Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пластик карталар сонини чеклаш: мақсад ва оқибатлар ҳақида мутахассис фикри
Марказий банк томонидан 2025 йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар ҳар бир жисмоний шахс учун карталар сони битта банкда 5 тагача, барча банкларда 20 тагача чекланди. Нақдсиз тўловлар бўйича мутахассис Аҳрор Маҳмудов бу чекловнинг оқибатлари ҳақида фикрларини билдирди.
Фото: Аҳрор Маҳмудов
Ўзбекистон Марказий банки фирибгарликка қарши курашиш мақсадида бир шахсда бўлиши мумкин бўлган банк карталари сонига чекловлар жорий қилди. Регуляторнинг қайд этишича, бу масала қонунчилик даражасида ҳал этилмаган ва шунинг сабабли баъзи фуқаролар 100дан ортиқ картага эга бўлган ҳолатлар мавжуд. Янги вақтинчалик тартибга кўра, эндиликда фуқароларга битта банкда бештагача картага эга бўлишга рухсат берилади ва умумий карталар сони, жумладан, виртуал карталарни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, 20 тадан ошмаслиги керак. Мазкур чекловлар хорижий валютадаги карталар учун амал қилмайди.
Шу билан бирга, бу чекловларнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида бир нечта саволлар мавжуд. Бундай чекловлар кўплаб иқтисодий, ижтимоий ва бизнес тизимларига салбий таъсир қилиши мумкин.
Тўлов карталари иқтисодиётда жуда муҳим рол ўйнайди, чунки улар истеъмолни рағбатлантиради, кредитлар, содиқлик дастурлари ва бонус тизимлари орқали фойдаланувчиларни қўллаб-қувватлайди. Бироқ, банк карталарини чиқаришдаги чекловлар, айниқса ҳудудларда тўлов имкониятларини мураккаблаштириши, нақд пул инфратузилмаси юкини ошириши мумкин.
Ижтимоий ва иқтисодий таъсирлар
Мазкур чекловлар натижасида кичик ва ўрта бизнес, айниқса, хизмат кўрсатиш соҳаси, нақд пулсиз ҳисоб-китобларга ўрганиб қолган мижозларининг бир қисмини йўқотиши мумкин. Бу даромадларнинг пасайишига, нақд пул билан муомала қилиш харажатларининг ошишига ва рақобатбардошликнинг пасайишига олиб келади. Шунингдек, нақд пулсиз тўлов инновацияларини ишлаб чиқаётган молиявий хизматлар ва финтех компаниялари ҳам қийинчиликларга дуч келишади.
Бундай чеклов фирибгарликка қарши курашда қанчалик самара бериши савол остида қолмоқда. Чунки нақд пул ҳам ўғриланишга мойил ва карталарни чеклаш фақатгина хавфсизликни кучайтириш ва суғуртага эҳтиёжни, шунингдек, қўшимча пул маблағларини бошқариш харажатларини ошириши мумкин. Бундан ташқари, карталар муомаласига қўйилган чекловлар иқтисодиётни рақамлаштиришнинг муҳим элементи бўлган электрон бизнес ва онлайн тўловларга салбий таъсир кўрсатади.
Халқаро тажриба
Халқаро тажрибага кўра, карталарни чиқариш ва ишлатишда деярли ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас. Европа Иттифоқи мамлакатларида банклар бир мижоз учун бир нечта дебет карталарини чиқариш имкониятини таклиф қилади, агар улар турли тизимларга тегишли бўлса (Visa, Mastercard) ёки ҳар хил турдаги (масалан, стандарт ва премиум) бўлса. АҚШда ҳам мижозлар бир банкдан бир нечта дебет карталарини олишлари мумкин, айниқса, турли ҳисобларга тегишли бўлса.
Осиё мамлакатларида, хусусан, Хитой ва Ҳиндистонда банклар бир нечта дебет карталарини очишга рухсат беради. Россияда эса банклар бир ҳисоб учун бир нечта карталарни чиқариш имкониятини тақдим этади, шу жумладан, қариндошлар ёки қўшимча фойдаланувчилар учун карталарни чиқаришга рухсат берилади.
Конституциявий ҳуқуқлар ва чекловлар
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21-моддасига кўра, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкин. Бу мақсадга эришиш учун ҳар қандай чеклов мутаносиб ва асосли бўлиши, чеклов ва мақсад ўртасидаги боғлиқлик аниқ ва ишончли бўлиши керак.
Ўз мулкини тасарруф этиш ҳуқуқи ҳам муҳим. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 66-моддасига кўра, мулкдор ўз мулкини хоҳишига кўра бошқариш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқ тўлов карталари каби молиявий воситалардан фойдаланишни ҳам назарда тутади. Шунингдек, Конституциянинг 65-моддаси иқтисодий фаолият эркинлигининг тенглиги принципи аҳамиятини таъкидлайди. Карталар сонини чеклаш эса бу принципни бузиши мумкин.
Тўлов карталарининг чиқарилишини чеклаш омма фикри, яъни тўлов карталари эгалари фикрини инобатга олмасдан қабул қилингани сабабли, жорий этилган чеклов бекор қилиниши ва ушбу ёндашув қайта кўриб чиқилиши зарур. Тўлов картаси — бу фақат транзакцияларни амалга ошириш воситаси бўлиб, уларнинг сонига чеклов қўйиш молиявий тизимнинг асосий муаммоларини ҳал қилмайди. Аксинча, бундай чора-тадбирлар аҳолига ва бизнесга кераксиз тўсиқлар яратиб, ҳисоб-китоблар қулайлиги ва мавжудлигига халал бериши мумкин. Бунинг ўрнига, тартибга солувчилар нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ривожлантиришни рағбатлантириш, уларнинг мавжудлигини ошириш ва аҳолининг молиявий тизимга бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларга эътибор қаратиши керак. Нақд пулсиз тўловлардан фойдаланиш шартларини соддалаштириш ва уларни кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш молиявий сектор барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашга янада самарали ҳисса қўшади.
Асосий фикр шундаки, вақтинчалик тартибни бекор қилиш керак. Охирги бандда эса аниқ айтилганидек, бу фирибгарларнинг ишига халал бермайди, улар шунчаки янги шароитларга мослашади.
Тўлов карталари сонини чеклаш фирибгарлар билан муаммоларни ҳал қилмайди, чунки фирибгарлик схемалари янги шароитларга мослашади, вақтинчалик чоралар эса узоқ муддатли ва самарасиз бўлиб қолиши мумкин. Сунъий чекловларни жорий этиш ўрнига, карталар чиқарилиши ва айланиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, аҳолининг молиявий саводхонлигини оширишга эътибор қаратиш керак. Фирибгарликка қарши курашда муҳим қадам сифатида фуқароларни молиявий хавфлар ва ўз маблағларини ҳимоя қилиш усуллари ҳақида хабардор қилишга қаратилган кенг қамровли ахборот кампанияларини ўтказиш бўлади. Фақат комплекс ёндашув тўлов операциялари хавфсизлигини ҳақиқатан оширишни таъминлайди.
Аҳрор Маҳмудов
Мавзуга оид
20:45 / 28.12.2025
2025 йилнинг III чорагида бўш иш ўринлари сони ошди – Марказий банк
13:27 / 27.12.2025
Ўзбекистонда реал иш ҳақи ўсиши минтақа давлатларига нисбатан тезлашди – Марказий банк
15:30 / 25.12.2025
Марказий банк молия ташкилотларида олдиндан огоҳлантирмасдан текширув ўтказади
18:43 / 23.12.2025