Ўзбекистон | 11:49 / 26.12.2025
660
3 дақиқада ўқилади

Маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун 8,5 трлн сўм ажратилади

2026 йил — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида маҳаллалар инфратузилмасини тубдан яхшилаш бўйича комплекс ёндашув жорий этилиши белгиланди. Президент Шавкат Мирзиёевга кўра, бу мақсадлар учун барча манбалар ҳисобидан 8,5 трлн сўм маблағ ажратилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

2026 йил — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш учун алоҳида давлат дастури қабул қилиниши маълум қилинди. Дастурда юртдаги 9 мингдан зиёд маҳаллани, аввало, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ўз аксини топиши қайд этилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, Янги Ўзбекистонни барпо этишда ҳал қилувчи босқичга қадам қўйилмоқда ва бу йўлда ҳар бир соҳа ҳамда тармоқда чуқур трансформация зарур. Давлат раҳбари мақсад яқин йилларда Ўзбекистонни даромади ўртадан юқори мамлакатлар қаторига олиб чиқиш эканини, фуқаролар эса ислоҳотлар натижасини кундалик ҳаётида янада кўпроқ ҳис қилиши кераклигини таъкидлади.

Президент 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим устувор йўналишлардан биринчиси сифатида маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилаш, маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш вазифасини кўрсатди.

«Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади. Айнан маҳалладаги йўл, сув, электр ва транспорт таъминоти, боғча, мактаб ва оилавий поликлиникадаги шарт-шароитларга қараб, одамлар ислоҳотларимизга баҳо беради», — деди давлат раҳбари.

Қайд этилишича, келгуси йилдан маҳаллани ривожлантириш бўйича комплекс ёндашув жорий этилади. Унга кўра, ҳар бир вилоятда 2–3 тадан туман танлаб олиниб, ушбу туманлардаги барча маҳаллаларда мавжуд муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳал қилишга қаратилган тизим йўлга қўйилади. Шу билан бирга, бу ҳудудларда тадбиркорлик инфратузилмаси ҳам параллел равишда ривожлантирилиши белгиланди.

Мазкур мақсадлар учун барча манбалар ҳисобидан 8,5 триллион сўм маблағ ажратилиши маълум қилинди. Шунингдек, депутатларга ўз округидаги муаммоларни ҳал этиш учун 500 миллиард сўм йўналтирилиши қайд этилди. “Яшил ҳудуд” ва “яшил боғ” яратиш бўйича ҳар бир депутат ташаббусига қўшимча 330 миллион сўмдан маблағ ажратилиши ҳам белгиланди.

Президент таъкидлаганидек, ушбу ёндашув орқали 2030 йилгача шароити оғир барча туманлардаги маҳаллаларга “Янги Ўзбекистон қиёфаси”ни олиб кириш мақсад қилинган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид