Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Маҳсулот нархини асоссиз тарзда оширган тадбиркорлар жавобгарликка тортилади – Мусаев
Давлат солиқ қўмитаси раиси нархлар сунъий равишда оширилишига йўл қўйилмаслигини алоҳида қайд этди.
Фото: KUN.UZ
Ўзбекистонга коронавирус кириб келиши муносабати билан аҳолида туғилаётган қатор саволларга жавоб олиш учун Kun.uz мухбири Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев билан суҳбатда бўлди.
«Қўштирноқ ичидаги айрим тадбиркорларда фурсатдан фойдаланиб олай деган фикр бўлиши мумкин. Бундай тадбиркорлар жуда чуқур мониторингга олинади. Агар халқни жипслашадиган, ҳамма тинч бўлиши керак бўлган жараёнда шундан фойдаланиб, нархларни кўтариб оладиган бўлса, табиийки, асоссиз нарх кўтариш эвазига олинган даромадига нисбатан солиқ назорати, солиқ мониторингини ўрнатамиз», – деди Мусаев.
У нархни сунъий равишда оширган тадбиркорлар жиноий жавобгарликка тортилишини таъкидлади.
«Бош вазир аниқ айтдилар: бундай тадбиркорлар жиноий тадбиркорликка тортилади.
Бир саволни кўтардилар: шу даврда ҳақиқий тадбиркор бўлса, ўзини қандай тутиши керак? Аксинча, бундай даврда халқни тушуниб, нархни ўзгартирмаган ҳолатда маҳсулотини кўпроқ бозорга етиштириб, бозордаги ваҳиманинг олдини оладиган одам – ҳақиқатда инсонпарвар, ватанпарвар тадбиркор бўлади.
Лекин дарди фақатгина пул топиш бўлиб, халқни қийнаш эвазига ёки халқнинг қўрқувидан фойдаланиб, пулимни топаман, дейдиган тадбиркор бўлса, унга қонунда етарли меъёрлар бор. Шу билан биз курашамиз.
Олдинги ҳафта, ой, йил сотилган ҳамма нархлар, фактуралар қўлимизда бор. Ҳаммасини, ҳамма товар позициясини бирма-бир солиштириб чиқамиз. Кимки нархини кўтарадиган бўлса, у билан манзилли ишлаймиз», – деди Солиқ қўмитаси раиси.
У истеъмолчилардан ваҳимага тушмасликни сўради.
«Битта нарсани истеъмолчиларимиздан, ўзбек халқидан илтимос қилиб айтиш керакки, ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқ.
Солиқ органлари назоратни тўлиқ амалга оширади. Нафақат солиқ органлари, бош вазир томонидан аниқ топшириқ берилди – прокуратура, солиқ органлари биргаликда ишчи гуруҳларини тузиб, ҳар бир деҳқон бозори, савдо субъектида назорат тадбирлари, рейд тадбирларини амалга оширамиз.
Бунинг асосий мақсади нима? Кечаги сотилаётган нархдан бугунги нархнинг ҳеч қандай фарқи бўлиши керак эмас», – деди у.