Жаҳон | 14:34 / 07.10.2025
7641
4 дақиқада ўқилади

Украина Россиядаги нефт заводларига ҳужумни кўпайтирмоқда – Трампнинг фикрини ўзгартириш учун

Украина армияси Россия энергетика объектларига тобора кўпроқ зарба йўлламоқда, деб ёзади The Economist журнали. Украина дронларининг Россия ҳудудидаги нефтни қайта ишлаш заводларига мувофиқлаштирилган ҳужумлари август ойида бошлаганди ва зарбалар сони ошиб бормоқда: ҳафтасига икки-уч мартадан тўрт-беш мартагача, «тез орада ҳар куни бўлиши мумкин», дея қайд этади журналистлар. Бундай зарбаларга урғу қаратилиши биринчи навбатда ҳозирнинг ўзида урушга бўлган муносабатга жиддий таъсир кўрсатади шунингдек, Доналд Трампнинг Украина истиқболлари бўйича фикрини ўзгартиришга ёрдам беради, дея ёзади The Economist. Унинг ҳозирги фикри қандайлигига журналистлар аниқлик киритмаган. Сентябр ойи охирида Трамп БМТ Бош ассамблеясида Володимир Зеленский билан учрашувдан кейин «Украина Евроиттифоқ кўмагида курашишга ҳамда бутун ҳудудини олдинги чегараларида қайтариб олиш»га, «балки, бундан ҳам узоқроққа бориш»га қодирлигини айтиб ўтганди.

Август ойи охирида Reuters агентлиги Россиядаги нефтни қайта ишлаш қувватларининг тахминан 17 фоизи вақтинча бўлса ҳам ишдан чиқаритлгани ҳақида хабар берганди. Ҳозирга келиб бу рақамлар анча кўтарилган – тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ишлаб чиқариш қувватининг 40 фоизи ишламаяпти. Energy Aspects тадқиқот гуруҳи баҳоларига кўра, бу кунига 1 миллион баррелдан ортиқ йўқотишни англатади.

Argus Media таҳлил компанияси раҳбарларидан бири Бенедикт Жоржнинг сўзларига кўра, Украина Россияда мавжуд бўлган 38 та нефтни қайта ишлаш заводларидан 16 тасига ҳужум қилган ва уларни таъмирлашнинг имкони бўлса-да, заводлар такрорий ҳужумга учраган ҳолатларда зарар жиддийроқ бўлади ва уни тиклаш учун кўпроқ вақт талаб этилади. Жорж қайд этишича, 2025 йилда Россиядан дизел ёқилғиси экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга қисқарган ва 2020 йилдан буён энг минимал даражага тушган. Бу мамлакат ичкарисида ҳам ёқилғи тақчиллигини келтириб чиқармоқда.

Нефтни ҳайдаш станциялари ва неф сақланувчи омборлар ҳам ҳужумга учрамоқда, аммо, Берлиндаги Карнеги марказининг Россия ва Евросиёни ўрганиш бўйича катта илмий ходими Сергей Вакуленконинг фикрича, бундай объектларни узоқ муддатга ишдан чиқариш мураккаб вазифа ва ҳозирча Россия нефти экспорти қисқараётгани йўқ. Шу билан бирга, Россия учун нефт хомашёсини сотиш нефт маҳсулотларини сотишдан кўра камроқ даромад келтиради.

The Economist маълумотларига кўра, Украина қуролли кучлари Россиянинг ичкари ҳудудларига йўллаётган зарбаларнинг 60 фоизида Fire Point компанияси томонидан ишлаб чиқарилган FP-1 дронларидан фойдаланмоқда. Уларнинг учиш масофаси 1500 километрни ташкил этади, шу билан бирга уларни ишлаб чиқариш анча арзонга тушади. Шунингдек, ҳужумларда учиш масофаси 2000 километрга етадиган нисбатан оғирроқ ҳамда қимматроқ бўлган «Лютий» дронлари ҳам қўлланмоқда. Бундан ташқари, Украина ўзида ишлаб чиқарилган FP-5 «Фламинго» русумли қанотли ракеталарни ҳам учираётгани ҳақида хабарлар бор. Улар дронларга қараганда анча тез учади. Ракеталар 3000 километрдан ортиқ масофадаги нишонга етиб бориши мумкин ва 1150 килограмм миқдордаги жанговар каллак туфайли катта қувватга эга ҳисобланади. Агар «Фламинго» Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ёриб ўта олса, бу «Украинанинг Россия ичкарисидаги нишонларни ўққа тутиш бўйича кампаниясини янги вайронкор даражага олиб чиқади», дея қайд этади The Economist. Ҳозирда Fire Point компанияси кунига бундай ракеталардан икки ёки учтасини ишлаб чиқармоқда, ой охирига бориб кунлик ишлаб чиқариш ҳажми еттитага етказилиши кутилмоқда. Август ойи охирида Володимир Зеленский «Фламинго» ракетаси муваффақиятли синовдан ўтганини хабар қилганди, кейинроқ эса Россия ҳудудлари бўйлаб янги зарбалар режалаштирилганини маълум қилди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид