Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Туркия учун Eurofighter’лар, Исроил ва БМТ кучлари ўртасида можаро ҳамда Японияда муҳим келишувга эришган Трамп – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ–Япония келишувлари
АҚШ президенти Доналд Трамп 28 октябр куни Токиода Япониянинг илк аёл раҳбари Санаэ Такаичи билан савдо ҳамда муҳим минераллар бўйича келишувлар имзолади.
Манбаларга кўра, Япония Трампга 550 миллиард долларлик битим доирасида инвестициялар пакетини таклиф этиши, шунингдек, АҚШнинг соя, табиий газ ва пикап юк машиналарини кўпроқ харид қилиши кутилмоқда.
Бу қадамлар Трампнинг мудофаага доир талабларини юмшатиш учун деб ҳисобланмоқда. Чунки Трамп Японияга ҳам Хитойдан ҳимояланиш учун мудофаа харажатларини ошириш талабини қўйиши мумкин.
«Синдзо ва бошқалардан билганларимга кўра, сиз буюк бош вазирлардан бири бўласиз. Шунингдек, сизни илк аёл бош вазир бўлганингиз билан табрикламоқчиман. Бу катта воқеа», — деди Трамп музокаралар аввалида.
Лидерлар муҳим минераллар ва камёб металлар таъминотини қўллаб-қувватлаш бўйича келишув имзолади. Мамлакатлар смартфонлардан тортиб жанговар самолётларгача бўлган кенг турдаги маҳсулотлар учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга материаллар юзасидан Хитойга қарамликни камайтиришга интилмоқда.
Трамп ва Такаичи кейинчалик Токио яқинидаги АҚШ денгиз базасига ташриф буюради, у ерда USS George Washington авиаташувчиси жойлашган. У АҚШнинг минтақадаги кучли ҳарбий мавжудлиги бир қисми ҳисобланади.
Туркия Британиядан 20 та Eurofighter харид қилади
27 октябр куни Туркия Буюк Британиядан 10,7 млрд доллар эвазига 20 та янги Eurofighter Typhoon қирувчисини харид қилишга келишиб олди. Бу икки НАТО иттифоқчиси ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлайди ва Туркия ҳаво мудофаасини кучайтиради.
Буюк Британия бош вазири Кеир Стармер Туркияга ташрифи чоғида президент Ражаб Тоййиб Эрдўған билан ушбу келишувни имзолади ва уни «тарихий лаҳза» деб атади. Эрдўған эса мудофаа саноатида қўшма лойиҳалар ҳам пайдо бўлиши мумкинлигини айтди.
Айни пайтда Европа НАТОнинг иккинчи энг катта армиясига ва ҳарбий дронларнинг йирик экспортчисига айланган Туркияга тобора кўпроқ таянмоқда. Туркия Мудофаа вазирлигига кўра, Анқара Оман ва Қатарнинг ҳар биридан яна 12 тадан фойдаланилган Eurofighter Typhoon қирувчиларини сотиб олишни режалаштирмоқда.
Таҳлилчиларга кўра, агар келишувга ўқ-дорилар ва тайёргарлик киритилган бўлса, самолётлар нархи жуда қимматга тушяпти — ҳар бири 400 миллион
Ғарб билан энг илиқ муносабатлар даврини бошдан кечираётган Туркия паркдаги эскирган F-16ʼларни қўллаб-қувватлаш учун Eurofighter'ларни ва эҳтимол АҚШ ишлаб чиқарган F-35ʼларни ҳам харид қилишни истамоқда.
У ўзининг KAAN қирувчилари яқин йилларда тайёр бўлгунига қадар бўшлиқни тўлдиришни мақсад қилан. У ўтган йили АҚШ билан 40 та F-16 учун 7 миллиард долларлик шартномага эришган, бироқ улар кечикишга учрамоқда.
Ғазодаги сулҳ
ҲАМАС душанба куни Ғазодаги сулҳ келишуви доирасида яна бир исроиллик гаровга олинган шахснинг жасадини топширди.
Кейинроқ Исроил бош вазири идораси ҳалок бўлган гаровга олинган шахснинг қолдиқлари солинган тобутни Халқаро Қизил Хоч қўмитаси орқали қабул қилганини тасдиқлади.
Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги сулҳнинг биринчи босқичи 10 октябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп режасига мувофиқ кучга кирган. Шундан бери ҲАМАС 20 нафар тирик исроиллик гаровдагиларни ва 28 нафар ҳалок бўлган асирлардан 17 тасининг жасадини топширди.
Бироқ Исроил расмийлари илгари қайтарилган жасадлардан биттаси йўқолган асирларга мос келмаслигини билдирган.
Бир неча кун олдин Миср расмийлари Ғазода иш бошлагани ҳақида хабарлар тарқалганди. Маълум бўлишича, Исроил гаровга олинганлар жасадларини топиш учун Миср муҳандислари ва оғир техникаларнинг Ғазога киришига рухсат берган.
Сулҳ режаси, шунингдек, Ғазони қайта тиклаш ва ҲАМАС қатнашмайдиган янги бошқарув механизмини яратишни кўзда тутади. Ҳозирча сулҳнинг иккинчи босқичи устида музокаралар давом этмоқда.
Фаластин расмийларига кўра, Исроилнинг Ғазодаги геноцид характеридаги уруши 2023 йил октябридан буён 68 500 дан ортиқ кишининг ўлимига ва 170 300 дан зиёд инсоннинг яраланишига сабаб бўлган.
