Жамият | 20:00 / 13.05.2018
16184
3 дақиқада ўқилади

Мактаблардаги йиға-йиғ иллати ўқувчини мактабдан бездиради — жамоавий мурожаат

Жамоавий мурожаатлар портали — Meningfikrim.uz’да фуқаро Жамшид Холиқов муаллифлигида «Мактабларда ўқувчилардан, уларнинг ота-оналаридан пул йиғиш ҳолатларига барҳам бериш ва бунга йўл қўйган шахсларга жавобгарлик белгилаш лозимлиги» тўғрисида таклиф жойлаштирилди.

Жамоавий мурожаат матни қуйидагича:

«Умумий ўрта таълим мактабларида ўқув йили бошидан то охирига қадар ҳар чоракда ўтказиладиган ота-оналар йиғилишларида маблағ йиғиш масаласи муҳокама қилинади. Бу одатий ҳолга айланиб қолган. Ушбу салбий иллатга бугун барҳам берилмаса, келажакда болаларимиз мактабларда ўқиш ўрнига, айтилган маблағни етказа олмагани учун ўқитувчи ва синфдошлари олдида изза бўлиши, бу эса уларнинг руҳий ҳолати ва ўқишига бўлган қизиқишининг сусайишига олиб келиши мумкин.

«Болаларингиз учун», деб турли нарсаларга (хусусан, супурги ва челакдан тортиб, туғилган кун ва битирув кечаси тадбирлари ўтказилиши кабиларга) пул йиғиш ҳолатлари сони ортиб бормоқда.

Ота-оналар ва оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий имконияти ва мавқелари болаларининг бир хил муҳит ва шароитлардаги мактабларда таҳсил олишига ўз таъсирини ўтказмаслиги керак, деб ўйлайман.

Ўқувчилар ўртасида ижтимоий жиҳатидан табақалашувнинг юзага келиши турли салбий оқибатларга олиб келиши мумкин ва бунинг натижасида ўқувчи руҳий босим остида қолиши мумкин. Келажакда болаларимизнинг тоза виждон ва соғлом фикр эгалари ва ақл-идрокли бўлиб вояга етишлари учун умумий ўрта таълим мактаблари фаолиятини пул йиғиш каби иллатдан холи қилишда жонбозлик кўрсатайлик!» — дейилади мурожаатда.

«Шу сабабли, ушбу ноқонуний жараёнга тақиқ қўйилиши ҳамда тегишли жавобгарлик чоралари ва жарималар белгиланишини сўраб қоламан!» — деб тугатади ўз мурожаатини Жамшид Холиқов.

Мурожжат остида кўплаб ҳамюртларимиз ўз фикрларини ёзиб қолдиришган. Жумладан, Фурқат Давлатов бу борада ўз фикрларини қуйидагича ифода этган:

«Ўрта таълим мактабларида пул йиғиш иллати — болаларимизнинг ҳамма нарсани пул билан ўлчаш дунёқарашида тарбиялайди. Чунки ўрта мактаблардаги директордан бошлаб ўқитувчилар ва ота-оналар қўмитаси (бу янгилик пухта ўйлаб чиқилган) орқали йиғиладиган пул йиғимлари — порахўрлик, ўғриликдан баттар иллат. Турли баҳонали йиғимларни болаларимизни тўлашга мажбур қилишади, акс ҳолда камситиш, ўқитувчилар бутун синф жамоасини тўламаётган ўқувчига қарама-қарши қўйишади, руҳиятини шикастлантиради. Албатта, бундай муҳитда тарбияланаётган ўқувчилар ҳаётда ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган инсонлар бўлиб етишади, агар руҳан синишмаса. Яшаш жойидан кам таъминланганлиги тўғрисида маълумотнома талаб қилиш, бу — уни камситиш учун яратилган ҳийла-найранг, ушбу маълумотнома авваллари ёрдам кўрсатиш учун сўралар эди ва ошкора айтилмас эди. Мактабда ўргатилган порахўрлик болаларимизнинг иймонли, виждонли бўлиб вояга етишларига хизмат қилмаслиги аниқ!».

Тайёрлаган:  UzA Shokirjonov Shuhrat

Мавзуга оид