Ўзбекистон | 12:39 / 19.08.2025
4644
2 дақиқада ўқилади

Мансабдор шахс айби билан етказилган зарар унинг ўзидан ундирилади

Иккинчи ўқишдан ўтган қонун лойиҳасига кўра, давлат органи ёки мансабдор шахс томонидан жисмоний ёки юридик шахсга етказилган зарар ҳудудий компенсация жамғармаларидан қопланади. Кейинчалик мансабдор шахсдан регресс тартибида ундириб олинади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида давлат органи ёки мансабдор шахснинг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, мазкур қонун лойиҳаси билан, етказилган зарарнинг ўрнини компенсация қилиш, ҳудудий компенсация жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилган маблағларни кейинчалик айбдор деб топилган давлат органи мансабдор шахсидан тўлиқ миқдорда регресс тартибида ундириб олиш, ҳудудий компенсация жамғармаси маблағларини шакллантириш тартиби белгиланади.

Яъни, лойиҳага кўра, жисмоний ёки юридик шахсга етказилган ҳамда суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган моддий ва (ёки) маънавий зарарнинг ўрнини қоплашда ягона амалиёт йўлга қўйилиб, етказилган зарар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий компенсация жамғармаларидан қопланади. Кейинчалик айбдор шахсдан тегишли давлат органи орқали регресс тартибида ундириб олинади.

Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар томонидан кўтарилган масалалар, таклиф ва тавсиялардан келиб чиқиб, янада такомиллаштирилган. Айрим нормалардаги номувофиқликлар бартараф этилиб, асосий тушунчалар юридик техник жиҳатдан таҳририй қайта кўриб чиқилган.

Мажлисда қайд этилишича, ушбу ҳужжат фуқароларнинг давлат органлари ёхуд мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши тўғрисидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда айбдор мансабдор шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортишни назарда тутади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид