Жамият | 13:15 / 15.08.2019
89544
10 дақиқада ўқилади

Kun.uz репортажи: Қашқадарёда нефть-газ конлари топилди

Қашқадарё вилояти, Муборак туманида янги нефть-газ конденсати кони аниқлангани ҳақида аввал хабар берилган эди. Kun.uz мухбири айни шу қувончли воқеа жойидан  биринчи бўлиб ўз ўқувчиларга хабар берганди. Мазкур кон «Epsilon Development Company» компаниясига берилган 5та инвестиция блокидан бири бўлган Муборак инвестиция блокининг Баҳористон тузилмасида жойлашган бўлиб, «Баҳористон кони» деб аталиши маълум қилинди.

Қайд этиш жоизки, Epsilon Development Company Ўзбекистон ҳукуматининг қарорига биноан Култоқ-Қамаши, Сурхон, Устюрт, Муборак ва Ғарбий Фарғона инвестиция блокларини ўзлаштириш бўйича кенг кўламли лойиҳани амалга оширмоқда. АҚШ компанияси юқорида зикр этилган инвестиция шартнома ҳудудларидаги табиий газ захираси 561 млрд кубометрга баҳоланган. Прогноз захираларни тасдиқлаш ва ўзлаштириш учун 4,8-5,2 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш режалаштирилган. 2020 йилда газ ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 15 миллиард куб метрга, газ конденсатини – 600 минг тоннага етказиш мўлжалланмоқда.

Шу билан бирга, алоҳида қайд қилиш лозимки, компания қазиб олинаётган нефть ва газ маҳсулотларини, асосан, ички бозорга етказишни мақсад қилган. Саноат корхоналари ва аҳоли, шу жумладан, республиканинг чет минтақаларини газ ва нефть маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қоплаш мақсадида ишлаб чиқарилаётган углеводород хомашёсининг 70 фоиздан кўпроғи мамлакатнинг ички бозорига йўналтирилади. Шунинг баробарида компания табиий газни аҳолига сотишда нарх сиёсатини ижтимоий ҳимоя омилини ҳисобга олган ҳолда олиб боришни қатъий режалаштирган.

2019 йил бошида фаолиятини бошлаган компания, шу кунга қадар, ўзига ажратилган инвестиция блокларида 20 та бурғилаш қурилмалари ёрдамида бурғилаш ишларини олиб бормоқда, 10та кудукдан табиий газ ва нефть қазиб олиш ишлари тўлиқ йўлга қўйилган. Бу ҳақда компания бош геологи Ўлмаскамол Абдуазимов қуйидагиларни маълум қилди.

«Epsilon нефть-газ компанияси умумий майдони 20 000 кв.км.дан ортиқни ташкил этадиган 5та инвестиция блоклари ҳудудида фаолият олиб бормоқда. Булар Култоқ-Қамаши, Сурхон, Устюрт, Муборак ва Ғарбий Фарғона инвестиция блокларидир. 2019 йилда Култоқ-Қамаши, Сурхон ва Муборак инвестиция блоклари ҳудудларида қидирув-разведка ҳамда сейсмик тадқиқот ишлари бошлаб юборилган», - дейди биз билан суҳбатда Ўлмаскамол Абдуазимов.

Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, айни вақтда, Култоқ-Қамаши, Сурхон ва Муборак блокида чуқурлиги 3 мингдан 7 минг метргача борувчи қудуқларда 16та бурғилаш қурилмаси ёрдамида қидирув ишлари, 4та бурғилаш қурилмаси билан қудуқларни капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмокда. Бундан ташқари, Култоқ-Қамаши инвестицион блокида жойлашган Шимолий Гирсон, Толимаржон, Назарқудуқ, Ҳужум ва Чигил каби конларда қазиш ишлари ҳам олиб бориляпти. Шу блокда жойлашган Гарбий Эрназар, Каракара, Мирбарака ва бошқа майдонларда қидирув бурғилаш ишлари амалга оширилмокда.

«Муборак инвестиция блокининг «Баҳористон» ва «Қирқчашма» майдонларида бурғилаш ишлари бошлаб юборилган. «Баҳористон» тузилмасининг Юра қатламида нефть-газ конденсатли кон аниқланди. 10 август куни илк маҳсулот олинди. Юра карбонат қатламидан чуқурроқда таркибида олтингугурт бўлмаган соф табиий газ захираси борлигини тахмин қиляпмиз, шу боис, қудуқни 3 000 метр чуқурликкача қазишни давом эттирамиз», - дейди компания бош геологи.

Компания Сурхон инвестиция блоки ҳудудида ҳам ишларни жадал олиб бормоқда. У ерда 3D сейсмик тадқиқот ишлари ўтказилмоқда. «Қорақурт» тузилмасида қидирув бурғилаш ишларига ҳозирлик кўрилиб, 13 июнь куни лойиҳа чуқурлиги 6400 метрни ташкил қиладиган биринчи қидирув қудуғида бурғилаш ишлари бошлаб юборилган Компания мутахассисларининг фикрича, Сурхон инвестиция блоки ҳудудида катта ҳажмдаги табиий газ захираси борлиги тахмин қилинмоқда.

Компания  Ғарбий Фарғона инвестиция блокида хам қидирув-разведка ва бурғилаш ишларини бошлаб юбораяпти,  Устюрт блокада эса бошлаш арафасида.  

Ўз фаолиятидаги яна бир устувор жиҳатларидан бири, Epsilon компанияси нафақат янги конларни ўзлаштириш, балки мавжуд ва аввалдан фойдаланилган, нотўғри эксплуатация қилиниши натижасида нефть ва газни тўлиқ қазиб олинмаган конларни капитал таъмирлаш ишларини олиб бориб, уларни қайта ишга туширишга ҳам жиддий эътибор қаратмоқда.

Жумладан, 2019 йил 28 июлда Муродқудуқ нефть конининг 1-сонли қудуғида капитал таъмирлаш ишлари бошланиб, барча ишлар қисқа муддатда тамомланган ва 4 август куни илк нефть маҳсулоти қазиб олинган. Бу ерда қазиб олинаётган нефть енгил навли бўлиб, мутахассисларнинг айтишича, ундан фойдали маҳсулотлар олиш кўрсаткичи юқоридир.

Бундан ташқари, Култоқ-Қамаши инвестиция блокининг Девхона кони, 2-сонли қудуғида ҳам табиий газ қазиб олишни йўлга қўйиш мақсадида капитал таъмирлаш ишлари муваффақиятли амалга оширилди. Бунда, Ўзбекистон нефть ва газ соҳасида илк маротаба Tacrom компанияси ускуналари ва мутахассисларини иштирокида юқори босим остида махсус аралашма ёрдамида ер қатламини ёриш ишлари олиб борилди. Бунинг натижасида, 2019 йил 11 август куни  газнинг саноат оқими қайд этилди.  Ушбу усул кулланиши натижасида хозир кунгача яна 8та газ кудукдан олинаётган газ микдори 4-5 бараварга оширишга эришилди. 

Албатта, мамлакат нефть-газ конларини ўзлаштириш, бу соҳага хорижий инвестицияни жалб қилиш янги иш ўринларини ташкил этишни англатади. Шу бугунги кунга қадар компания 2000га яқин иш жойи ташкил этган бўлиб, бу рақам ҳар ҳафта ўртача 80-85тага ўсмоқда.  Kun.uz мухбири Epsilon Development Company Муборак ва Култоқ-Қамаши инвестиция блокларига кирувчи конларида амалга ошираётган ишларини ўрганар экан, қуйидаги саволларга жавоб топишга ҳаракат қилди:

1.    Конлар ва инвестиция блокларида ишчи-ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш қандай йўлга қўйилган?

2.    Конларни ўзлаштириш учун жуда зарур бўлган инфратузилмалар борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

3.    Инвестиция блокларида атроф-муҳит ва экологияни муҳофаза қилишга қанчалик эътибор қаратилмоқда?

Биз биринчи саволга жавоб топиш мақсадида компанияда ишлаётган ёки яқиндагина иш бошлаган ходимларни суҳбатга тортдик.

«Аввал мен “Ғузордавбурғилаш” корхонасида ишлаганман. Энди, у билан бу компаниянинг ишчиларга яратган қулайликлар ва шарт-шароитлари ўртасидаги фарқи, яшириб ўтирмайман, осмон билан ерча. Мана, ўзингиз кўриб турибсиз, ювиниш хоналари-ю, ётоқхонамиздаги шароитлардан нолисак ношукрлик қилган бўламиз. Биз 15 кун бу ерда ишлаб, 15 кун дам олишга кетганимиз боис, ҳар ҳафта ётоқхона матоларини ҳам алмаштириб беришади. Маошимиз жуда яхши», - дейди ишчилардан бири.

Ўзим гувоҳ бўлган қулайликлардан яна бири, ишчилар овқатланиши учун ошхоналар фаолиятининг пухта йўлга қўйилганидир. Ҳар бир бурғилаш жойида алоҳида ошхона ташкил этилган ва ходимлар сонига кўра, ошпазлар ишга олинган. Ҳар ҳафталик таомнома олдиндан эълонлар тахтасига осиб қўйилади. Таомлар сифати ва мазасини, 2 кунлик меҳнат сафарим чоғида татиб кўриб, айтишим мумкинки, Тошкентдаги умумовқатланиш муассасалари маҳсулотларидан қолишмайди. Ишчилар кундалик рационига, шунингдек, сут ва қатиқ маҳсулотлари ҳам киритилгани эътиборга молик. Таом тайёрлаш ва оралиқ тамаддилар учун маҳсулотлар ҳар куни махсус транспорт воситасида келтирилади.

Ишчиларнинг соғлиғи ҳам компания диққат-марказида турибди. Ҳар бир кон ва қидирув-разведка ишлари олиб борилаётган ҳудудда заҳарли илон-чаён, қорақурт каби жонзотлар чақишига қарши етарли даражада эмдорилар, қон босими кўтарилиши, ишчи-хизматчилар соғлигида кузатилиши мумкин бўлган ҳар қандай салбий ҳолатда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган тиббий анжомлар ва дори-дармонлар ҳам муҳайё қилинган. Бундан ташқари, конларга хизмат кўрсатувчи тез тиббий ёрдам хизмати ҳам йўлга қўйилган бўлиб, унда малакали шифокор, тиббий ёрдамга муҳтож бўлиб қолган ходимларга зудлик билан ёрдам кўрсатиши таъминланган.

Айтишим мумкинки, мен хизмат тақозоси билан Қашқадарё вилояти, Нишон туманидаги Чигил конлари ҳудудида бўлганман. У вақтлари бу конлар «Ўзбекнефтегаз» АЖ муассислигида ташкил этилган, кейинчалик касодга учраган «Чигилнефтегаз»га тегишли бўлган. Ўша вақтда корхона конларига олиб борувчи йўлларнинг аҳволини ўта қониқарсиз, деб баҳолаш мумкин эди.

Epsilon компанияси инфратузилмалар борасида ҳам замонавий фикрлаган ҳолда ёндашмоқда. Компания ҳар бир конга олиб борувчи йўлларни талаб даражасига етказиш мақсадида Йўлсозлик бригадаси фаолиятини йўлга қўйган. У тун-у кун йўлларни текислаш, тош ётқизиш ва сув сепиб пресслаш ишларини олиб боради. Бир ярим йил аввалги йўллар аҳволи билан бугунги кундаги айни йўллар ҳолатини таққослашнинг ўзи нотўғри бўлар эди, назаримда.

Америка компанияси нефть-газ қазиб олиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширар экан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экология кўрсаткичларининг юксак халқаро стандартларга жавоб беришига эришишни олий мақсад қилган. Шу боисдан ҳам, компания фаолияти натижасида келиб чиқадиган барча хатарларни ҳисобга олган ҳолда, табиатга зарар етказиш ва чиқиндилар миқдорини камайтириш борасида барча чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Конларда қудуқ қазиш ва бурғилаш ишларини олиб боришда, Россия, Хитой, Канада ва Европа мамлакатларидан келтирилган замонавий технологиялардан фойдаланилаётгани ҳам компаниянинг атроф-муҳит ва экология муаммосига жиддий эътибор қаратаётганини англатади.

Kun.uz мухбири, Толибжон Рахматов

Тайёрлаган:  Толиб Раҳматов

Мавзуга оид