Ўзбекистон | 15:26 / 23.03.2020
23520
6 дақиқада ўқилади

Корейс университетлари қайси жиҳатдан бизга ўрнак бўла олади? Кореядаги ўзбек талабалари фикри

«Ўзбекистонда ҳам семестрни яхши баҳога тамомлаган талабаларга кейинги семестр учун грант ютиб олиш имкониятини бериш керак», – дейди респондентлардан бири.

Kun.uz`нинг Жанубий Кореядаги мухбири Элдор Воҳидов бу мамлакатдаги ўзбек талабалар ўртасида ижтимоий сўров ўтказиб, корейс олий таълими ва унинг ўрнак олиш мумкин бўлган жиҳатлари ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

Натижалар аниқлигини таъминлаш учун Кореянинг 4та йирик шаҳри – Сеул, Бусан, Тегу ва Дежонда турли мутахассислик бўйича ўқиётган талабаларнинг фикрлари жамланди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Кореяда таҳсил олишнинг сизга маъқул келмаган томонлари борми?

Ҳар жойни қилма орзу, ҳар жойда бор тош-у тарози, деб бежиз айтишмаган. Кўплаб ижобий томонлари бўлгани каби, хорижда яшаб, ўқишнинг ҳам ўзига яраша машаққатлари ва у ердаги тизимнинг маъқул келмаган жиҳатлари топилади, албатта.

Аксарият талабалар тил масаласида эътироз билдирдилар. Жанубий Корея олийгоҳлари хорижлик талабалар учун кўнгли очиқ мамлакатлардан саналади. Шу боисдан, инглиз тили таълим тили ҳисобланган йўналиш ва ўқув юртлари бисёр. Муаммо шундаки, инглиз тилидаги имкониятлар корейс тилидагига қараганда анча суст бўлиб чиқди. Университет портал тизими, муҳим адабиётлар айнан давлат тилида экани ва профессорларннг инглиз тили даражаси танқид остида қолди.

Таълим билан алоқадор масалада корейс тилининг доминантлиги тилга олинган бўлса, яшаш тарзи ҳақида гап кетганда ватан соғинчи, оила аъзолардан узоқда бўлиш ва ўзбек таомномасига ўрганган кишиларнинг корейсча аччиқ овқатларга мослаша олмаганликлари Кореяда таҳсил олишнинг оғриқли нуқталаридан эканлиги айтиб ўтилди.

Қўшимча сифатида айтиш керакки, мамлакат таълимида ўқувчини мажбурлаб, тергаб дарсга жалб этиш тажрибаси йўқ. Маълум бўлишича, айнан шу масала ҳам айрим юртдошларимизга маъқул келмаган.

Баҳо олишда коррупция аломатларини сезганмисиз?

Сўровномада иштирок этган барча талабалар бир овоздан манфий жавоб қайтаришди: «Йўқ, пора аломатлари умуман кузатилмаган».

Маълумот учун, Кореяда талаба ўз хоҳиши билан профессор-ўқитувчини ширинлик ёки кофе билан меҳмон қилиши, устозларнинг байрам вақтларида турли ҳадяларни олиши қатъий қораланади.

Корейс таълим тизимидаги қайси ютуқли жиҳатни Ўзбекистонга жорий этиш фойдали бўлади, деб ҳисоблайсиз?

Муштарийбегим:

– Коррупцияни йўқ қилиш керак, шу орқали жуда кўп масалалар ижобий томонга ҳал бўлган бўларди.

Давлатбек:

– Кореяда давлат тилини билганлик даражасига қараб, чет эллик талабаларга махсус грантлар берилади. Бу эса хорижликлар орасида корейс тилининг кенг ёйилишига сабаб бўляпти. Худди шу каби ўзбек тилига бўлган қизиқишни ошириш керак. Энг камида Марказий Осиё давлатлари фуқаролари орасида синаб кўриш фойдадан холи бўлмасди.

Дилхумор:

– Фанларни ихтиёрий танлаш тизимини жорий этиш керак. Бунда талаба ўз режаларига кўра дарс жадвалини тузиб чиқади, маъқул соатларга дарсларни жойлаштириш орқали вақтидан унумли фойдаланиши мумкин.

Шаҳзод:

– Фанларнинг кредит қоидасини олиб кириш керак. Бу тизим аллақачон дунёнинг етакчи давлатлари таълимида жорий этилган. Бунда талаба семестр бошида фанларни хоҳишига кўра танлаган ҳолда маълум бир кредит сонини йиғиши талаб этилади.

Ихтиёрий равишда профессор-ўқитувчиларнинг дарслари танланиши икки томонлама фойдали бўлади. Биринчидан, талаба ўз қизиққан соҳасида кўпроқ билим олиш имкониятига эга бўлади. Иккинчидан, ўқитувчилар ўртасида рақобат юзага келади. Кимнинг фани кўпроқ маъқул топилганига қараб даражалар сарҳисоб қилинади.

Малика:

– Електрон портал тизими. Бу, бир сўз билан айтганда, талабалар ҳаётидан барча ҳужжатбозлик ишларини олиб ташлаш демакдир. Киши дарс жадвали, қайси профессор маърузаси экани ва синфхона ҳақида тўлиқ маълумот олиб туради. Сессия якунлангач, баҳолар ҳам айнан шу порталда эълон қилинади. «Зачетка» кўтариб, домланинг ортидан юриш деган тушунча йўқ. Якуний баҳоларга қараб, кейинги семестрда тўланиши зарур бўлган контракт миқдори айнан шу порталда эълон қилинади.

Ўйлайманки, бу тизимни Ўзбекситон олийгоҳларига татбиқ этилса, талабалар учун чинакам қулайлик бўлади.

Сарвар:

– Корея таълим тизимидаги, Ўзбекистонга жорий қилиш мумкин бўлган энг яхши жиҳат – бу ўқиш мобайнида яхши баҳо олиб, кейинги семестр учун грант ютиб олиш имкониятининг мавжудлиги деб биламан.

Бу ерда мутлақ контракт ёки тўлиқ грантда ўқиш тартиби йўқ. Аъло баҳога ўқисангиз, фоизлик грантлар ортиб бораверади. Бу тартиб-қоида бир пайтнинг ўзида талабанинг хотиржам бўлиб қолишига тўсқинлик қилади ва янада қаттиқроқ билим олишида руҳлантириш вазифасини ўтайди.

Мунаввара:

– Истардимки, Ўзбекистон таълимида ҳам форма эркинлиги учун рухсат берилса. Асосий эътиборни таълим сифатига қаратиш керак, деб ўйлайман. Кийиниш ва соч-соқол услуби билимларни белгилаб бермайди. Мусулмон қизлар ҳижоб ўраган ҳолда ўқиш истагини билдирган тақдирда, олийгоҳларда рўмол сабабли тақиқларга учрамаслиги керак.

Сўровнома натижасидан маълум бўлдики, Кореяда ўқиётган ўзбек талабалар бир пайтнинг ўзида ҳам амалиёт, ҳам назариядан сабоқ олмоқдалар. Билдирилган таклифларда таълим ривожини кўзловчи кўплаб бандларни кўриш мумкин. Корея таълими ривожида коррупция ҳолатлари йўқлиги қайта-қайта тилга олинди.

Элдор Воҳидов,
Kun.uz`нинг Жанубий Кореядаги мухбири.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид