Ўзбекистон | 12:12 / 17.10.2019
14691
8 дақиқада ўқилади

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишнинг янгича тартиби жорий этилади

Фото: Fotolia

Ўзбекистонда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади. Бу ҳақда “Ҳуқуқбузарликка қарши кураш ҳамда хабеас корпус тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори лойиҳасида айтилган.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи “Электрон маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш” ахборот тизимини жорий этиш лойиҳаси доирасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш тартибини босқичма-босқич рақамлаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилиниши мумкин:

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юритувни электрон шаклда юритиш ва процессуал ҳаракатларни амалга ошириш вақтида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузишга ваколатли органлар, судлар ва Мажбурий ижро бюроси, шунингдек, бошқа ташкилотлар билан маълумотлар алмашинуви имконини берувчи ҳимояланган тизимни, жумладан ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини интеграция қилиш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича статистика юритишни автоматлаштириш орқали жорий қилиш;

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юритув амалиётида процессуал ҳужжатларнинг ягона электрон шаклларини ишлаб чиқиш;

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юритиш жараёнларини, жумладан бу турдаги ишлар бўйича электрон иш юритувда тартиб-таомилларни қисқартириш ва ортиқча босқичларни чиқариб ташлаш орқали оптималлаштириш;

процессуал ҳаракатларни амалга ошириш тартибларини, жумладан электрон шаклда далилларни тўплаш, экспертизалар, суд муҳокамаси ўтказиш ва суд қарорларини ижро этиш орқали соддалаштириш.

“Электрон маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш” лойиҳасини амалиётга жорий қилиш бўйича идоралараро комиссия ташкил этилади. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Идоралараро комиссиянинг ишчи органи этиб белгиланади.

Идоралараро комиссия (П. Бобожонов):

“Электрон маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш” дастлабки лойиҳасини амалга ошириш бўйича иш режасини ҳамда идоралараро комиссия ўртасидаги иш тақсимотини тасдиқлайди;

2021 йил 1 январга қадар Тошкент шаҳрида дастлабки лойиҳа амалга киритилади;

2021 йил 1 июнга қадар дастлабки лойиҳанинг синовлари натижаларидан келиб чиқиб, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни юритишнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилиниши муносабати билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ Тошкент шаҳри ҳудудида 2021 йил 1 январдан бошлаб:

ваколатли мансабдор шахс ҳуқуқбузарликни аниқлаши билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш учун электрон тизим ўрнатилган планшетлари орқали маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузади ва ҳуқуқбузарга ушбу баённоманинг электрон шаклини ёки қоғоз шаклини тақдим қилади;

ваколатли мансабдор шахс томонидан тузилган баённомада кўрсатилган ҳуқуқбузарлик ўзи томонидан содир этилганлигига эътироз билдирмаган ҳуқуқбузар баённомани планшетдаги махсус бармоқ изларини сканерловчи ускунаси орқали бармоқ изларини тушириш йўли билан тасдиқлайди. Ҳуқуқбузар ўзининг жисмоний нуқсони туфайли баённомани ўқиб, имзолай олмаса, баённомани дастурий таъминот ўқиб эшиттиради. Бу ҳақда баённомага белги қўйилади;

баённомани тузувчи мансабдор шахс ҳуқуқбузарнинг юз тузилишини расмга олиб ёки планшетга бармоқ изларини тушириш орқали, электрон тизим планшетлари орқали реал вақт режимида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги базасидан унинг шахсини аниқлайди;

ўрнатилган видеокузатув мосламалари орқали аниқланган ҳуқуқбузар ҳамда қидирувдаги шахслар ва уларнинг жойлашган жойи ҳақидаги маълумот ҳудуддаги ваколатли мансабдор шахсларга юборилади.

Ҳуқуқбузарга тайинланган жаримани электрон тўлов тизимлари орқали жойида тўлаш имконияти яратилади.

Ҳуқуқбузар баённомада кўрсатилган жарима суммасини ихтиёрий тарзда тўлаганлиги ҳақидаги маълумот электрон базага баённома топширилган санадан бошлаб ўн беш сутка ичида келиб тушмаган тақдирда, электрон базага киритилган баённома автоматик тарзда тегишли ваколатли органлар ёки судга жўнатилади.

Тегишли ваколатли органлар ёки суд электрон тарзда келиб тушган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни умумий асосларга кўра кўриб чиқади.

Белгилаб қўйилишича:

а) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги лойиҳанинг амалга оширилиши ва юритилишига масъул бўлган ваколатли орган ҳисобланади;

б) “Электрон маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш” юритиш учун зарур бўлган техник ускуналар, сервер планшет ва бошқа моддий техника ашёлари ва дастурлари “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасини амалга ошириш доирасида сотиб олинади, идоралараро комиссия томонидан тегишли ахборот тизимлари ва ресурсларининг интеграция қилиниши таъминланади.

Соддалаштирилган тартибда юритилган ишлар юзасидан жарималар Тошкент шаҳрида “Хавфсиз шаҳар” интеграцияланган тизимни яратиш бўйича инвестицион лойиҳаси шартлари доирасида тақсимланади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда “Электрон маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш” лойиҳаси хавфсиз шаҳар лойиҳалари доирасида амалга оширилади.

Белгиланишича, 2019 йил 1 декабрдан шахс ўзига нисбатан ваколатли мансабдор шахс томонидан тузилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомада кўрсатилган ҳуқуқбузарлик содир этганлигини рад қилмаса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш соддалаштирилган тартибда амалга оширилади. Мазкур тартибга кўра:

иш маъмурий ҳуқуқбузарликка оид баённома расмийлаштириш ваколатига эга мансабдор шахс томонидан қарор чиқариш орқали кўрилади;

ваколатли мансабдор шахс томонидан тузилган баённомага асосан ҳуқуқбузарга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаси санкциясида назарда тутилган энг кам миқдордаги жариманинг 85 фоизи миқдорида жазо тайинланади;

маъмурий жарима ҳуқуқбузар томонидан унга баённома топширилган санадан бошлаб ўн беш сутка муддатда ихтиёрий равишда тўланмаган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритиш умумий тартибда давом эттирилади.

Қуйидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича соддалаштирилган тартибда иш юритиш қўлланилмайди:

маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш соддалаштирилган тартибда юритилишига ҳуқуқбузар ёки жабрланувчининг эътирози бўлган ишлар;

содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жарима жазосидан бошқа турдаги маъмурий жазо қўлланилиши назарда тутилган ишлар;

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 29-1-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар;

иш бўйича ўзгага моддий ёки маънавий зарар етказилган бўлиб, зарар кўрган тараф ёки унинг вакили зарарни ундиришни талаб қилган ишлар;

маъмурий ҳуқуқбузарлик бир неча шахслар томонидан содир этилган бўлиб, уларнинг лоақал биттаси ҳуқуқбузарлик содир этганини рад этган ишлар;

Бир йил давомида такроран содир этилиши оқибатида жиноий жавобгарлик келиб чиқиши назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича соддалаштирилган тартибда юритилаётган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш бўйича шахснинг муқаддам маъмурий ҳуқуқбузарликка оид жавобгарликка тортилганлиги ҳақидаги маълумотни дарҳол олишнинг имкони бўлмаса, иш юритиш шу маълумотни олингунга қадар умумий тартибда давом эттирилади.

Соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилган иш юзасидан чиқарилган қарор, ишни умумий тартибда кўриш натижалари бўйича чиқарилган қарор билан тенг ҳуқуқий кучга эга бўлади.

Соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилган иш юзасидан чиқарилган қарор тарафларнинг талаблари ва эътирозларини асослайдиган ҳолатларнинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги ҳақида фактик маълумот ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид