Ўзбекистон | 16:01 / 10.03.2022
11660
4 дақиқада ўқилади

Уй ва машина сотиб олганда нотариусга тўланадиган бож камайтирилиши айтилди. Аслида ҳам шундайми?

Депутатлар “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласини кўриб чиқмоқда. Қонун лойиҳасига кўра, нотариал ҳаракатлар учун тўланадиган божлар сезиларли даражада камайтирилиши кутиляпти. Лекин бу “сезиларли даража” аҳолининг қайси қатламига қўл келиши ҳақида лом-мим дейилмаган.

Фото: Shutterstock

Қонун лойиҳасининг бир жиҳати эътиборимизни тортди. Унга кўра, кўчмас мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ шартномаларни тасдиқлаганлик учун:

  • агар кўчмас мол-мулк Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида жойлашган бўлса, уйнинг умумий майдонидан қатъи назар – БҲМнинг 1,5 баравари;
  • агар кўчмас мол-мулк бошқа аҳоли пунктларида жойлашган бўлса, БҲМнинг 1 баравари миқдорида тўлов ундирилиши назарда тутилган.

Бир қарашда давлат божи чиндан ҳам “сезиларли даражада” камайгандек туйилади. Лекин кўчмас мулк олди-сотдисида амалда бунинг аксини кўриш мумкин.

Хўш, амалда қандай?

Айни пайтда амалда бўлиб турган қонунчиликка кўра, кўчмас мулк олди-сотдиси энг фаол олиб бориладиган йирик шаҳарларда нотариусдаги тўлов мулк майдонига қараб БҲМнинг 1 бараваридан БҲМнинг 3 бараваригача. Яъни 100 квадратгача бўлган кўчмас мулк учун БҲМнинг 1 баравари, 200 квадратгача бўлса БҲМнинг 2 баравари, ундан ортиғига 3 баравари. Худди шунингдек, бошқа аҳоли пунктларида БҲМнинг 50 фоизидан 1,5 бараваригача.

Янги лойиҳага кўра, барчаси учун БҲМнинг 1,5 баравари (бошқа аҳоли пунктларида жойлашган бўлса 1 баравари) ундириш таклиф қилиняпти. Бироқ Kun.uz суҳбатлашган нотариусларнинг маълум қилишича, кўчмас мулк олди-сотдиларининг ўртача 60-70 фоизи айнан йирик шаҳарлардаги 100 квадратгача бўлган хонадонларга тўғри келади. Кўринадики, бу ерда энг кўп тўловчи қатлам учун тўлов миқдори камаймаяпти, аксинча, ошириляпти. Яъни бу ўринда 30-40 кишига имтиёз берилгани иддао қилинган ҳолда 60-70 кишидан кўпроқ тўлов олиняпти.

Иккинчидан, бу ерда ижтимоий адолат ҳам бузиляпти. Яъни каттароқ мулк харид қилаётган бадавлат фуқаро учун тўлов арзонлаштириляпти, лекин нисбатан кичик кўчмас-мулк харид қилаётган камхарж фуқародан қўшимча маблағ ундириляпти.

Айни шу лойиҳанинг автомобилларга оид қисмида ҳам асосан қиммат автомобиль сотиб олувчилар манфаатлари кўзланган. Яъни автотранспорт воситаси учун базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 3 баравари миқдорида ундирилади. Амалда транспорт воситаси двигателининг қуввати от кучига ва ишлаб чиқарилган санасига қараб БҲМнинг 2 бараваридан БҲМнинг 10 бараваригача бўлган. Бунда ҳам бадавлат қатлам яққол ютади, энг қуйи қатлам амалда ютқазяпти ҳатто. Агар лойиҳа шу ҳолатда қабул қилинса, 100 минг долларга машина сотиб олган ҳам, 5 минг долларга олган ҳам бир хил бож тўлайди.

Албатта, кўчмас мулкларнинг умумий баҳоси олдида нотариал харажатлар, давлат божи арзимас суммани ташкил қилади. Лекин янги қонун лойиҳаси энг камида айни мана шу жиҳат бўйича “...сезиларли даражада камайтириш” дея тақдим этилмаслиги лозим.

Биз бу борада биринчилардан бўлиб хабар берган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевдан мазкур лойиҳа бўйича изоҳ сўрадик.

“Бу ҳали бир лойиҳа, тўлиқ қабул қилингани йўқ. Энди биринчи ўқишдан ўтди. Лекин лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлашда юқорида кўтарилган жиҳатларни кўриб чиқишимиз, янги таклифлар киритишимиз мумкин. Бир тарафлама қараганда балки камайиш бўлмайдигандек туюлади. Лекин менимча, умумий олганда тўловларда сезиларли камайиш бу”, – деди депутат.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид