Жамият | 18:48 / 28.09.2023
71175
4 дақиқада ўқилади

“Ёшлар дафтари” нима? Унга кимлар, қандай шартлар билан киритилади?

Мазкур электрон базага киритилган ёшларга давлат томонидан кўрсатиладиган кўмакларнинг турлари, миқдорлари, “Ёшлар дафтари”га кириш ва ундан чиқариш мезонлари ҳақида мутахассис маълумот берди.

Ёшлар ишлари агентлиги мутахассиси Ҳайитбой Искандаровга кўра, ижтимоий, иқтисодий, психологик муаммолари мавжуд бўлган ҳамда билим олишга, касб-ҳунар ўрганишга иштиёқи бўлган ёшларни аниқлаш ва уларнинг муаммоларини бартараф этиш ҳамда назорат қилиш учун ишлаб чиқилган электрон маълумотлар базаси бу – “Ёшлар дафтари”. Бундан ташқари, мутахассис мазкур платформага оид бир неча саволларга ҳам жавоб берди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

—   “Ёшлар дафтари”га кимлар кириши ҳозирда қонунчиликда белгилаб қўйилган?

—   14 ёшга кирган ва 30 ёшдан ошмаган ёш фуқаролар киритилади. Базага киритишда алоҳида ишлаб чиқилган тоифалар бор, булар: ишсиз ёшлар, ногиронлиги бор ёшлар, профилактик назоратда турувчи ёшлар, касб-ҳунар ва илм ўрганишга иштиёқи юқори бўлган, боқувчисини йўқотган ёшлар, меҳрибонлик уйларида тарбияланган, тиббий, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар.

—   “Ёшлар дафтари”га қандай кирилади?

—   3 та йўналишда ариза бериш мумкин. Биринчи йўли — маҳаллалардаги ёшлар етакчиларига боғланиб, ариза қолдиради. Иккинчи йўл — yoshlardaftari.uz сайти орқали ариза бериш. Учинчи йўл — 1093 қисқа рақами орқали ариза қолдириш мумкин. Бу аризаларни маҳалладаги ёшлар етакчилари 5 иш куни ичида ўрганиб, тавсия бериши ё рад этиши керак бўлади.

—   Қандай ёрдам турлари бор?

—   Ёшлар дафтари”да 25 турдаги ёрдамлар мавжуд. Ҳар бир йўналиш бўйича фуқарога бериладиган ёрдам ҳақида, тасдиқлангани тўғрисида алоҳида смс хабарномалар юборилади. Бу хабарнома тизими шаффофликни таъминлаш учун. Ёшлар дафтар тизими яратилгандан буён бу тизимга 1,1 млн ёшлар киритилган. Уларга ёрдам кўрсатиш учун жамғармалардан эса 1 трлн 270 млрд сўм миқдордаги маблағлар ажратилган. 2023 йилнинг 9 ойи давомида 355 мингта ёшларимиз “Ёшлар дафтари”га киритилган. Ва шулардан 250 мингтасига амалий ёрдам кўрсатилган, улар учун жами 378 млрд сўм маблағ ажратилган. Йил охиригача 100 мингдан ортиқ ёшларга амалий ёрдамлар берилади. Шундан сўнг кейинги йилга тайёргарлик бўлади.

—   Платформага қайта рўйхатдан ўтиш мумкинми?

—   “Ёшлар дафтари”га киритилиб, ёрдам олган ёшлар яна 6 ой муддатдан кейин ариза қолдириши мумкин бўлади. Бунда битта истисно бор, яъни Вазирлар Маҳкамасининг 312-сонли қарори асосидаги қўшимча низомларга кўра, фойдаланувчи ёш бир марталик ёрдамни белгилаб “Ёшлар дафтари”га кирса, у “дафтар”дан чиқариб юборилмайди ва иккинчи қўшимча ёрдам олишга имкон яратилади, бошқа бундай истиснолар йўқ.

—   Чиқаришда-чи?

—   “Ёшлар дафтари”дан чиқаришда рўйхатдан ўтган ёш ўзи белгилаган ёрдам турини олгандан кейингина чиқарилади. Бу жараёнлар смс хабарномалар орқали амалга оширилади. Дейлик, бир фуқаро контракт-шартнома маблағини тўлаб бериш учун ариза берди, ўша маблағ тўлангандан кейин дафтардан чиқарилади. Сўралган миқдордаги маблағ ажратилмай туриб смс тасдиқлаш коди юборилса, буни масъулларга айтмаслик тавсия этилади. Чунки бунда “Ёшлар дафтари”дан асоссиз чиқариш бўлади. 

Мавзуга оид