволларга жавоб олиш учун Туризмни ривожлантириш ассоциацияси раҳбари Дилшод Одилов билан суҳбат қурдик.

– Айни пайтда ҳам меҳмонхоналарда қандайдир чекловлар амал қиляптими?
– Йўқ, пандемия даврида меҳмонхоналар фаолияти бўйича жорий қилинган чекловлар бекор қилинган. Барча меҳмонхоналар, ҳостеллар одатий иш режимига ўтди. Фақат санитария-гигиена қоидалари кучайтирилган, буни меҳмонлар ҳам тўғри тушуниб, ҳатто ўзлари талаб қилмоқда.

– Коронавирус ҳам анча жиловланди, чекловлар бекор қилинмоқда. Ўзбекистон меҳмонхоналари даромадлари қай даражада тикланди, қанча ишчилар ўз ўрнига қайтди?
– Тикланиш даври 2020 йилнинг октябр-ноябр ойларида бошланган ва ҳануз давом этмоқда. Биринчи навбатда асосан маҳаллий аҳолига хизмат кўрсатувчи кичик, арзон меҳмонхоналар бизнесга қайтиб, тўлиқ ҳажмда ишлашга ҳаракат қилмоқда. Чунки айнан шу даврда ички туризм ҳам аста-секин ўзига кела бошлади. Шу пайтгача зарарга ишлаган меҳмонхоналар дастлаб харажатларини қоплай бошлади, 2021 бошидан эса улар аста-секин фойдага кирди. Асосан катта меҳмонхоналар кўп зарар кўрди. Биласизми, қайси меҳмонхона ёпилмай, зарарга қарамай ишлаб турган бўлса, ўша тезроқ тикланиб кетди.

Иш ўринларига келсак, бу борада катта йўқотиш бўлганди. Оптимизация жараёнида меҳмонхоналар иложсизликдан малакали мутахассислар билан ҳам хайрлашишга мажбур бўлишди. Пандемияга қадар 100 киши ишлаётган бўлса, айни пайтда 60-70 киши ишламоқда. Яъни, камида 25-30 фоиз қисқариш бўлди. Ҳатто тикланиш жараёнида ҳам иш ўринлари тўлиқ олдинги ҳолига қайтмади, чунки пандемия даврида меҳмонхоналар ходимларига бошқача талаб қўйишга мажбур бўлмоқда. Бу даврда уч киши қиладиган ишни бемалол икки киши эплаши мумкинлиги аён бўлиб қолди.

– Меҳмонхоналар ўша оғир пайтлардан қандай қилиб чиқиб кета олди ёки чиқаяпти?
– Аввало давлат томонидан қатор имтиёзлар берилди. Бундан ташқари, пандемия қўшимча ғоялар яратилишига йўл очди. Аввал меҳмонхоналар ўзларининг қўшимча имкониятларига жиддий қарамаган бўлса, пандемия даврида шу жиҳатларга эътибор берилди. Масалан, ҳар бир меҳмонхона ўз бассейни, тренажер зали, спа салонлари, анжуманлар зали ва ресторанлари орқали ҳам қўшимча даромад кўриши мумкинлиги кўринди. Айниқса анжуманлар залларига талаб борган сари кўпаймоқда.

– Нархлар ва тўлиш даражаси ҳақида қандай маълумотлар бор?
– Меҳмонхоналарда нархлар сезиларли даражада тушган. Пандемияга қадар 1 миллион сўмлик номерлар бугун 500 минг, ҳатто 450 минг сўмга ҳам сотилмоқда. Бюджет сегментида ҳам ўзига яраша пасайиш бор. Меҳмонхоналарнинг тўлиш даражаси 35-40 фоиз атрофида. Бу натижа билан бугунги кунда зарарсиз ишлаш мумкин, аммо ривожланиш имкони бўлмайди. Қолаверса, давлат томонидан берилган солиқ имтиёзлари бекор қилинса, бу кўрсаткич билан зарарга кириб кетиш ҳеч гап эмас. Аммо вазият кун сайин ўнгланиб бораётгани умид бағишлайди.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди

Мавзуга оид