Ўзбекистон | 14:41 / 18.02.2023
32214
6 дақиқада ўқилади

Қўлбола картошка, овқат ичидаги доллар ва “телефонга юрадиган машина” – 2022 йилда божхоначиларни қандай усулларда алдамоқчи бўлишди?

Бир-бирининг сирини билишга ва бир-биридан ақллироқ бўлишга уринадиган икки тоифа бор: жиноятчи ва изқувар. Божхона ходимлари ва чегарадан ноқонуний товар олиб ўтмоқчи бўлганлар ҳам шунақа: бири усталик билан яширишга, иккинчиси эса маҳорат билан топишга интилади. Kun.uz 2022 йил давомида божхоначилардан усталик билан яширилган, аммо барибир фош этилган қизиқ ҳолатларни тўплади.  

Фото: KUN.UZ

Қўлбола картошка

2022 йил 13 январ. Тошкент вилоятининг Тошкент туманида “Damas” машинасини бошқариб кетаётган шахслар кузатув остига олинади. Туманнинг Ҳасанбой маҳалласида “Damas”га юкланаётган 3 дона хўжалик қоплари тезкор ходимлар томонидан тўхтатиб қолинади.

Қоплар холислар иштирокида очиб кўрилганида уларнинг ичидан картошка кўринишига келтирилган 481 дона ўрам чиқади. Мазкур ўрамларга жами оғирлиги 77 кг 95 гр бўлган опий ва гашиш гиёҳванд моддалари ўралганди. Тезкор тадбир давомида ушбу гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб олиши керак бўлган хорижий давлат фуқароси ҳам қўлга олинган.

14 млн долларлик тиркама 

2022 йил 13 феврал. Тошкент вилоятидаги “Ойбек” чегара божхона постидан ўтаётган юк машиналаридан бири божхоначиларда шубҳа уйғотади. Ҳужжатларга кўра, қўшни давлатдан Россия Федерациясига қараб йўл олган ушбу юк машинасига 21,6 тонна пахта толаси ортилган. Буни инспекцион кўрик мажмуасининг тасвирлари ҳам тасдиқлаган. Аммо тасвирларда нимадир ғалати эди. Шу сабабли юк машинаси чуқурлаштирилган ҳолда божхона кўригидан ўтказилади. 107 та пахта тойи тиркамадан туширилади. Шу тариқа тиркаманинг шубҳали туюлаётган олд қисми яқиндан синчиклаб кузатилади ҳамда яширин бўлмалар борлиги аниқланади. У ерда 232 дона ўрамда жами 229,7 кг героин гиёҳванд моддаси бор эди.

Норинли доллар

2022 йил 24 феврал. Тошкент халқаро аэропортида Истанбулга парвоз олдидан йўловчилар бирин-кетин рўйхатдан ўтишмоқда. Аммо йўловчилардан бири “яшил” йўлак орқали ҳаракатланар экан, унинг безовталаниши божхона ходимларининг диққатини тортди. Шу сабабли ушбу йўловчи ва унинг багажи божхона назоратидан ўтказилган. Натижада эса у озиқ-овқат маҳсулотлари орасига 286 минг АҚШ долларини яшириб олиб кетаётгани аниқланган. 

Ўхшамаган картошка экспорти

2022 йил 27 март. Сурхондарё вилоятидаги “Айритом” чегара божхона пости. Бу Ўзбекистонни Афғонистон билан боғловчи ягона пост ҳисобланади. Мазкур постдан ўтаётган юк машиналаридан бири божхоначиларга шубҳали туюлди. Ҳужжатларда унга 533 та қопда 22 тоннадан зиёд картошка юклангани кўрсатилганди. Юкларнинг рентген тасвири эса бироз бошқачароқ.

Текшириб кўрилганида 533 та қопнинг 38 тасига картошка шаклида моҳирлик билан тайёрланган 1305 дона ўрам жойлангани фош бўлди. Ўрамлар ичига эса 154 кг гашиш гиёҳванд моддаси яширилганди. 

“Жиноят қилган” кўзойнак ғилофи 

2022 йил 13 май. Тошкент халқаро аэропорти. Бир неча дақиқа аввал “Нью-Йорк-Тошкент” рейси бўйича келиб қўнган самолёт йўловчилари бирин-кетин божхона назоратидан ўтишмоқда. “Яшил” йўлак орқали ҳаракатланган йўловчилардан бирининг ўзини тутиши божхона ходимлари диққатини тортган. Шундан сўнг унга тегишли багаж белгиланган тартибда назорат-рентген ускунаси орқали кўздан кечирилган. Экрандаги тасвирлар эса багажда шубҳали буюмлар борлигини кўрсатган.  

Божхона кўриги давомида шубҳали туюлган буюмлар шоколад ва конфетлар бўлиб чиқди. Гап шундаки, жами 18 та қадоқда желатин кўринишидаги сақич, 2 қути конфет ва 1 та қадоқдаги 10 дона шоколад таркибида каннабис мойи – гиёҳвандлик моддаси бор эди. 

Бундан ташқари, божхона ходимлари йўловчи кўзойнак ғилофи ичига ҳам полиэтилен ўрамда марихуана яшириб олганлигини фош қилишган.

Мисрдан “қуруқ қўл билан қайтмаган” йўловчи

2022 йил, 30 август. Тошкент халқаро аэропортига Миср давлатидан учиб келган фуқароларнинг қўл юклари ўрнатилган тартибда рентген ускуналари орқали текширилганида, йўловчилардан бирининг юклари божхоначилар эътиборини тортди.

Ўтказилган текширув натижасида мазкур йўловчи 56 бош тирик тимсоҳни яширин равишда олиб келаётгани фош бўлди. Маълумотларга кўра, мазкур тимсоҳ болаларининг умумий қиймати 918,5 млн сўм бўлган. Тимсоҳлар Тошкент ҳайвонот боғига топширилган. 

Автоэҳтиёт қисми ўрнига сигарет 

2022 йил 10 сентябр. Бухоро вилояти “Хўжадавлат” темирйўл чегара божхона пости. Республика ҳудудидан транзит тарзида ҳаракатланаётган юк поезди вагонларидан бирининг инспекцион кўрик мажмуасидан олинган рентген тасвири божхоначиларда шубҳа уйғотди. Ҳужжатларга кўра контейнерга 20 тоннадан зиёд оғирликдаги, муқаддам фойдаланилган автоэҳтиёт қисмлари ортилган бўлиши лозим эди. Контейнерни очиб, юк эгалари иштирокида кўрикдан ўтказишга қарор қилинади. Аммо қўшни давлатдаги юк эгалари бир неча кун давомида қайта-қайта чақирилсалар-да, кўрик жараёнига етиб келишмайди. 

Ниҳоят контейнер холислар иштирокида очилади. Контейнерда ҳужжатларда кўрсатилган автоэҳтиёт қисмлардан асар ҳам йўқ, уларнинг ўрнига эса 700 минг 719 қути сигарет ортилган эди. Ушбу сигаретларнинг умумий қиймати ҳисоб-китобларга кўра 10,6 млрд сўмни ташкил қилган. 

Ширинлик қутисидаги илонлар

2022 йил 16 ноябр. Тошкент халқаро аэропорти. Мисрдан учиб келган йўловчилар божхона назоратидан ўтишмоқда. Аммо “яшил” йўлакдан ҳаракатланган аёлнинг безовталаниши ва шубҳали хатти-ҳаракатлари божхона ходимлари эътиборини тортди.  

Унга тегишли багаж назорат-рентген ускунаси орқали кўздан кечирилганида, юклар орасидаги 2 та ширинлик қутисининг тасвири шубҳаларни оширди.

Тегишли мутахассислар иштирокида қутилар очилди. Буни қарангки, унинг ичида 1 бош тимсоҳ боласи, 3 бош игуана ҳамда тўрсимон, йўлбарс ва хондра зотига мансуб питон болалари борлиги аниқланди. Аёл бу юкни бировнинг илтимосига биноан маълум бир ҳақ эвазига олиб ўтаётганини айтган.

Метан ўрнига телефон

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари иштирокида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида “Нанай-Наманган” йўналишида ҳаракатланаётган, фуқаро И.И. бошқарувида бўлган “Lacetti” машинаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Жараёнда автомашина газбаллонига жами 204,6 млн сўмлик 10 турдаги 93 дона телефон аппарати яшириб қўйилгани аниқланган.  

Божхона қўмитаси ахборот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.

Мавзуга оид