Ямайкада довул, Туркияда зилзила
Кариб денгизининг шимолий соҳилларида жорий йилдаги энг қудратли довуллар бошланмоқда. Хусусан, Мелисса довули ғайриоддий даражада кескин кучайиб, 5-тоифа бўрон даражасига чиқади. Унинг оқибатида денгизда тахминан 280 км/соат тезликдаги шамоллар кузатилмоқда.
Мелисса довулининг четки шамоллари Ямайка қирғоқларига урмоқда. Довулнинг сешанба куни қуруқликка чиқиши оқибатида Ямайканинг айрим ҳудудларида мажбурий эвакуация буйруғи берилди.
Қутқарувчиларга кўра, довул катта ёғингарчилик, бўрон тўлқини ва узлуксиз шамоллар билан «инфратузилмага кенг кўламли зарар етказади«. Соҳил бўйида »қочиб бўлмайдиган» оқибатларга тайёргарлик кўрилмоқда. CNN'нинг ёзишича, фожиа оқибатида аллақачон Гаити ва Ямайкада 6 киши, Доминиканда эса бир кишидан вафот этган.
Душанба куни кечқурун дунёнинг бошқа бурчаги — Туркия ғарбидаги Баликесир вилоятида эса 6,1 магнитудали зилзила содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар ва табиий офатларни бошқариш бошқармаси маълумотига кўра, зилзила маҳаллий вақт билан соат 22:48 да юз берган.
Зилзиланинг чуқурлиги 5,99 километр бўлган ва Истанбул ҳамда атрофдаги вилоятларда сезилган.
«AFAD ва бошқа тегишли муассасалар дала текширувларини бошлади ва ҳисоботлар синчиклаб кўриб чиқилмоқда», дейилади расмий баёнотда.
Ички ишлар вазири Али Ерликая Анадолу агентлигига берган интервюсида ҳалок бўлганлар йўқлигини, фақат ваҳима туфайли икки енгил жароҳатланиш ҳолати кузатилганини айтди. Унинг қўшимча қилишича, ҳудудларда электр таъминотини тиклаш бўйича бригадалар ишламоқда.
Трамп Путинга: ракеталарни синовдан ўтказиш ўрнига урушни тугат!
АҚШ президенти Россия етакчисининг ядровий қурилма ўрнатилган «Буревестник» қанотли ракетаси синови ҳақидаги баёнотини танқид қилди. Бу ҳақда у Осиёга ташрифи чоғида Air Force One самолёти бортида журналистларга маълум қилди.
АҚШ президенти бу баёнотга 27 октябр тонгида жавоб бериб, АҚШ Россия соҳиллари яқинида «дунёдаги энг яхши» атом сувости кемасини жойлаштирганини эслатди. «Улар биз билан ўйин ўйнамайди, биз ҳам улар билан ўйнамаймиз. Биз доимий равишда ракета синовларини ўтказамиз, аммо айтганимдек, бизда ядровий сувости кемаси бор.
Мен Путин айтган гапларни ўринли деб ҳисобламайман. У бир ҳафтада тугаши керак бўлган, лекин тўрт йилдан бери давом этаётган урушни тугатиши керак эди. У шу иш билан шуғулланиши керак, ракета синовлари билан эмас», – деди Трамп.
26 октябр куни Владимир Путин Россия ядровий двигателга эга «Буревестник«» қанотли ракетасини синовдан ўтказганини маълум қилганди. Россия томонига кўра, ракета ҳавода 15 соат бўлган ва тахминан 14 минг километр масофани босиб ўтган.
Исроил БМТ кучларига граната ташлади
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ливандаги тинчликпарвар миссияси якшанба куни Исроил дронини уриб туширди.
UNIFILʼга кўра, дрон чегарага яқин Кфар Кила шаҳарчасида «тажовузкор тарзда» учган ва тинчликпарварлар зарурий мудофаа чораларини қўллаган.
Бироқ Исроил армияси дрон «одатдаги разведка фаолиятини» амалга оширганини айтди.
Исроил армияси матбуот котиби подполковник Надав Шошанинг айтишича, Исроил кучлари кейинчалик дрон қулаган ҳудудга граната ташлаган.
Миссия – граната бошқа бир исроиллик дрон томонидан патрул яқинига ташланганини билдирди. «Бир неча лаҳзадан сўнг эса исроиллик танк тинчликпарварлар томон ўқ узди. Тинчликпарварлар ва уларнинг жиҳозларига зарар етмади, ҳеч ким жароҳатланмади», дейилади БМТ ташкилоти баёнотида.
Ўтган йил ноябрда Ливан ҳаракати Ҳизбуллоҳ билан урушни тўхтатган сулҳ кучга кирганига қарамай, Исроил Ливан устида дронлар учиришни ва ушбу гуруҳ билан боғлиқ деб ҳисоблаган «нишонлар»га ҳаво ҳужумлари уюштиришни давом эттирмоқда.
БМТ ва Ливан ҳукумати эса Исроилнинг бу ҳаракатлари мамлакат суверенитети ҳамда сулҳ битими шартларининг бузилиши эканини айтди.
Мавзуга оид
14:37 / 19.12.2025
Вақтинча тўхтатилган грин-карта, Украинага $100 миллиардлик қарз ва Австралияда қурол бўйича янги тартиб – кун дайжести
14:06 / 18.12.2025
Европалик сиёсатчиларни ҳақорат қилган Путин, Исроил-Миср газ келишуви ва АҚШнинг рекорд даражадаги мудофаа бюджети – кун дайжести
14:48 / 17.12.2025
Венесуэла танкерларига жорий қилинган блокада, Покистон олдидаги «синов» ва АҚШга фуқаролари кириши тақиқланган 35 давлат – кун дайжести
13:53 / 16.12.2025