Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Япония “Фукусима-1” атом электр станциясидаги радиоактив сувни океанга оқизишга қарор қилди
Фото: iz.ru
Япония ҳукумати 2011 йил мартида техноген фалокат юз берган “Фукусима-1” атом электр станциясидаги радиоактив моддалардан қисман тозаланган сувнинг катта ҳажмини океанга оқизишга қарор қилди. Бироқ Хитой ва Жанубий Корея Япониянинг бу режаларидан ташвиш билдирмоқда.
Kyodo ахборот агентлигининг хабар беришича, станцияда тўпланиб қолган катта ҳажмдаги сувни океанга оқизиш бўйича қарор бош вазир Ёсихидэ Суга бошчилигида ўтган йиғилишда қабул қилинган.
“Сувнинг утиллаштирилиши АЭСни фойдаланишдан чиқаришда қочиб қутулиб бўлмайдиган муаммо ҳисобланади”, деб айтган Суга йиғилишда.
Мартга келиб АЭС ҳудудидаги танкерларда 1,25 млн тонна тозаланган радиоактив сув йиғилиб қолган. Сув стронций, дейтерий каби радиоактив моддалардан тозаланган, бироқ унинг таркибида тритий изотоплари қолмоқда. Сувни техник жиҳатдан ундан тозалашнинг имконияти бўлмаяпти. АЭС оператори Tokyo Electric Power Company Holdings Inc. станцияда тозаланган сув ҳажми тобора ортиб бораётгани ва уни тўплаш учун жой 2020 йил кузига келиб қолмаслигидан огоҳлантирган.
Япония ҳукуматида таъкидланишича, станциядаги сув океанга оқизилиши вақтида ЖССТ томонидан ичимлик суви учун ўрнатилган меъёрга тўғри келади.
Сувнинг океанга оқизилишига тайёргарлик 2 йилча вақт олади.
Япония бош вазирининг айтишича, ҳукумат ушбу жараённинг хавфсизлиги таъминланишини назорат қилади. Шунингдек, денгиз маҳсулотларида радиоактив моддалар борлиги текшириб турилади.
Бироқ Хитой ва Жанубий Корея “Фукусима”даги сувнинг океанга оқизилишидан ташвиш билдирмоқда. Ушбу давлатлар бу жараён одамлар ва атроф-муҳит хавфсизлиги учун бевосита ва билвосита таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотирланмоқда ҳамда Японияни бунга масъулиятли ёндашишга чақирмоқда.
2011 йил 11 мартда Японияда юз берган вайронкор зилзила ва цунамидан кейин “Фукусима-1” АЭСда совитиш тизимининг ишдан чиқиши оқибатида бир қатор авариялар юз берганди. Ҳукумат АЭС атрофидаги 20 км радиусдаги ҳудуддан одамларни эвакуация қилган. Шунингдек, “Фукусима-1”даги хавфлилик даражаси максимал даражага етгани эълон қилинган. Бундай даража ўз вақтида Чернобил АЭСда юз берган фалокат вақтида эълон қилинган.
Мавзуга оид
15:57
Япония бош вазири муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказилишини эълон қилди
22:40 / 06.01.2026
Япониядаги аукционда туна балиғи миллионлаб долларга сотилди
10:08 / 26.12.2025
Япония 17 та қон қуйиш муассасасига замонавий ускуналарни етказиб беради
10:53 / 25.12.2025