Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
"Экологик омилларни деб буёғига беморлар сони ортаверади" - Тошкентнинг ифлос ҳавосига ечим борми?
Kun.uz Тошкентнинг инсон саломатлигига зарарли ифлос ҳавоси юзасидан яна мутахассисларга қулоқ тутди. Эковазирлик 2024 йилнинг январида кечиктириб бўлмайдиган таклифлар бериб, ҳукумат қарорини чиқартирган эди. АИ-80 бензинидан воз кечилмоқда, корхоналар йил охиригача чангни фильтрлаш ускуналарини ўрнатиш топшириғини олган. Бироқ, вазият ҳамон жиддий, Тошкент 1-ўринда. Шифокорга кўра, экологик омилларни деб буёғига беморлар сони ортаверади.
Ўзбекистоннинг пойтахти дунё ҳаво сифати рейтингида мунтазам етакчи ўн шаҳарлардан бири. Охирги 2 йилда Тошкент 4 марта энг ифлос шаҳар деб топилган. Суҳбатда қатнашганлар йилдан-йилга Тошкент ҳавоси сифати инсон организми, унинг саломатлиги ва кундалик турмуш тарзи учун хавфли тус олиб бораётганини бир овоздан тасдиқлади. Экология вазирлиги вакили Нозимбек Носировга кўра, 2024 йилда эълон қилинган кечиктириб бўлмас таклифлар ортидан ҳукумат қарори ҳам қабул қилинган.
Анашу ҳужжатдан келиб чиққан ҳолда 75 та саноат корхонасида 140 дан ортиқ чанг фильтрлаш ускунлари модернизация қилинган. Қолган тадбиркорлик муассасаларига ҳам бу бўйича дедлайн берилди. Юк машиналарига эса маълум соатлардан кейин Тошкентга кирмаслик белгиланган. АИ-80 маркали бензиндан тўлиқ воз кечилмоқда. Лекин экологик вазият оғирлигича қолмоқда, агар ростдан ҳам чоралар кўрилган бўлса, нега яна ҳаво ифлос, деган савол ўринли.
Ҳаво сифатини мониторинг қилиш бўлими вакили Носировнинг қўшимча қилишича, ҳозирги носоғлом ҳавога табиий чанглар сабаб бўлмоқда.
Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг фикрича, Экология вазирлиги Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида қонун талабларини бажариши керак. Масалан, атмосферага ифлослантирувчи моддалар ва физикавий омиллар таъсирида одамлар жони ва мол-мулки зарар кўрса, компенсация тўланиши белгиланган. Халқ бундан хабардор бўлиб, ҳужжатни амалда ишлатиши керак.
Тошкент аҳолиси ўртасида ҳаво тоза, нимаси ифлос, дейдиганлар ҳам топилади. Мутахассиснинг жавоб беришича, фақат чанг эмас, кўзга кўринмас кимёвий бирикма ва турли заррачалар ҳам атмосферани заҳарламоқда, буни инсон нафас олиб, ҳис этиши қийин бўлиши мумкин.
“Ҳавонинг ифлосланиши деганда, фақат физик эмас, кўзимизга кўринмайдиган биологик ифлосланиш ҳам тушунилади. Масалан, гул чанглари, замбуруғ споралари ёки кимёвий заҳарли моддалар. 1970 йилдан ҳозиргача бешта шаҳримиз энг ифлослари бўлиб келмоқда: Ангрен, Фарғона, Навоий, Олмалиқ ва Тошкент. Атмосфера ифлосланиш индекси ҳаводаги заҳарли моддалар оғирлигидан келиб чиқади. Сўнгги йилларда эса пойтахт Тошкент ҳавоси ифлос 25 шаҳар Ичида 1-ўринга чиқиб қолди. Бу кишилар саломатлигида муаммо туғдирувчи ҳаво эди, пойтахт Ангрен ва Олмалиқдан ҳам ўтиб кетган”, дейди Эркин Абдулаҳатов.
Жамиятшунос Маҳмуд Йўлдошевнинг айтишича, Тошкентдаги энг катта муаммо – чанг. Сув камлиги ва намлик пастлиги сабаб чанг янада кўпаймоқда. Катта-катта лойиҳаларни халққа уқтиришдан аввал кичик масалалар, масалан кўтарилаётган чангни бостиришга ҳам ҳаракат қилинмаётгани ачинарли.
“Тошкент Ўзбекистон бўйича энг катта қурилиш майдони экан, яқинда ўрганиб чиқдим. Нега катта ишларни айтамиз, улар ҳам қилинмайди, яширилмайди. Майда ишлар эса асосий сабабчи бўлганини инкор қиламиз. Нега кўтарилган чанг бостирилмайди? Масалан, Янги Тошкент томонда дарахтлар қуриб қолган, Тошкентнинг ўзида қуримаганку? Нега эковазирлик қўлимиздан келадиган имкониятдан ҳам фойдаланмайди? Катта заводга филр ўрнатиш албатта вақт олади, лекин кўчадаги чангни бостириш катта иш эмаску?”,- дейди этнопсихолог Йўлдошев.
Суҳбатда қатнашган аллерголог-пульмонолог Шерали Массавиров фикрича, бундан буёғида экологияни деб беморлар сони ортаверади.
“Ҳаводаги барча бирикмалар нафас йўлларига тушади. Жуда ҳам майда бўлган заррачалар жуда оғир оқибатларга олиб келади, оғиз-бурун бўшлиғидаги касалликлардан тортиб ўпкагача касаллик келтириб чиқаради. Чанг деганда фақат қумни эмас, кимёвий бирикмаларни ҳам тушуниш керак. Ўзи ҳозирги шароитда мавсумий жиҳатдан касаллар кўп, бунга экологик омиллар қўшилса, беморлар сони янада ошади”, дейди Массавиров.
Суҳбатдошлар фикрича, ҳеч қачон иқтисодиёт одамлар соғлиғидан устун бўлмаслиги керак. Тўғри, тадбиркорлар – иқтисодиёт устуни ва асосий иш ўрни яратувчилар бўлиши мумкин, лекин аҳолининг саломатлиги – давлат ривожини ҳам белгилаб беради.
Суҳбатни Kun.uzning YouTube саҳифасида, жонли эфирлар бўлимидан тўлиқ томоша қилишингиз мумкин бўлади.
Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.
Мавзуга оид
19:32
Эко-стикер ранги ҳудудга мос келмаса ҳайдовчи жазоланади
12:35 / 20.12.2025
Тошкент бош режасини ўзгартириш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда – қурилиш вазири
13:59 / 18.12.2025
Тошкент шаҳрига кириш жойларида автотураргоҳлар қурилади
12:53 / 18.12.2025