Жаҳон | 09:39 / 06.02.2023
32976
3 дақиқада ўқилади

Туркияда кучли зилзила: 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, қурбонлар сони ошмоқда

Туркия жануби-шарқида, Сурия билан чегара яқинида кучли зилзила юз берди. Туркияда 76 киши, қўшни Сурияда эса 50 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Қурбонлар сони тўхтовсиз ошиб бормоқда.

Фото: Getty Images

Маҳаллий матбуот тарқатган маълумотларга қараганда, камида 22 та афтершок қайд этилган, энг кучлиси 6,6 магнитудани ташкил қилган. Халқаро ёрдамни назарда тутувчи огоҳлантириш даражаси эълон қилинди.

АҚШ Геология хизмати 7,8 магнитудали зилзила маҳаллий вақт билан соат 04:17 да Газиантеп шаҳри яқинида, 17,9 км чуқурликда содир бўлганини маълум қилди.

Бир қанча бинолар қулаган, вайроналар остида омон қолганларни қидириш ишлари олиб борилмоқда.

Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу 10 та шаҳар жиддий зарар кўрганини айтди: Газиантеп, Қаҳрамонмараш, Ҳатай, Усмония, Адияман, Малатя, Шанлиурфа, Адана, Диёрбакир ва Килис.

TRT ва Haberturk телеканаллари Қаҳрамонмарашда вайрон бўлган бино атрофида тўпланган одамларнинг тирик қолганларни қидираётгани акс этган тасвирларни тарқатди.

BBC Турк хизматининг Диёрбакирдаги мухбири шаҳарда савдо маркази қулаб тушганини хабар қилди.

Газиантепдан шимоли-шарқда жойлашган Диёрбакирда қулаган бинолар остидан омон қолганларни қидириш ишлари олиб борилмоқда
ANADOLU AGENCY VIA GETTY IMAGES

Ер силкинишлари пойтахт Анқара ва Туркиянинг бошқа шаҳарларида, шунингдек, бутун минтақада – Кипр, Ливан ва Сурияда сезилган.

Сурия давлат матбуоти Ҳалаб вилоятида кўп сонли бинолар қулаганини маълум қилди. Хамадаги давлат хизматидаги манбага кўра, у ерда бир қанча бинолар қулаган, деб хабар бермоқда Reuters.

«Уй деворларидан ҳатто расмлар тушиб кетди», деди Дамашқда яшовчи Самир Reuters агентлигига. «Мен даҳшатдан уйғониб кетдим. Ҳаммамиз кийиниб, эшик олдида турибмиз».

Гувоҳларнинг айтишича, Дамашқда, шунингдек, Ливаннинг Байрут ва Триполи шаҳарларида одамлар уйлари қулаб тушишидан хавотирланиб, уни тарк этиш учун кўчаларга чиққан ва машиналарга ўтириб олган.

Ғазодаги BBC продюсери Рушди Абуалуфнинг айтишича, у яшаган уй тахминан 45 сония давомида силкинган.

Газиантепдан шимоли-шарқда жойлашган Малатя шаҳрида қулаган бино вайроналари остида қолган автомобиллар
ANADOLU AGENCY VIA GETTY IMAGES

Туркиялик сейсмологлар зилзила кучини 7,4 балл деб баҳолаган. Уларнинг сўзларига кўра, бир неча дақиқадан сўнг минтақада иккинчи ерости силкиниши содир бўлган.

Туркия Қизил Хоч ташкилоти раҳбари жиддий зарар кўрган ва вайрон бўлган бинолар сабабли жабрланган ҳудудга ёрдам бериш учун ресурсларни сафарбар қилаётганини айтди ва одамларни вайрон бўлган уйлардан эвакуация қилишга чақирди.

Туркия дунёдаги энг фаол сейсмик зоналардан бирида жойлашган.

1999 йилда мамлакат шимоли-ғарбидаги Измит минтақасида қайд этилган кучли зилзила оқибатида 17 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлганди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид