Ўзбекистон | 07:41 / 20.07.2022
7886
6 дақиқада ўқилади

Тошкент дизайн ва мода халқаро университети ташкил этилади

Фото: iStock

Президентнинг “Тошкент дизайн ва мода халқаро университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, “Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари” уюшмаси ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг қуйидаги таклифига розилик берилади:

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг “Енгил саноат буюмлари конструкциясини ишлаш ва технологияси (тикув буюмлари технологияси)”, “Дизайн” йўналишидаги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари ҳамда Париж халқаро мода университети билан қўшма факультет негизида Тошкент дизайн ва мода халқаро университети ташкил этиш.

Қуйидагилар университетнинг асосий фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

  • дизайн, тўқимачилик, ахборот технологиялари, иқтисодиёт, маркетинг соҳалари учун меҳнат бозорида рақобатбардош, юқори малакага эга олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни, замонавий технологиялар асосида фаолият юритадиган, чуқур билимга эга мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича узлуксиз таълим тизимини яратиш;
  • нуфузли хорижий олий ўқув юртларининг таълим дастурлари асосида юксак замонавий касбий билим ва малакага эга бўлган, халқаро миқёсда рақобатбардош, истиқболли кадрларни тайёрлаш;
  • етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни жорий этиш, университет профессор-ўқитувчиларининг малакасини ошириш, битирувчиларнинг республика ва хорижий олий таълим муассасаларида (илмий марказларда) магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таҳсил олишларини ташкил этиш;
  • ўқув машғулотлари, малакавий амалиётларни ўташда талабаларни инновацион ва янгича фикрлашга йўналтирадиган янги ўқитиш технологиялари ҳамда уларнинг мустақил изланишини таъминловчи механизмларни кенг жорий этиш;
  • таълим билан ишлаб чиқаришнинг интеграциясини кучайтириш мақсадида соҳа корхоналарида талабаларнинг малакавий амалиётларини йўлга қўйиш, мазкур корхоналарда кафедра филиаллари ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг стажировкаларини ташкил этиш;
  • тадқиқотчи олимлар иштирокида маърузалар, семинарлар ва амалий машғулотлар ўтказиш йўли билан профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ҳамда талабаларда дизайн, тўқимачилик, ахборот технологиялари, иқтисодиёт, маркетинг соҳаларида амалий илмий-тадқиқотлар олиб бориш методикаси ва амалиётига ўргатишни ташкиллаштириш;
  • таълимнинг тегишли йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув-методик адабиётларни яратиш, ёш талабалар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар олиб бориш, таълим тизимига етакчи хорижий таълим муассасалари тажрибасини жорий қилиш;
  • мамлакат ва хорижий ташкилотларнинг, шу жумладан илмий ва таълим муассасалари буюртманомалари асосида тегишли йўналишлар бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш;
  • ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибани, жумладан замонавий таълим технологияларини татбиқ этиш, очиқ ахборот-таълим муҳитини таъминлаш;
  • олий таълим тизимида дуал таълим тизимини босқичма-босқич жорий қилиш асосида, уни ривожлантириш ва талабалар билим ва кўникмаларини ошириш;
  • таълим ва илмий фаолиятнинг ишлаб чиқариш фаолияти билан узвий интеграциялашуви учун шарт-шароитлар яратиш орқали талабаларни иш билан таъминланиши учун шароит яратиш ва кўмаклашиш;
  • ўқув жараёнини талабаларда мустақил таълим олиш, тизимли таҳлил қилиш, ижодий фикрлаш ва амалий, жумладан тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга йўналтириш;
  • малакали хорижий мутахассисларни таълим жараёнига жалб қилиш, университет мутахассисларини нуфузли хорижий олий таълим ва илмий муассасаларга малака ошириш ҳамда тажриба орттириш учун юбориш, талабаларнинг академик алмашинувини йўлга қўйиш.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва “Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари” уюшмаси билан ҳамкорликда 2022 йил 1 сентябрга қадар университет тасарруфида юридик шахс мақомига эга бўлмаган “Ўзбек модасини ривожлантириш маркази”ни ташкил этади.

Белгиланишича:

  • университет олий таълим соҳасидаги давлат муассасаси ҳисобланади ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги муассислигида фаолият юритади;
  • университетда ўқув жараёни 2022/2023 ўқув йилидан кредит-модуль тизими асосида ташкил этилади;
  • университетда асосан хотин-қизларнинг таълим олишлари таъминланади;
  • Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳузуридаги Формали кийимларни лойиҳалаштириш бўйича илмий лаборатория, “Либос дизайни”, ва “Тикув буюмларини конструкциялаш ва технологияси” ҳамда Париж халқаро мода университети билан қўшма факультет кафедралари ўқув лабораториялари оператив бошқарув ҳуқуқи асосида университетга ўтказилади;
  • Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг Париж халқаро мода университети билан қўшма факультетда таълим олаётган талабалар 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб университетда ўқишни давом эттиради;
  • Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг Енгил саноат буюмлари конструкциясини ишлаш ва технологияси (тикув буюмлари технологияси), Дизайн йўналишидаги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб қабул жараёни амалга оширилмайди. Амалдаги талабалар университетнинг тегишли таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида ўқишини давом эттиради.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид