Ўзбекистон | 17:54 / 10.07.2020
21205
5 дақиқада ўқилади

«Ислом дини ҳам илм олишга тарғиб қилади» – Вазир қизларнинг ўқишига қарши бўладиган ота-оналарга мурожаат қилди

Халқ таълими вазири Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида қизларнинг олий таълим олишдаги муаммолари ҳақида гапириб, қизларнинг ўқишга киришига салбий қарайдиган ота-оналарга мурожаат қилди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

9 июль куни пандемия шароитида ОТМларга қабул жараёнларини ташкил қилиш масалаларига бағишлаб ўтказилган брифингда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ёшларнинг олий таълим муассасаларига кириши бўйича ҳудудлар ўртасида кузатилаётган тафовутлар ва бунинг сабаблари масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

Вазир брифингга йиғилган ОАВ ходимларидан болаларда таълим олишга бўлган иштиёқни ошириш, онлайн таълимда кузатилаётган қийинчиликлар ва камчиликларга қарамай таълимнинг ижобий жиҳатларини кўрсатишда вазирликка ёрдам беришни сўради.

«Бу бўйича ота-оналардан ҳам илтимосимиз бўлардики, мана бугунги тадбирда кўплаб нашрлар, жумладан, Azon.tv, Kun.uz ва бошқаларни кўряпман. Сизлардан бу нарсани уларга етказишда ёрдам сўрамоқчиман.

Биз Тошкент шаҳри ёки вилоятларида университетларга кириш бўйича энг паст ва энг юқори кўрсаткични ўрганиш учун кичик бир таҳлил ўтказдик. Бу гапимдан кейин уни турлича таҳлил қилиб ҳайп қилиш, ёки қандайдир шов-шувлар қилиш керак эмас. Унга кўра, афсуски, Тошкент шаҳридаги энг паст кўрсаткич ўзимизнинг эски шаҳарда... ўзим ҳам эски шаҳарда туғилганман. Бу ерда гап Шайхонтоҳур ва Олмазор туманлари ҳақида.

Ўқишга кириш бўйича энг юқори кўрсаткичлар эса турли миллат вакиллари яшайдиган ҳудудларда кузатилмоқда», дея Шерматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шерзод Шерматов ёшларнинг олий таълим муассасаларига кириши бўйича бошқа ҳудудларда ўтказилган таҳлил натижаларини ҳам келтириб ўтди.

«Бундан ташқари, иккита ёнма-ён шаҳар – Марғилон ва Фарғона шаҳрини олайлик. Афсуски, ўқишга кириш бўйича вилоятда энг паст кўрсаткичлардан бири Марғилон шаҳрида кузатиляпти. Фарғонада эса энг яхши. Худди шундай, Зарафшон билан бошқа исталган ҳудуддаги ҳолатни солиштириш мумкин.

Мен нега бу нарсани айтяпман? Эртага бу гапимни ҳамма турлича талқин қилиши мумкин, лекин илтимосим шуки, айнан Azon.tv ва бошқа нашрлар биз назарда тутаётган ҳолатни ўз аудиториясига етказиши керак.

Ислом динида ўқимагин, деган гап йўқ. «Бешикдан қабргача илм изла», деган ҳадисларимиз бор. Шуларни ота-оналаримизга етказиб беринглар. Фарзандларимиз имкон қадар ўқишсин, илм ўрганишсин. Фарзандларимиз қанча кўп ўқиб, илм ўрганишса, бу фақат уларнинг келажаги учун фойдали бўлади.

Кўпинча Наманган ва Марғилон шаҳарларидаги мактабларга борганда синф журналларини кўрамиз. Журналларда кўп қизлар яхши баҳо олган, аълочи, лекин ўқишга кирмайди. Сабабини сўраганимизда, улар ўқишга киришга ҳужжат ҳам топширмаган бўлади. Бу жуда аламли. Бу ердаги қизларнинг ота-онаси институтга ҳужжат ҳам топширтирмаган. Бундан ташқари, ҳозир қизларга алоҳида имтиёзлар бериляпти, лекин мана шу имтиёзлардан ҳам фойдаланилмаётгани ачинарли.

Сизлардан илтимос, шу гапларни ота-оналарга етказинглар. Бундай тафовутлар бўлиши нотўғри. Дейлик, Фарғона билан Наманган ўртасида, ёки Шайхонтоҳур, Олмазор билан Мирзо Улуғбек, Миробод орасида бунчалик катта фарқ бўлиши яхшиликка олиб келмайди», деди Шерзод Шерматов.

Брифинг якунида журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, вазир тадбир давомида айтган фикрларига ҳам қўшимча изоҳ бериб ўтди.

«Бу ерда гап фақат қизлар ҳақида эмас. Эртага менинг гапларимни турлича талқин қилишларини, менга қарши ҳар хил гаплар бўлишини ҳам биламан ва бунга тайёр бўлишимиз керак.

Мен юқорида ҳудудлар ўртасидаги таҳлил натижаларини келтириб ўтдим. Агар бу таҳлилларни ўзаро солиштирсак, уларни нима боғлаб турибди? Афсуски, ўқишга кириш кўрсаткичи пастроқ бўлган ҳудудларда асосан ўзимизнинг миллатдошларимиз кўпроқ яшайди.

Исломда ўқима, деган гап йўқ. Афсуски, ҳаётнинг ўзи кўрсатяптики, айрим ҳудудлардаги оилалар фарзандини биринчи навбатда ўқишга эмас, бошқа йўналишларга йўналтиришмоқда. Майли, улар фарзандимга диний илм бераман дер, бу менинг ваколатимдаги масала эмас, аралашмайман. Лекин болага мактаб, олий таълим билимини олишига ҳам имконият яратиб беришимиз керак-да. Чунки, бола эртага ҳаётда ўз ўрнини топиб кетиши керак.

Агар бу йиллар давомида давом этаверса, бу ўша ҳудудларни оқсоқликка олиб келади. Бу ҳудудларда ҳам олий маълумотли ёшлар кўпайса, ўша ҳудудларда сифатли кадрлар сони, касб эгалари ҳам ортади», деган Халқ таълими вазири.

Тайёрлаган:  Илёс Сафаров

Мавзуга оид