Ўзбекистон | 23:01 / 30.01.2019
10028
3 дақиқада ўқилади

Сиёсатшунослик фанлари соҳасида малакали кадрлар тайёрланади

Сиёсий фанлар соҳасида кадрларни тайёрлаш, фундаментал ва амалий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон президентининг қарори қабул қилинди.

Қарор билан Ташқи ишлар, Иқтисодиёт ва саноат, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Инновацион ривожланиш вазирликларининг Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида 2019/2020 ўқув йили учун қабул квоталарини:

• “Сиёсатшунослик” бакалавриат таълим йўналиши бўйича 20 киши, шу жумладан, давлат гранти бўйича 5 киши;

• “Амалий сиёсатшунослик” магистратура таълим мутахассислиги бўйича 10 киши, шу жумладан, давлат гранти бўйича 2 киши;

• “Сиёсий фанлар” фан тармоғи ихтисосликлари бўйича таянч докторантурада 4 киши, докторантурада 2 киши миқдорида белгилаш тўгрисидаги таклифлари маъқулланди.

Қарорга мувофиқ, университетда “Сиёсатшунослик” кафедраси тузилади.  

Кафедра фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

• илғор хорижий тажриба ҳамда замонавий таълим технологияларидан фойдаланиш асосида сиёсатшунослик фанлари соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлашни таъминлаш;

• жаҳон сиёсатшунослигидаги энг янги тренд ва йўналишларни ҳисобга олган ҳолда халқаро даражадаги илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш;

• “Сиёсатшунослик” фани бўйича ўқув жараёнини мазмун жиҳатидан такомиллаштириш мақсадида янги авлод дарсликлари, ўқув қўлланмалари, ўқув дастурлари ва режаларини тайёрлаш;

• ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятда Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини илгари суриш соҳасида Ташқи ишлар вазирлиги, бошқа вазирлик ва идоралар олдида турган мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда таълим бериш, фундаментал ва амалий тадқиқотларнинг юқори даражасини таъминлаш;

• сиёсатшунослик, халқаро муносабатлар ва жаҳон сиёсати, халқаро иқтисодиёт ва менежмент, халқаро ҳуқуқ соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш, уларнинг натижаларини ўқув жараёнига ҳамда тегишли ўқув режалари ва дастурларига татбиқ этиш;

• сиёсий фанлар соҳасида иқтисодий сиёсатшунослик, сиёсий маркетинг ва менежмент, сиёсий социология ва бошқа инновацион йўналишларни ривожлантириш учун зарур бўлган методологик ва ўқув-технологик шарт- шароитларни яратиш.

Ҳужжат билан Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда университет таълим жараёнига хорижлик, шу жумладан чет элда истиқомат қилаётган ватандошларимиз орасидан етакчи экспертларни жалб қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиши белгилаб қўйилди.

Қарорга мувофиқ, Инновацион ривожланиш вазирлиги давлат илмий-техника дастурлари доирасида сиёсатшунослик соҳасидаги тадқиқотлар учун грантлар ажратишни кўзда тутади.

Тайёрлаган:  Дилшод Аскаров