Иқтисодиёт | 16:44 / 18.03.2022
61185
8 дақиқада ўқилади

Доллар ошиши уй ва машина нархига қандай таъсир қилади?

Сўнгги ҳафта охирги бир йилни энг барқарор ўтказган ўзбек сўмига ҳам ўз таъсирини ўтказди. АҚШ доллари курси қарийб 6 фоизга кўтарилди. Фуқаролар ўртасидаги аксарият йирик савдолар долларда кечадиган Ўзбекистонда бу жараён қандай оқибатларга олиб келади?

Фото: Unsplash/pngwing.com

Юртимизда банкдан ташқари, чўнтаклараро айланаётган валюта, аниқроғи АҚШ доллари кўламини ҳисоблаш, тахмин қилиш қийин. Бу жуда катта маблағ экани аниқ. Албатта, хусусий мулк дахлсизлиги конституция билан ҳимояланган ва ҳар бир фуқаро ўз пулини хоҳлаган валютасида сақлаши, мулкини истаган тарзда сотиши мумкин. Лекин савол туғилади – нима учун биз ҳам барча олди-бердиларда АҚШ долларига бу қадар боғланиб қолганмиз?

Бу ўзига хос тарихий асос ва омилларга эга.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида юртимизда яшовчи бошқа миллат вакиллари, асосан руслар уйларини ва бошқа мулкларини сотиб, кўчиб кета бошладилар. Кўчмас мулк баҳоси жуда арзонлиги билан бирга, унинг сотувидан тушган пулни бошқа давлатда ишлатиш муаммоси ҳам бор эди. Аввалига МДҲ давлатлари билан умумий валюта – рубль маълум муддат ишлаб турди. Аммо рублга мулк сотганлар ўрнига нимадир харид қилгунларича пул анча қадрсизланиб кетаверди. Шундай вазиятда универсал валюта сифатида шу пайтгача ҳам дунёда бу мақомни эгаллаб келган АҚШ доллари биз учун ҳам “кашф қилинди”.

Биз учун доим хусусий мулкнинг иккинчи йирик шакли асосан автомобиль бўлган. Дастлаб йилларда, ўз автосаноатимиз ишга тушмаган пайтларда хориждан, асосан Россиядан енгил машиналар олиб келиб сотиларди. Бу бозорда ҳам доллар универсал валюта ролини ўйнаб берди.

Бу жараёнлар изсиз кетмади албатта. Халқ онгига нақд пул шаклидаги бойликни асраш, жамғаришда АҚШ доллари тобора кўпроқ сингий бошлади. Ҳозирги даврдан фарқли равишда долларнинг қадри у пайтлар ҳақиқатан ҳам жуда баланд, шаҳарларда 1000-2000 АҚШ долларига яхши квартира сотиб олиш мумкин бўлса, 100 долларга эга инсон анча бадавлат ҳисобланарди.

Йиллар ўтаверди. Ўзбекистон иқтисоди ҳам қатор омиллар туфайли аввал изига тушди, кейин тиклана бошлади. Аммо иқтисоднинг кўтарилиши ҳам хорижий валютага бўлган муҳаббатимизни сусайтира олмади. Энди бунга асосий сабаб сифатида кучли инфляция юзага чиқди.

“Хорижий валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк...” деган қизиқарли жумлаларни 20 йилдан ортиқ эшитдик. Ўзбекистонда хорижий валютанинг – амалда АҚШ долларининг уч хил курси амал қилди. Жисмоний шахслар орасида миллиардлаб доллар қўлма-қўл бўлиб юраверса-да, деярли ҳеч ким расман – банк орқали валютани нақд шаклда сотмади ва сотиб олмади.

Бу жараёнлар ҳам оддий аҳолининг долларга қарамлигига, барча йирик олди-бердилар шу валютада амалга оширилишига замин яратди. Бундан ташқари, узлуксиз давом этаётган инфляция туфайли сўмимиз орқали нақд шаклда олди-берди қилишнинг иложи ҳам қолмаган, ҳали 50-100 минг сўмлик пуллар муомалага киритилмаган йилларда бунинг учун юк машиналари керак бўларди.

Мана шу ва бошқа омиллар туфайли йирик савдоларнинг ягона ўлчов бирлиги сифатида АҚШ долларига қаттиқ боғланиб қолдик.

Хўш, доллар қиймати кескин ошаркан, бу валютага боғланиб сотиладиган маҳсулотлар нархи қанчалик ўзгаради?

Кўчмас мулкда дастлабки ўзгаришлар сезилди

Камолиддин Эгамов, кўчмас мулк бизнеси вакили:

— Умуман, Ўзбекистоннинг янги тарихида кўчмас мулк нархи мунтазам ошиб боргандек тасаввур уйғонади. Аслида ундай бўлмаган. Яқин 15 йил ичида камида 2 марта кучли ва давомли пасайиш кузатилган.

2008 йилда Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози Ўзбекистон бозорига ҳам жиддий таъсирини ўтказган. Инқироз Ўзбекистонда ҳам қатор давлатлар сингари доллар қийматининг кескин ошиши билан кечганди. Эслайман, кечқурун АҚШ доллари қора бозорда 1200 сўм бўлгани ҳолда эрталаб 1600 сўмга кўтарилиб кетганди. Яъни бир кечада 30 фоиздан ортиқ ўсиш...

У пайтлар мен АҚШда эдим ва кўчмас мулк қийматининг шиддат билан тушишини кузатганман. Бу жараён Ўзбекистонга ҳам етиб келган ва ўшанда йирик шаҳарларда нархлар 2-3 ой ичида деярли ярмига қадар (50 фоизгача) пасайган. Лекин у инқирознинг қизиқ жиҳати – тикланиш ҳам тезлик билан кечган. Яъни уйларнинг нархлари келгуси 1 йилдаёқ ўса бошлаган. Чунки ҳали янги уйлар қуриш оммалашмаган, иккиламчи бозорга муайян талаб бор эди.

Иккинчи жиддий пасайиш анча давомли бўлганди. 2014 йилда Қрим воқеалари ортидан Россияга киритилган санкциялар Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам ўз таъсирини ўтказганди. Лекин бу жараён аста-секин ва нисбатан давомли бўлган. Яъни кўчмас мулк қийматининг тушиши кейинги 1-2 йил секинлик билан давом этди, шок ҳолати кузатилмади. 2016-2017 йиллардан кейин Ўзбекистон иқтисодида янги имкониятлар яратилди, аҳоли қўлида қўшимча маблағ пайдо бўлди ва кўчмас мулкка бўлган талаб ортиб кетди. Йирик шаҳарларда, хусусан пойтахтда уй-жой, хонадонлар нархи мунтазам оша бошлади. Айниқса, 2021 йилнинг охирига келиб ўсиш ҳар ойда сезиладиган даражага етди.

Энди бевосита саволга жавоб излаб кўрамиз.

Охирги бир ҳафта динамикасини оладиган бўлсак сўм девальвацияси 6-7 фоизга яқинлашяпти. Ўтган тўлиқ бир йил, яъни 52 ҳафта давомида бу кўрсаткич 3-4 фоиз бўлганини ҳисобга олсак, йирик савдоларда бизни мураккаб синовлар кутаётгани маълум бўлади. Гарчи кўчмас-мулк долларга харид қилинса ва сотилса-да, аҳолининг аксарият қисми сўмда даромад қилади ҳамда уни валютага айлантиради. Бунга Россиядаги юртдошларимиздан валюта оқими камайиши каби омил ҳам қўшилган ҳолда, охир-оқибат ички талаб пасайишига, нархлар тушишига олиб келади, деб ўйлайман. Албатта, бу шахсий фикр, чунки Ўзбекистон иқтисодиёти умумий қонуниятларга кўпинча бўйсунмайди.

Шу билан бирга, бундай пайтда аксарият харидорлар кутиш позициясини танлай бошлашади. Яъни амалда харидлар сони камаяди. Мана шу белгилар бозорга дастлабки белгиларини берди, энг камида ўсиш тўхтади, баъзи мулклар эса кечагидан арзонроққа сотила бошланди.

Аммо бугунги кунда яна бир омилни ҳам ҳисобга олиш лозим: Ўзбекистонга Россия ва Украинадан жуда кўпчилик вақтинча (балки доимий) яшаш учун келмоқда. Уларнинг аксарияти ижарага хонадонлар олиши ижара секторида жиддий ўсишни ва тақчилликни юзага келтирди. Шунингдек, балки ижара қимматлигидан, балки келгуси режаларни Ўзбекистон билан боғлаш туфайли кўчмас мулк сотиб олаётганлар ҳам бор. Бу ҳам балки вақтинча, балки давомли талабни ҳосил қилиб турибди. Лекин бу талаб ҳарбий ҳаракатлар қачон тугашига боғлиқ.

Умуман, уйлар савдоси барибир бутунлай тўхтаб қолмайди. Арзон пайтида ҳам, қимматида ҳам ўзига яраша харидлар давом этаверади.

Автомобиль бозорида нима гап?

Афсуски Ўзбекистон автомобиль бозори эркин бозор тамойиллари эмас, кўпроқ маъмурий бошқарув таъсири остида. Машиналар нархи UzAuto Motors'нинг кайфиятига қараб ўзгаради. Яъни ишлаб чиқариш ҳажми, навбатлар давомийлиги, нархларнинг бозорга қараб эмас, “юқоридан туриб” ўзгартирилиши бу секторда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу борада ҳам асосий олди-бердилар АҚШ долларида амалга оширилса-да, айни пайтда бу бозорда жиддий пасайиш кузатилмаяпти, аксинча, нархларда ҳатто ўсиш жараёни кетяпти. Чунки доллар қийматининг ортиши олдидан UzAuto Motors нархларни оширганини эълон қилганди. Бу иккиламчи бозорларга ҳам таъсир қилди ва ҳозирча пасайиш кузатилмаяпти.

Аммо жараён шундай давом этса, бу бозор ҳам қочиб қутула олмайди. Чунки UzAuto Motors қисқа муддат ичида яна нархни ошира олмайди. Сўм ва рублда даромад олувчиларнинг автомобил сотиб олишга талаби пасаяди ва эртами-кечми бозорга таъсири сезилади.

Аброр Зоҳидов

Муаллиф:  Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид