Жаҳон | 21:37 / 26.09.2018
6997
3 дақиқада ўқилади

Ингушетия ва Чеченистон чегара тўғрисидаги келишувни имзолади

Ингушетия раҳбари Юнус-Бек Евкуров ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ҳудудлар ўртасидаги чегараларни аниқлаш бўйича келишувни имзолади, деб хабар берди РИА Новости.

Фото: Ингушетия раҳбарининг “ВКонтакте“ даги расмий саҳифасида​н

"Биз ўртада постлар бўлмаслигига, барча йўллар очиқ бўлиб, таъмирланиши ва асфальтланишига келишиб олдик. Энг асосийси, низолар, эҳтимолий қон тўкишлар ва хафагарчиликлар бўлмади", — деди Ингушетия раҳбари мазкур келишув имзоланиши ҳақида фикр билдираркан.

Ҳудудий баҳс

Чеченистон ва Ингушетия ўртасидаги маъмурий чегара тўғрисидаги масала 1990 йил бошларида, ҳукумат тепасига Жоҳар Дудаев келганидан сўнг ЧИАССР таркибига кирган икки республика бўлиниб кетганидан сўнг тез-тез юзага чиқа бошлаганди.

1993 йилда Чеченистон раҳбари Жоҳар Дудаев ва Ингушетия раҳбари Руслан Аушев имзолаган шартномага кўра, Сунженский райони Серноводск ва Ассиновская аҳоли пунктларидан ташқари, Ингушетия таркибига ўтганди.

Хабар қилинишича, чоршанба куни тузилган шартномага кўра, Ингушетиянинг Сунженский райони бир қисмида жойлашган тоғли-ўрмонли ҳудуд Чеченистонга, Чеченистоннинг Надтеречний районидаги худди шундай ҳудуд Ингушетияга берилади.

"Ҳеч ким ютқазмади"

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Ингушетия билан имзоланган шартномани изоҳлар экан, "ҳеч ким ютқазмаганлигини" таъкидлади.

"Мендан ким ютди, деб сўрашди. Бундай саволларни чечен ва ингушларнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигига қарши қаратилган савол деб баҳолайман. Лекин барибир қатъий ишонч билан рост жавоб қайтараман —чеченлар ва ингушлар ютди! Ҳеч ким ютқазмади!" — деб ёзди у Telegram’да.

У икки халқдан бирининг манфаатларига путур етказувчи келишувни имзоланиши учун ҳаракат қилмаган бўлишини айтди.

"Энди йўл очилди ва мустаҳкам иқтисодий алоқалар йўлга қўйилади, корхоналар, фирмалар, фондлар, турли компаниялар ташкил этиш бўйича келишувлар имзоланади. Масъулиятни зиммамга олиб айтаманки, биз бирдам, ҳамжиҳатмиз", — таъкидлади Қодиров.

Тайёрлаган:  Дилшод Аскаров

Мавзуга оид