Жаҳон | 23:47 / 10.09.2025
17245
2 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу Қатар ва «террорчиларни ушлаб турган» бошқа давлатларга ултиматум қўйди

Исроил бош вазири уларни зудлик билан чиқариб юборишни, акс ҳолда бу билан Исроил «шуғулланишини» маълум қилди.

Фото: AFP/Getty Images

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 2023 йил 7 октябр куни содир этилган теракт иштирокчиларига «бошпана» берган давлатларга мурожаат қилиб, уларни чиқариб юбориш ёки судга беришни талаб қилди. Шу муносабат билан 9 сентябр куни ҳудудига Исроил томонидан биринчи марта зарба берилган Қатарни тилга олди.

«Ва мен Қатарга ва террорчиларни яширган барча давлатларга айтаман: ёки уларни чиқариб юборинг, ёки жавобгарликка тортинг. Чунки сиз буни қилмасангиз, биз қиламиз», деди Нетаняҳу (Исроил ҳукумати сайтидан иқтибос).

Нетаняҳу нутқи 2000 йил 11 сентябр воқеаларига бағишланди. У ушбу терактни ҲАМАСнинг Исроилга қилган ҳужумига қиёслади. Унинг сўзларига кўра, Исроилнинг террорчиларга ҳужумлари АҚШ Афғонистон ва Покистонда «Ал-Қоида» аъзоларини таъқиб этганидан фарқ қилмайди.

9 сентябр куни Исроил Қатарда жойлашган ҲАМАС гуруҳи раҳбарияти манзилига ракета зарбасини берди. Оқибатда, Исроил билан Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича билвосита музокараларда қатнашган Фаластин ҳаракати вакиллари ҳалок бўлди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид