Жаҳон | 16:40 / 24.10.2022
36737
8 дақиқада ўқилади

Америкада коронавируснинг ўта хавфли штамми яратилди – бу нима учун керак?

Америкалик олимлар хавфли тажрибага қўл уришди: улар коронавируснинг химерасини яратишди. Унинг ўлим даражаси 80 фоизни ташкил қилди. Бундай хавфли тажриба нимага керак, вирус лабораториядан чиқиб, янги пандемияга сабаб бўлиши мумкинми?

Фото: Shutterstock

Химера – қадимги юнон мифологиясида боши ва бўйни шерники, танаси эчки, думи илон шаклида бўлган олов пуркагувчи йиртқич ҳайвон. Ҳозирги вақтда фанда кутилмаган натижаларга олиб келган тажрибалар маҳсули кўчма маънода шундай номланади. 

Бостон университети олимлари коронавируснинг иккита штамми асосида тадқиқот-тажриба ўтказишга қарор қилишди.

Улар 2019 йил охирида пайдо бўлган биринчи «Уҳан» штамми ва нисбатан янги, дунё бўйлаб тез тарқалиши, тез юқиши, ҳатто эмланган ва яқинда касал бўлган одамларга ҳам юқиши билан машҳур бўлган «омикрон» штамми асосида тажриба ўтказишди.

Олимлар нима қилишди?

Тадқиқотчилар «омикрон»нинг тикансимон S-оқсилини дастлабки «Уҳан» штамми билан бирлаштиришди. Бу оқсил ноёб тузилма бўлиб, инсон ҳужайралари билан боғланиш ва ичига кириб олиш хусусиятига эга. Айнан «омикрон» мутациясида олдинги штаммларнинг «излари» тўпланган, шу сабабли у жуда юқумли ва бардошлидир.

Муҳим тафсилот: коронавируснинг дастлабки «Уҳан» варианти сичқонларда юқори даражада ўлим хавфини юзага келтирган, «омикрон» эса касалликнинг енгил белгиларини юзага чиқарган.

Бостон университетининг янги юқумли касалликлар миллий лабораторияси Қўшма Штатларда биохавфсизлик бўйича тўртинчи даражага эга 13 та муассасанинг бири ҳисобланади. Бундай лабораторияларда ўта хавфли тадқиқотларни, жумладан, ўта юқумли бўлган Covid ва Эбола вируслари устида тажриба ўтказиш мумкин.

Штаммлар аралашмаси кутилмаган ва хавфли бўлиб чиқди. Буни лаборатория сичқонларида ўтказилган тажриба тасдиқлади. Олимлар барча кемирувчиларга янги мутантни юқтиришди. Натижа ҳайратланарли бўлди: касаллик сичқонларда оғир кечиб, уларнинг 80 фоизи ўлиб қолди.

Фото: Shutterstock

Тадқиқотчилар танқид остида қолди. Янги мутацияни яратиш нимага керак? Ахир, вирус шундоғам мутацияга учрамоқда, дунё бир неча йилдан бери унга қарши курашишга ҳаракат қилмоқда.

«Пандемия Уҳандаги лабораторияда яратилган вируснинг ташқарига «сизиб чиққани» оқибатида юзага келган деган фаразлар бор. Бунинг эҳтимоли катта экани инобатга олинса, бундай тажрибани ўтказиш соғлом ақлга зиддир», деди Шарқий Англиядаги Британия университети микробиология профессори Дэвид Ливермор.

«Бу бутунлай тақиқланиши керак, улар олов билан ўйнашяпти», деди Исроил ҳукуматидаги етакчи олимлардан бири Самуэл Шапира.

«Бу кейинги пандемияга туртки бериши мумкин. Пандемияга олиб келувчи патогенлар устидаги тадқиқотлар қатъий назорат остига олиниши керак», деди Рутгерс университети кимё профессори Ричард Эбрайт.

Тадқиқотчилар ушбу тажриба орқали янада хавфли ва ўлим даражаси юқори бўлган вирусни яратишни мақсад қилишмаганини айтишди. Бундай тадқиқотлар «омикрон» ўзини қандай тутиши мумкинлигини билиш, қандай мутацияларга тайёрланиш кераклигини тушуниш учун зарур. Бундан ташқари, сичқонлар учун хавфли бўлган гибрид штамм инсон вужуди учун ҳам хавфли бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқ.

Эксперт фикри

Иммунолог, тиббиёт фанлари номзоди Николай Крючков бундай тажриба олимларга нима учун кераклиги, бу келажакда пандемияга қандай таъсир ўтказиши мумкинлиги ҳақида ўз фикрларини айтиб ўтди.

«Олимлар штаммларни бир-бири билан чатиштирмади. Улар рекомбинант вирус химерасини яратишди. Келинг, бироз орқага қайтамиз: коронавируснинг дастлабки «Уҳан» варианти ўта патоген, аммо нисбатан кам юқумли эди. Дастлаб, вирусда инсон ҳужайраларига кириш учун тўлиқ «шифр» йўқ эди, унга кириши қийин эди.

Вақт ўтди, вирус атроф-муҳитга мослашди, ривожланди, инсон танасига кириб олишни ўрганди ва у ерда ўзини яхши ҳис қила бошлади», дейди иммунолог.

Олимлар дастлабки коронавирус ва «омикрон»нинг ҳаёт йўли бир-биридан сезиларли даражада фарқ қилишини тушунишади. Шу сабабли, тадқиқотчилар агар коронавируснинг химера штамми яратилса, у қандай хусусиятларга эга бўлишини аниқлашга қарор қилишди. Агар вирус асл «ёввойи» вариантнинг энг кучли томонларини олса ва эволюцион «омикрон»нинг энг яхши хусусиятларини ўзлаштирса нима бўлади?

«Тажриба туфайли олимлар патогенлик ва юқумлилик фақат S-оқсилига боғлиқ эмаслигини аниқлашга муваффақ бўлишди. Олдин айнан шу оқсил айбдор қилинарди. Ҳа, масъулият кўпроқ унинг зиммасига тушади, аммо вируснинг бошқа қисмлари ҳам борки, уларга илгари етарли эътибор берилмаган. Маълум бўлишича, улар ҳам штаммнинг тез юқиши ва танага тез кириб олишига таъсир қилади», деди Николай Крючков.

Шунингдек, бундай тадқиқотлар қуйидаги жиҳатларни тушунишга ёрдам беради:

- вирус яна қандай функцияларга эга;

- унинг юқумлилик даражаси қандай;

- қайси мутацияларни энг хавфли деб ҳисоблаш керак;

- қандай ўзгаришларни диққат билан кузатиб бориш керак;

- иммунитет тизими, жумладан орттирилган ва туғма иммунитет қандай ишлайди.

Ўта патоген инфекциялар пандемияга камроқ сабаб бўлади. Бу химеранинг ижобий томони

Бостон олимлари экспериментал штаммнинг патогенлиги ниҳоятда юқори эканини аниқладилар – инфекция барча сичқонларга юқди. Кўпчилиги вирусни енгишга муваффақ бўлмади. Бу ерда қўрқув пайдо бўлиши табиий: агар вирус лабораториядан сизиб чиқса, дунёга янги пандемия таҳдид қиладими?

Аслида, вазият сал бошқачароқ, дейди иммунолог.

«Назарий жиҳатдан пандемияга олиб келиши мумкин бўлган комбинацияни топиш мумкин. Лекин, биринчидан, биз химера одамлар орасида ўзини қандай тутишини билмаймиз. Иккинчидан, у мавжуд штаммларни сиқиб чиқара оладими? Катта эҳтимол билан йўқ. Чунки, эпидемия юзага келиши учун вирус «катта қадам ташлаши» керак. Бунинг учун ўлим даражаси паст бўлиши керак, шунда вирус одамлар орасида кенг тарқала олади. Химера эса ундай эмас», деди Николай Крючков.

«Касаллик давомийлиги қисқа ва ўлим даражаси юқори бўлган ҳар қандай инфекция ўз-ўзидан барҳам топади. Чунки кенг тарқалиш учун унда вақт жуда оз бўлади. Шунингдек, бундай юқумли касалликлар дарҳол соҳага масъул тузилмаларнинг эътиборини тортади – карантин эълон қилинади, шифохоналар очилади, беморлар тезда изоляция қилинади», деб қўшимча қилди у.

Агар инфекция ҳалокатли бўлмаса, масалан, ЎРВИ каби, бу ҳеч кимни қизиқтирмайди. Covid-19 тарихида ўлим даражаси барча юқтирганларнинг 1,5-3 фоизини ташкил этди. Ҳатто бундай кичик кўрсаткич ҳам жуда сезиларли бўлди. Мутахассис хулосасига кўра, юқтирганлар сони ўлганлар сонидан кўпроқ бўлгани сабабли ҳам янги штаммлар кенг миқёсда тарқалишга муваффақ бўлди.

Қўшма Штатларда вирус функцияларини кенгайтириш бўйича ўтказиладиган тадқиқотлар пандемияга сабаб бўлиши эҳтимоли туфайли 2014-2017 йилларда тўхтатиб қўйилган эди. Аммо кейинчалик фақат давлат маблағлари ҳисобига ва давлат назорати остида ўтказишга рухсат берилди.

Бундай тадқиқотлар вирусларнинг янада хавфли, юқумли ва ўлим даражаси юқори бўлишига эришишни назарда тутади. Бу келажакда пандемияларнинг олдини олиш ёки уларга қарши курашда асқатиши мумкин.

Бостон университети ушбу тажриба амалий аҳамиятга эга эканини инкор этиб, биохавфсизлик бўйича барча ташкилотлар рухсати олинганини таъкидлади.

«Ушбу тадқиқот бошқа лабораториялар томонидан ўтказилган шунга ўхшаш тажрибалар натижаларини акс эттиради ва мустаҳкамлайди. Охир-оқибат, бу тадқиқот жамиятга фойда келтиради, чунки келажакда пандемияларга қарши курашда ёрдам берадиган мақсадли терапевтик ечимларни топишга хизмат қилади», дейилади университет баёнотида.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид