Жаҳон | 14:48 / 17.12.2025
3008
9 дақиқада ўқилади

Венесуэла танкерларига жорий қилинган блокада, Покистон олдидаги «синов» ва АҚШга фуқаролари кириши тақиқланган 35 давлат – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

АҚШ Венесуэла нефт танкерларига блокада жорий этди

16 декабр куни АҚШ президенти Доналд Трамп Николас Мадуро ҳукуматига босимни кучайтириш йўлида навбатдаги қадам ташлади. Унга кўра, АҚШ Венесуэлага кириб келаётган ва ундан чиқаётган санкция остидаги барча нефт танкерларига блокада жорий этди. Бу қарор мамлакатнинг асосий даромад манбаи – нефтни нишонга олади.

Трамп санкцияланган кемаларга нисбатан бу чорани қандай амалга ошириши аниқ эмас. Ўтган ҳафта бўлгани каби АҚШ кемаларни тўхтатиб текшириш учун Соҳил қўриқлаш хизмати ва ҳарбийлардан фойдаланиши мумкин.

«Бизнинг активларимизни ўғирлаш, шунингдек, терроризм, гиёҳванд моддалар контрабандаси ва одам савдоси каби кўплаб бошқа сабаблар туфайли Венесуэла режими «хорижий террористик ташкилот» сифатида белгиланди», — деб ёзди Трамп Truth Social'дa. «Шу сабабли бугун мен Венесуэлага кираётган ва ундан чиқаётган санкция остидаги барча нефт танкерларига тўлиқ ва мутлақ блокада эълон қиламан».

Венесуэла ҳукумати баёнот бериб, Трампнинг бу «жирканч таҳдидини» рад этишини билдирди.

Трамп эълонидан кейин Осиё савдоларида АҚШ нефти фючерслари 1 фоиздан кўпроққа кўтарилиб, 55,96 долларга чиқди.

АҚШ Давлат департаментининг собиқ энергетика дипломати Девид Голдвиннинг айтишича, агар Венесуэланинг зарар кўрган экспорти OPECʼнинг захира қувватлари ҳисобига қопланмаса, нефт нархлари бир баррел учун 5–8 доллар оралиғида ошиши мумкин.

Ўтган ҳафта АҚШ Венесуэла қирғоқлари яқинида санкция остидаги нефт танкерини мусодара қилганидан сўнг, бошқа кемалар мусодара хавфидан қочиб, Венесуэла сув ҳудудида қолиб кетганди.

Трампнинг халқаро майдондаги бу ҳаракатлари – АҚШ ичида кўп саволларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, АҚШ Вакиллар палатаси аъзоси, демократ Хоакин Кастро «Бу — Конгресс ҳеч қачон рухсат бермаган ва Америка халқи истамаган уруш», деб ёзди.

Австралия қуролга доир қонунларни кучайтирмоқчи

Австралия парламенти келаси ҳафта – қурол ва норозилик намойишлари тўғрисидаги қонунларга кенг қамровли ўзгартиришлар киритмоқчи. Бу қарор Сиднейдаги оммавий отишмадан бир неча кун ўтиб қабул қилинмоқда.

Ҳужум содир бўлган Янги Жанубий Уэлс штати расмийси Крис Миннснинг айтишича, таклифлар орасида бир шахс эгалик қилиши мумкин бўлган қуроллар сонини чеклаш ва айрим турдаги милтиқлар киришини янада мураккаблаштириш бор.

Штат ҳукумати шунингдек, йирик кўча намойишларини ўтказишни қийинлаштирадиган ислоҳотларни ҳам кўриб чиқади.

Ўша отишмада ҳужумчилардан бир 50 ёшли Сажид Акрам воқеа жойида полиция томонидан отиб ўлдирилганди. Унинг 24 ёшли ўғли Навид Акрам эса полиция ўқидан яраланган. Унга ҳали айблов эълон қилинмаган, терговчилар дорилар таъсири кетишини кутмоқда.

Австралия полициясига кўра, айбланаётган шахслар «ИШИД»дан илҳомланган бўлиши мумкин.

Отишмада ҳужумчилардан бирини қуролсизлантириш учун курашиб, ўқдан жароҳат олган 43 ёшли Аҳмад ал-Аҳмад эса чоршанба куни жарроҳлик амалиётидан ўтиши керак. У 20 йил аввал Сурияни тарк этиб, Австралияга иш излаб келган.

Соғлиқни сақлаш идораларига кўра, 22 нафар жароҳатланганлар ҳануз Сиднейдаги бир нечта шифохонада даволанмоқда.

Покистон олдидаги «синов»

Покистоннинг сўнгги ўн йилликларда энг қудратли ҳарбий раҳбари бўлган шахс — Асим Мунир «оғир синов»га дуч келмоқда. Reutersʼнинг ёзишича, Вашингтон Исломободдан Ғазони барқарорлаштириш кучлари таркибига қўшин ажратишни талаб қилмоқда. Бу қарор эса мамлакат ичида кескин норозиликни қўзғатиши мумкин.

Манбаларга кўра, фелдмаршал Асим Мунир яқин ҳафталарда Вашингтонга бориб, АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашиши кутилмоқда. Бу сўнгги олти ой ичидаги учинчи учрашув бўлади. Унда асосий масала Ғазо кучлари масаласига қаратилади.

Кўплаб давлатлар Ғазода Ҳамасни қуролсизлантириш вазифасини ўз ичига олган бу миссиядан эҳтиёт бўлмоқда. Чунки бу уларни тўғридан тўғри можарога тортиб кетиши мумкин.

Мунир эса АҚШ ва Покистон ўртасида йиллар давомида шаклланган ишончсизликни бартараф этиш учун Трамп билан яқин алоқалар ўрнатган: июн ойида Трамп Оқ уйда илк марта Покистон армияси раҳбарини фуқаровий амалдорларсиз, ёлғиз қабул қилганди.

«Шундан кейин ҳам Ғазони барқарорлаштириш кучларига ҳисса қўшмаслик Трампни ранжитиши мумкин», дейди таҳлилчилар.

Дунёдаги ягона ядро қуролига эга мусулмон давлати бўлган Покистон — тажрибали ва жанговар тайёр армияга эга. Мамлакат асосий рақиби Ҳиндистон билан ва Афғонистондаги гуруҳлар билан ҳам уруш олиб борган.

Мунирнинг ўзи эса ҳаво кучлари, ҳарбий-денгиз кучларини бошқарувчи мудофаа кучлари раҳбаридир. Унинг ваколати 2030 йилгача чўзилган. У фелдмаршал унвонини умрбод сақлаб қолади ва унга ҳар қандай жиноий таъқибдан умрбод дахлсизлик берилган.

Украина бўйича халқаро даъволар комиссияси

16 декабр куни Европа Россия ҳужумлари оқибатида Киевга етказилган юзлаб миллиард долларлик зарар учун товон тўланишини таъминлаш мақсадида Украина бўйича Халқаро даъволар комиссиясини ишга туширди. Ҳаагада бўлиб ўтган йиғилишда Европанинг 34 нафар етакчиси комиссияни расман ишга тушириш тўғрисидаги конвенцияни имзолади. Унда Украина президенти Володимир Зеленский ҳам қатнашди.

«Биз Россияни дунёда қоидалар борлигини тан олишга мажбур қилишимиз керак», деди Зеленский.

Комиссия белгилаган товон маблағлари қандай тўланиши масаласи ҳали аниқлаштирилмаган. Дастлабки муҳокамаларда Европа Иттифоқи музлатган Россия активларидан фойдаланиш, шунингдек, аъзо давлатлар ҳиссаси эвазига маблағ тўплаш масаласи кўтарилган.

«Бу тўловлар, албатта, Россия томонидан амалга оширилиши керак; ушбу комиссия зарарлар учун кафолат бермайди», — деди Нидерландия ташқи ишлар вазири.

Комиссия таркибига кирадиган, икки йилдан бери фаолият юритиб келаётган «Зарарлар реестри» — аллақачон Украина ҳудудидаги жисмоний шахслар, ташкилотлар ва давлат органларидан 86 мингдан ортиқ даъвони қабул қилган.

Россия расмийлари масалага изоҳ бермади. Кремл, одатда Украинада уруш жиноятлари содир этилгани ҳақидаги айбловларни рад этиб келади.

Жаҳон банки келгуси ўн йил ичида Украинани қайта тиклаш харажатларини 524 миллиард доллар деб баҳолаган. Бу 2024 йилдаги Украина ялпи ички маҳсулотидан қарийб уч баробар кўпдир.

АҚШ миграцион чекловларни яна кучайтирди

Президент Доналд Трамп сешанба куни АҚШга саёҳат чекловларини яна 20 та давлатни қамраб оладиган тарзда кенгайтирди. Бу қарор Вашингтонда Миллий гвардиянинг икки нафар аскари отиб ташланганидан сўнг кучайтирилган миграцион сиёсатнинг давоми ҳисобланади.

1 январдан кучга кирадиган янгиланган сиёсат Сурия, Жанубий Судан, Нигер, Мали ва Буркина-Фасо фуқаролари учун АҚШга киришни тўлиқ тақиқлайди. Шунингдек, Фаластин маъмурияти томонидан берилган ҳужжатларга эга шахсларга ҳам тўлиқ чеклов жорий этилади. Бундан ташқари, Трамп маъмурияти асосан Африкада жойлашган яна 15 та давлат фуқаролари учун қисман саёҳат чекловларини жорий қилди. Шу билан билан АҚШга саёҳат бўйича чекловлар қўлланаётган давлатлар сони 35 тадан ошди.

Трамп ўтган ойда «учинчи дунё давлатларидан миграцияни бутунлай ва доимий тўхтатиш» ниятида эканини билдирган эди. Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм эса «АҚШни қотиллар ва ўзини боқишга ўрганиб қолганлар билан тўлдираётган ҳар бир давлатга нисбатан тўлиқ саёҳат тақиқи жорий этишни» тавсия қилганди.

New York Times'нинг ёзишича, Трампнинг янги сиёсати АҚШга қонуний иммиграция шаклларига қарши босимни кескин кучайтирди. Натижада дунё давлатларининг қарийб 20 фоизи учун АҚШга саёҳат тўлиқ ёки қисман чекланмоқда. 

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид