Жаҳон | 19:45 / 09.10.2021
12972
9 дақиқада ўқилади

Шийпонларда ноутбук ва қаҳва машиналари: француз ёшлари қишлоқ хўжалигига қандай жалб этилади?

Францияда фермерлик қилувчиларнинг аксарияти – катта ёшдаги аҳоли қатлами. Ёшлар эса дам олиш кунларисиз ишлашга тўғри келадиган бу соҳада фаолият юритишни истамайди.

Neofarm фермаси муҳандис-робототехниги Антуан Маше / Фото: NYT

Шундай бўлса-да, хусусий тадбиркорлар фермерлик даромадли бизнес эканини ёшларга кўрсатишни истайдилар. Бу ҳақда The New York Times мақоласида сўз боради, дея ёзмоқда vc.ru.

Европа Иттифоқида етиштириладиган жами қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 20 фоизи Франция улушига тўғри келади. Бироқ маҳаллий фермерларнинг ярми 50 ёшдан катта. Яқин ўн йилда уларнинг кўпчилиги нафақага чиқади ва 160 мингга яқин фермер хўжаликлари тақдири ноаниқликка юз тутади.

Француз ёшларининг 18 фоизидан ортиғи ишсиз. Бироқ улар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги 70 минг бўш иш ўринларини банд этишга шошилишмаяпти. Чунки уларнинг кўпчилиги бу фаолиятни оғир меҳнат деб ҳисоблайди.

Франция қишлоқ хўжалиги секторига ҳар йили 10,4 млрд доллар миқдорида субсидия ажратилса ҳам, маҳаллий фермерларнинг деярли 25 фоизи камбағаллик чегарасида яшайди.

Ишчилар барқарор бўлмаган даромад, қарз, олдиндан айтиб бўлмас шарт-шароитлар, ёлғизлик ва оғир жисмоний меҳнат билан шуғулланишдан чарчайдилар. 2007 йилдан 2011 йилгача Францияда фермерлар орасида 985та ўз жонига қасд қилиш ҳолати қайд этилган. Ҳозир ҳам бу “эпидемия”ни барҳам топди деб бўлмайди.

АҚШда агросектор рақамли инқилобни бошдан кечиряпти ва кўп жойларда юқори технологик гидропон фермалар очилмоқда. Франция эса бу борада ортда қоляпти. Мамлакатда ушбу соҳа ҳукумат томонидан қатъий назорат қилинаётгани, субсидиялар эса фермер хўжаликлари унумдорлигини оширишга эмас, балки уларнинг маҳсулот етиштириш миқёсини оширишга қаратилаётгани каби омиллар ҳам бунга қисман сабаб бўлмоқда.

Ёшлар қишлоқ хўжалигига қандай жалб этиляпти?

Кадрлар инқирозининг олдини олиш учун маҳаллий тадбиркорлар таълим ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини ишга туширишяпти. Улардан бири – Hectar лойиҳаси. У Париждан узоқ бўлмаган ерда 607 гектар майдонга эга стартап-кампусдир. Бу ерда қуйидаги ишлар амалга ошириляпти:

  • дастурчилар ҳосилни йиғиб олувчи роботлар ва “бигдата” тизимлари устида иш олиб боради;
  • бўлажак фермерларга қишлоқ хўжалигини даромадли, экологик барқарор бизнесга айлантириш, шунингдек, инвесторларни жалб этиш ўргатилади;
  • узумзорлар ва фермер хўжаликлари эгалари акселератордан ёрдам олишлари мумкин.

Мазкур мактаб далаларидаги сигирлар бўйнига уларнинг саломатлигини кузатувчи махсус бўйинбоғ тақилган. Шийпонлар ноутбук ва қаҳва машиналарга эга ойнаванд офисларга айлантирилган.

Hectar мактаби ҳаммуассиси ва асосий ҳомийси Ксавье Нил / Фото: The New York Times
Hectar фермаси ветеринари Жули Рено

Hectar талабаларининг кўпчилиги анъанавий фермер хўжаликларида бўлишмаган. Улар – турли соҳаларда тажрибага эга ёшлар. Бироқ уларнинг бари мазкур бизнесга ёрдам бериш истагидагилар. Бу ҳақида нашрга мактаб асосчиларидан бири, миллиардер-технолог Ксавье Ньель ҳикоя қилган.

“Агросекторни ўзгартириш учун унга аввало жозибадор кўриниш бериш керак”, – дейди Ньель. Мамлакат президенти Эммануэль Макрон ҳам шу фикрда. У соҳани “замонавийлаштириш”, агротехникани ривожлантириш ва экология ҳақида ҳам ўйлашга чақирган. Бунинг учун ижтимоий инқилоб керак, дея ҳисоблайди унинг қишлоқ хўжалиги бўйича собиқ маслаҳатчиси ва Hectar асосчиларидан бири Одри Буроло.

“Агар ҳафтасига 7 кун, суткасига 24 соат ишлашга тўғри келса, ёшлар бу соҳада ишлаш иштиёқини билдирмайди”, – дейди Одри Буроло.

Талабалар етарли даромад олиши ва дам олиш кунларида ишламасликлари учун Hectar энг аввало бизнесни юритишга ўргатади. Мактаб ҳар йили шаҳар ва қишлоқ туманларидан 2 минг нафар, жумладан, кам таъминланган аҳоли вакиллари орасидан қабул қилишни режалаштирмоқда. Таълим ва амалиёт учун пул тўланмайди, давлат дипломи ҳам берилмайди. Чунки у бутунлай хусусий ва корпоратив инвесторларга қарашли.

Францияда фермерлик фаолиятини юритиш ва давлатдан ёрдам олиш учун диплом керак бўлади. Ньель Hectar битирувчилари анъанавий олий таълим муассасалари талабаларига қараганда ишбилармонроқ бўлади деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, айнан мана шу ёшлар мамлакат иқтисодиётини ўзгартира оладилар.

Нашрнинг ёзишича, технологик илғор ёшларнинг ҳиссаси аллақачон сезилмоқда: мамлакатда йирик хусусий фермер хўжаликлари тобора кўпаймоқда. Йирик корхоналар технологиялар ёрдамида ҳосилдорликни ошириб, харажатларни камайтиришмоқда.

Ёш фермерлар эса қуйидагиларни ўрганишяпти:

  • камроқ вақт сарфлаб, ҳосилдорликни ошириш;
  • экологик тоза маҳсулотларни етиштириш;
  • кичик ер участкаларидан унумли фойдаланиш.

Сабзавотлар етиштириладиган, майдони 0,8 гектар бўлган NeoFarm – ана шундай фермер хўжаликларидан бири. У ерда ёш дастурчилар уруғ экадиган, эгатларни суғорадиган ва сабзини йиғиб оладиган роботлар устида иш олиб боришади. “Робототехника сабабли фермерлик жозибадор соҳага айланади”, – дейди NeoFarm’нинг 25 ёшли ишчиси Нельсон Сингуи.

NeoFarm'да ходимларга меъёрий иш жадвали, янги технологиялар билан ишлаш ва ривожланиш имконияти таклиф этилади.

Дастурчилар NeoFarm'да етиштирилган ҳосилни йиғиб олувчи роботлар устида ишламоқда / Фото: The New York Times
Муҳандис-робототехник Нельсон Сингуи NeoFarm иссиқхонасида / Фото: The New York Times

Францияда шаҳарликлар барқарор қишлоқ хўжалигида ўз кучларини синаб кўриш, карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтириш борасида мамлакатга ёрдам бериш умидида қишлоқ туманларига кўчиб ўтишяпти. Жамият бундай фаол ёшларни неодеҳқонлар деб атай бошлаган.

“Бироқ барча неодеҳқонлар ҳам бизнеснинг яшовчанлигини қандай қилиб таъминлашни билишмайди. Айнан шунинг учун ҳам NeoFarm ва Hectar каби ташкилотлар пайдо бўляпти. Уларнинг мақсади – соҳага янги кириб келганларни “ушлаб қолиш”, уларга оёққа туриб олиш ва давлат субсидияларига қараб бўлиб қолмасликда ёрдам бериш”, – дейди NeoFarm асосчиларидан бири Оливье Ле Бленво.

NeoFarm асосчиси Оливье Ле Бланво / Фото: The New York Times

“Давлат яхши уддалаяпти, унга пул етмаяпти, холос”

Бироқ идеалистик қараш ҳаммани ҳам ишонтира олмади. Иль-де-Франс ҳудуди Ёш фермерлар иттифоқи раҳбари Амандин Мюре Беген Францияда қишлоқ хўжалиги соҳаси барқарор ривожланиш тамойилларини қўллаб қувватлайди – «жамоатчилик бу ҳақида билмайди холос», деб ҳисоблайди.

“Фермерлар иттифоқи давлат қишлоқ хўжалиги мактаблари бошқаришни ҳам, технологияларни ҳам ўргатади. Бироқ молиялаштиришга эҳтиёж сезади. Инвестициялар эса Hectar каби хусусий лойиҳаларга сарфланяпти”, дейди у.

“Соҳада ишламасдан туриб, унга бор-йўғи технологиялар етишмайди, деб айтиш осон. Ҳаёт сифатини ошириш учун роботлар ва замонавий таълимнинг ўзи етарли бўлмаслиги мумкин.

Истеъмолчилар фермерлар меҳнатини тан олиб, муносиб баҳолаганларидагина ёшларни кўпроқ жалб этиш мумкин”, – дея ҳисоблайди Амандин Мюре Беген.

NeoFarm менежери Ангерран де Сан-Прист вазифаларни бажариш учун кетадиган вақтни ҳисоб-китоб қилмоқда / Фото: The New York Times

NYT материалига изоҳ қолдирувчилар ҳам шубҳа билан қарашган. Кўпчилик қишлоқ хўжалигини эртадан кечгача ишлаш керак бўлган соҳа деб ҳисоблайди. Чунки жониворлар ва ўсимликларга доимий равишда парвариш керак. “Фермерларда танаффус йўқ, дам олиш кунлари ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Керак бўлса, ёмғирда ҳам, тунда ҳам ишлаймиз”, – дея ёзишган улар.

Бироқ Hectar'да фаолият олиб борувчиларнинг қайд этишича, мактабда бошқа муассасаларда мавжуд бўлмаган нарсалар таклиф этилади. Масалан, 31 ёшли Эстер Эрмуэ виночилар оиласидан. Улар акаси ва опаси билан ота-оналарига тегишли узумзорларни ташлаб кетишмоқчи бўлишган. Чунки унга сарфланган меҳнат ўзини оқламаслигидан қўрқишган. Қўшниларининг фарзандлари ўзларини бир неча марта тонг отмасдан уйғонишни талаб этмайдиган осонроқ ишларга “уришди”.

Аммо Эрмуэнинг айтишича, у Hectar'да ўқиш давомида узумзорлар одатий ҳаёт тарзини мураккаблаштирмай, даромад келтириши мумкинлигига ишонч ҳосил қилди. Мактабда унга қуйидагилар ҳақида билим берилди:

  • фермерлар учун бизнес ёндашувлар ва углерод кредитлар;
  • табиатга камроқ зарар етказиш ва даромадни ошириш учун ерга ишлов бериш;
  • камроқ, бироқ самаралироқ ишлаш;
  • касалланган узум токларини аниқлашда қўлланадиган технологиялар ва ҳоказо.

“Агар акам ва опам билан мазкур соҳада фаолият юритсак, бу нормал ҳаёт тарзига амал қилмаслик ҳисобига бўлмайди. Биз янги иқтисодий моделни аниқлаш ва экологияга зарар келтирмаган ҳолда фойдага чиқишни истаймиз”, – дейди Эрмуэ.

“Эҳтимол, бизнинг тасаввуримиз ҳақиқатга ўхшамаслиги мумкин. Бироқ аслида уни ҳақиқатга айлантириш мумкин”, – дейди Hectar мактаби асосчиларидан бири Ксавье Ньель.

Мавзуга оид