Жаҳон | 14:50 / 28.10.2025
4139
5 дақиқада ўқилади

Туркия Британиядан 10 миллиард долларга Eurofighter Typhoonʼлар сотиб олади

Туркия ва Буюк Британия 10,7 млрд доллар эвазига 20 та янги Eurofighter Typhoon қирувчисини етказиб беришга келишди. Анқара шунингдек, Форс кўрфази давлатларидан яна 24 та қирувчи самолёт оляпти. Таҳлилчиларга кўра, Туркия минтақадаги асосий рақиби – Исроилнинг ҳаводаги устунлигини йўқ қилмоқчи.

Фото: Туркия президенти матбуот хизмати

27 октябр куни Буюк Британия бош вазири Кеир Стармер лавозимга келганидан буён илк бор Туркияга ташриф буюрди. Ташрифи чоғида Стармер президент Ражаб Тоййиб Эрдўған билан Eurofighter Typhoon қирувчиларини харид қилиш бўйича келишувни имзолади ва уни «тарихий лаҳза» деб атади.

Келишувга кўра, Британия 10,7 млрд доллар эвазига 20 та янги Eurofighter Typhoon қирувчисини Туркияга етказиб беради. Лондоннинг билдиришича, Туркия янги Typhoon'нинг дастлабкисини 2030 йилда қабул қилади. Стармер музокаралар доирасидаги битимда яна қўшимча харид қилиш опцияси ҳам мавжудлигини билдирди.

«Бу тарихий келишув Британия ишчилари учун ютуқ, мудофаа саноатимиз учун ютуқ ва НАТО хавфсизлиги учун ҳам ютуқдир», деди Стармер.

«Туркия муҳим НАТО иттифоқчиси ва Қора денгизнинг қўриқчиси ҳисобланади. Уларни энг замонавий Typhoon қирувчи самолётлари билан таъминлаш НАТОнинг салоҳиятини кучайтиради ва ҳаммамизни янада хавфсиз қилади», деди Британия мудофаа вазири Жон Ҳили.

Фото: Туркия мудофаа вазирлиги

Британия ҳукуматига кўра, «бу авлоддаги энг йирик қирувчи самолёт экспорт битими» — Эдинбург каби шаҳарларда 20 минг кишилик ишчи кучини қўллаб-қувватлашга ёрдам беради.

Эрдўғаннинг айтишича, «бу келишув икки яқин иттифоқчи сифатидаги стратегик муносабатларнинг янги белгиси».

Бундан ташқари, Туркия мудофаа вазирлиги Оман ва Қатардан ҳам яна 12 тадан, жами 24 та Typhoon қирувчилари сотиб олинишини билдирди. Бу самолётлар фойдаланилган, аммо тез орада етказилиши туфайли Туркиянинг зудлик билан эҳтиёжларини қондиради. Янги самолётлар эса кейинги йилларда Британиядан олинади.

Исроил билан курашда ҳавода устунликни таъминлаш

Ушбу келишув — Туркиянинг минтақадаги рақиблари, хусусан, Исроил билан ҳарбий технологиялар бўйича тенглашишга интилаётган бир пайтда амалга ошмоқда. Шу билан бирга Европа — НАТОнинг иккинчи энг катта армияси ва қуролланган дронларнинг йирик экспортчисига айланган Туркияга тобора кўпроқ таянмоқда.

Минтақада ҳарбий қудратли ҳисобланган Исроил АҚШдан етказиб берилган юзлаб қирувчилар билан Эрон ва Сурия, шунингдек, Ливан ва Қатарга ҳаво ҳужумлари уюштирди.

Фото: Туркия президенти матбуот хизмати

Reuters’нинг ёзишича, бу Анқарани ўтган йил давомида жиддий хавотирга солган ва мудофаа тизимини қайта тиклашга ундаган.

Шу муносабат билан июл ойида Туркия ва Британия 40 тагача Eurofighter Typhoon хариди бўйича дастлабки келишувни имзолаган эди. Бунга уни ишлаб чиқарувчи консорциум аъзолари — Германия, Италия ва Испания ҳам розилик билдирган. Ўтган ҳафта Эрдўған Қатарга ва Оманга ушбу режа бўйича музокаралар учун ташриф буюрган.

Ғарб билан энг илиқ муносабатлар даврини бошдан кечираётган Туркия ўз паркидаги эскирган F-16ʼларни қўллаб-қувватлаш учун Eurofighter’ларни, шунингдек, АҚШ ишлаб чиқарган F-35ʼларни ҳам харид қилишни хоҳламоқда.

Туркия ўзининг KAAN қирувчилари яқин йилларда тайёр бўлгунига қадар бўшлиқни тўлдиришни мақсад қилган. Бундан ташқари, у ўтган йили АҚШ билан 40 та F-16 учун 7 миллиард долларлик шартномага эришган, бироқ улар кечикишга учрамоқда.

Лекин «жуда қиммат самолётлар»

Истанбулда жойлашган хавфсизлик ва мудофаа бўйича таҳлилчи Бурак Йилдирим 8 миллиард фунтлик нархни «ғайриоддий даражада баланд» ва «мислсиз» деб атади. Бу нарх — қирувчи самолётга қўшимча опциялар, ўқ-дори, эҳтиёт қисмлар ва тайёргарликни ўз ичига олса ҳам, қимматлик қилади.

«Улар самолётларни фрегат нархида сотишяпти. 400 миллион фунтга жанговар самолёт олмайди, улар битта самолётни тўрт самолёт нархига сотишяпти», дейди Йилдирим Reutersʼга берган изоҳида.

Британия ва Туркия 10 миллиард долларлик келишув таркибида самолётлардан ташқари нималар киритилганини ошкор этмади.

Фото: Royal Air Force

Eurofighter Typhoon – бу Европада ишлаб чиқилган кўп мақсадли, 4++ авлод қирувчи самолёт бўлиб, юқори манёврчанлик ва замонавий электроника билан ажралиб туради.

Ҳавода устунликни таъминлаш, ҳаво, ер ҳужумлари ҳамда разведка, қўллаб-қувватлаш операцияларида самардор. Кўплаб Европа ва НАТО давлатлари ҳарбий ҳаво кучларининг асосий жанговар платформаларидан биридир. Турли манбаларда унинг бирлик нархи 80 миллион доллардан 130 миллион долларгача кўрсатилган.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид