Ўзбекистон | 08:51
3833
3 дақиқада ўқилади

Анқарада “Ўзбекистон” турар жой мажмуаси очилди, Истанбулда ўзбек мактаби қурилишига старт берилди

Анқара шаҳрига расмий ташриф доирасида Ўзбекистон ва Туркия президентлари Ҳатай вилоятида Ўзбекистон томонидан барпо этилган “Ўзбекистон” турар жой мажмуасининг очилиш маросимида иштирок этди. Шунингдек, Истанбулда Ўзбекистоннинг хориждаги илк таълим муассасаси — ўзбек мактаби қурилиши бошланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Анқара шаҳрига расмий ташриф доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Ҳатай вилоятида барпо этилган “Ўзбекистон” турар жой мажмуасининг очилиш маросимида қатнашдилар.

Тадбирда давлат раҳбари уч йил олдин Туркияда содир бўлган вайронкор зилзила қардош турк халқи учун оғир синов бўлганини таъкидлади. Қайд этилишича, Ўзбекистон ушбу фожиали даврнинг дастлабки кунлариданоқ Туркияга ҳар томонлама ёрдам кўрсатган.

Қисқа муддат ичида 100 нафар ўзбекистонлик қутқарувчи ва 70 нафар тиббиёт ходими зилзиладан жабрланган ҳудудларга етиб борди. Қидирув-қутқарув ишлари давомида 18 киши тирик ҳолда қутқариб қолинди, 200 нафарга яқин жабрланганлар вайроналар остида чиқарилди. Шунингдек, ташкил этилган дала шифохонасида 4 минг нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатилди.

Маросимда Туркия президенти ташаббуси билан зилзила оқибатларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли дастурлар амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди. Маълум қилинишича, бугунги кунга қадар мамлакатда 455 мингдан ортиқ уй-жой қуриб битказилган.

Ўзбекистон ҳам ўз зиммасига олган мажбуриятлар доирасида Ҳатай вилоятининг Арсуз туманида 300 дан зиёд тўлиқ жиҳозланган хонадондан иборат, жами 24 та кўп қаватли уйни ўз ичига олган, барча зарур инфратузилмага эга замонавий турар жой мажмуасини қисқа муддатда барпо этди.

Туркия президенти ушбу мажмуа нафақат зилзиладан жабрланган оилалар учун янги уй, балки ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги абадий дўстлик ва биродарликнинг ёрқин рамзи эканини таъкидлади.

Етакчилар лойиҳани амалга оширишда иштирок этган қурувчилар, муҳандислар, ишчилар ҳамда барча ҳамкорларга самимий миннатдорлик билдирди. Шундан сўнг давлат раҳбарлари янги хонадонлар калитларини уларнинг эгаларига тантанали равишда топширди.

Ташриф доирасида президентлар Истанбул шаҳрининг Бекиркёй туманида ўзбек мактаби қурилишига ҳам расман старт берди. Ушбу таълим даргоҳи Ўзбекистоннинг хориждаги биринчи мактаби бўлади.

Қайд этилишича, янги ўқув маскани Туркияда истиқомат қилаётган ўзбек оилаларининг фарзандларига она тилида таълим олиш, шу билан бирга миллий қадриятлар, маданият ва анъаналарни асраб-авайлаш имконини беради.

Томонлар мазкур мактаб икки қардош халқ ўртасидаги ришталарни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, ёш авлод учун муҳим таълим ва тарбия марказига айланишига ишонч билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид