Ўзбекистон | 08:02 / 10.11.2021
11269
2 дақиқада ўқилади

Аҳолининг 70 фоизи асосий даромад манбаи ойлик иш ҳақи эканини маълум қилди

Марказий банк томонидан аҳолининг турли гуруҳлари истеъмол кайфиятини ўрганиш бўйича навбатдаги сўровлар ўтказилди. 

Фото: Kun.uz

Ўрганишга респондентларнинг даромадлари ва харажатлари таркиби, мавжуд пул-маблағларини жамғаришга бўлган мойиллиги, шунингдек, уларнинг келгусида кредитга бўлган эҳтиёжларини аниқлаш ва таҳлил қилиш бўйича саволлар киритилган.

Иштирокчиларнинг қарийб 70 фоизи даромадларининг асосий манбаи ойлик иш ҳақи, 15 фоизга яқини эса тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадларга тўғри келишини таъкидлашган. Хориждан пул ўтказмаларни қайд этган респондентлар улуши эса 3,4 фоизга тенг.

Ҳудудлар кесимида ҳам расмий ойлик иш ҳақи асосий даромад манбаи эканлигини кўриш мумкин. Хусусан, Тошкент шаҳри (68,8 фоиз), Бухоро (61 фоиз), Андижон (58,7 фоиз) ва Тошкент вилоятлари (58,1 фоиз) респондентлари жавобларида ойлик маошнинг асосий даромад сифатида юқори улуши қайд этилган.

Тадбиркорлик фаолияти шуғулланишни қайд этган респондентларнинг катта қисми Навоий, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган ва Хоразм вилоятлари ҳиссасига тўғри келди.

Сўров натижаларига кўра, жами респондентларнинг катта қисми, яъни 60 фоизи келгуси ойларда янги кредит олишга эҳтиёжлари мавжудлиги таъкидлаган.

2021 йилнинг II чорагида респондентларнинг даромади 1-3 млн. сўмни ташкил этувчи қисми кредитга бўлган талаби юқорилигини қайд этишган бўлса, III чоракда 3-5 млн. сўм ва 5-7 млн. сўм даромадли респондентларда ҳам кредитларга бўлган эҳтиёжи сезиларли ортганлиги кузатилди.

Таҳлилларга кўра, аксарият респондентлар (45 фоиз) ўз жамғармалари 3 ойгача етиши мумкинлигини таъкидлашган. Жумладан, жамғармалари 1 ойгача етадиган респондентлар улуши 28 фоизни ташкил этган бўлса, 1-3 ойгача бўлган давр учун ушбу кўрсаткич 16 фоизга тенг. Бироқ, жамғармалари мавжуд бўлмаган респондентлар улуши (42 фоиз) юқорилигича қолмоқда. 

Мавзуга оид